Ёз бошланди: ССВ Ўткир диареядан эҳтиёт бўлишга чақирмоқда

Тўрт фасл тўкис бўлган юртимизда ёз мавсуми бошланмоқда. Табиийки, бу даврда турли витамин ва минералларга бой сархил мевалар пишиб етилади. Қолаверса, ушбу фаслда аҳоли, айниқса, болалар ўртасида авж оладиган мавсумий касалликлар бор. Улардан бири — ўткир диарея.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий саҳифасида диарея бўйича маълумот ва тавсиялар эълон қилинди:

Касалликнинг 2 та тури бор. Булар инфекцион ва ноинфекцион турлари ҳисобланади. Хасталик келиб чиқишига кўпинча гигиена қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлади. Қолаверса, ичбуруғ ёзнинг иссиқ кунларида очиқ ҳавода қолган таом ва егуликлар, жумладан, сут ва сут маҳсулотларини истеъмол қилиш туфайли юзага келиши мумкин.

Шунингдек, болалар кўчадан уйга киргач ва таомланишдан аввал қўлларини совунлаб ювишни унутади. Шу билан бирга, ҳўл мева-сабзавотларни истеъмол қилишдан аввал уларни яхшилаб чайиш ҳам кичкинтойларнинг доимо ҳаёлига келавермайди. Оқибатда оғиз орқали организмга тушган бактерия ва вируслар ичбуруғ, дизентерия, сальмонеллёз каби ўткир юқумли ичак касалликларини қўзғатади.

Яъни организмдаги бактерия ва вируслар ичак шиллиқ қаватини яллиғлайди ва улардан ажралган токсинлар қонга сўрилиб, бутун танани заҳарлайди. Оқибатда 2 соатдан 2 кунгача бўлган инкубацион даврда диареянинг илк белгилари намоён бўлади.

Қолаверса, ичбуруғ овқатдан заҳарланиш, шунингдек хатарли патологиялар, хусусан, сурункали гепатит, панкреатит ва бошқа инфекцион-яллиғланиш касалликларининг аломати бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, айрим дори воситалари ҳамда сут ва сут маҳсулотларида бўладиган лактоза, табиий мева, асалдаги ва айрим ичимликларга қўшиладиган фруктоза углеводларини истеъмол қилиш ҳам ич кетишига сабаб бўлади.

 Касаллик бемор ҳолати ва организмга тушган микроб ёки вирус хусусиятига қараб енгил, ўртача ёки оғир, баъзан типик бўлмаган шаклда ўтиши мумкин.

 

Болаларда оғир кечиши сувсизланиш билан боғлиқ бўлиб, агар бола қусаётган, ичи 5-8 маротабадан кўп келаётган ва тана ҳарорати 38 дан юқори 39 гача кўтарилаётган бўлса, бу ҳолат унда жуда тез сувсизланишга олиб келади. Ўз  вақтида унинг ўрни қопланмаса, фалажлик, инфекцион-токсик шок, нейротоксикоз, ичаклар буралиб қолиши, ўткир буйрак етишмовчилиги, ўпка ва мия шиши, ҳатто, ўлим ҳолатига сабаб бўлиши мумкин.

Бу касаллик, айниқса, гўдаклар ва 3 ёшгача бўлган болалар учун жуда хавфли. Аммо уни даволаш ва олдини олиш мумкин. Шу боис болаларда ўткир диарея кузатилса, тезроқ шифокор қатъий назорати остида танада йўқотилган сув ўрни ўз вақтида қопланса, организм яна нормал ҳолатига қайтади.

ЖССТ болаларда диареянинг хавфлилик даражасини билиш учун тўрт нарсага эътибор қаратиш зарур дея тавсия беради. Яъни, боланинг ҳолсизланиб қолиши, кўз атрофи ва қовоқларнинг осилиши ҳамда кўкариши, қорин соҳасида тери чимчиланса, тезда асл ҳолига қайтмаслиги, сув ичишни кескин рад этиши. Ана шундай ҳолатлар диареянинг оғир даражасидан далолат. Бундай вазиятда зудлик билан “Тез ёрдам” чақириб, болани шифохонага етказиш лозим.

 Ёдда тутинг! Ичбуруғни даволашда ўзбошимчалик билан антибиотикларни қўллаш асло мумкин эмас. Чунки бу ҳолат вазиятни янада оғирлаштириши ва ўткир диареяга дисбактериоз хасталиги ҳам қўшилиши мумкин.

Шундай экан, ота-оналар ёз мавсумида болаларининг овқатланиш рациони, улар истеъмол қилаётган маҳсулотлар сифати, яроқлилиги, хавфли бактерия ва вируслардан холилигига ҳамда фарзандлари озодалилигига ниҳоятда эътиборли бўлишлари керак.

Бунинг учун қўлларни тез-тез совунлаб ювиш, қайнатилган сув ичиш, сабзавот ва мевалар, резаворларни ишлатишдан олдин қайнатилган сувда яхшилаб чайиш, иссиқ овқат тайёрлашда гигиена қоидаларига риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, тез бузиладиган егуликларнинг яроқлилик муддати ва сақлаш шартлари, хомашё ҳамда пиширилган таомларни алоҳида сақлаш лозим.

Шунингдек, гўшт, тухум ва денгиз маҳсулотларини яхшилаб қовуриш ёки қайнатиш, тез бузиладиган егуликлар ва тайёр таомларни музлатгичда сақлаш, янги пиширилган овқатни олдинги кун қолдиқлари билан аралаштирмаслик зарур. Агар пиширилган таом яна бир кун қолса, уни истеъмол қилишдан аввал иссиқлик билан ишлов бериш (қайнатиш ёки қовуриш) керак.

Бундан ташқари, чивин ва суваракларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, уйда доимо тозаликни сақлаш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш, пишириш учун фақат янги маҳсулотлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ, дейилади ССВ хабарида.