Самарқандда Сабантўй ўтказилди

Самарқанд шаҳридаги "Нурафшон" маданият саройида татар ва бошқирд халқларининг миллий байрами муносабати билан Сабантўй тадбири ўтказилди.

Унда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, миллий маданият марказлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар бу байрам татар халқининг деҳқончилик маданиятини тараннум этиши билан бирга халқларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини эътироф этди.

- Ўзбек, татар, бошқирдлар тили, дини ва маданиятидан келиб чиқиб, бир қардош халқлардир, - деди Татар-бошқирд миллий-маданий маркази раиси Ахмед Субҳонқулов. - Бугун юртимизда татар миллатига мансуб аҳоли ўзбеклар билан бирга аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Халқлар орасидаги дўстлик давлатимизнинг асосий бойлигидир. Сабантўй байрами эса қардошликни янада яқинлаштиришга асос бўлмоқда.

Маълумон ўрнида: Сабантўй - "шудгор байрами". Бу татарлар ва бошқирдлар ўртасида баҳорги дала ишлари тугашини билдирувчи байрам, ҳар йили ўтказиладиган халқ сайлидир. Сабантўй бутун дунёда нишонланади.

Тадбирда татаристонлик ва вилоятимиз санъаткорлари ҳамда миллий маданият марказлари томонидан ташкил этилган концерт дастури намойиш этилди.