ЙТҲга учраган Туркия фуқаросига ёрдам кўрсатилди

2019 йил 21 ноябрь куни соат 11:10 ларда «Қамчиқ» навбатчилик қисмига «Қамчиқавтойўл» ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг навбатчи-диспетчери томонидан хабар келиб тушган.

ФВВ хабарига кўра, «Тошкент-Водий» йўналишида ҳаракатланган Туркия Республикаси фуқароси А.Х. бошқарувидаги юк машинаси «Тошкент-Ўш» автомобиль йўлининг 249-километрида бошқарувни йўқотиб, йўлдан чиқиб кетган.

Воқеа жойига тезкорлик билан 11 ва 12-назорат постлари қутқарувчилари ҳамда «Қамчиқ» қутқарув отрядидан қутқарув гуруҳи етиб борди.

Юк машинасини хандақдан чиқариб олиш учун «Трансйўлқурилиш» компаниясининг 50 тонналик автокрани, «Қамчиқавтойўл»дан 1 та юкловчи техникалари жалб этилди. Шундан сўнг юк машинаси ўз йўналиши бўйича ҳаракатни давом эттирган.

Қайд этилишича, содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи тан жароҳати олмаган.