"Қамчиқ" довонида "бензовоз" ёниб кетган, салонидаги икки киши ҳалок бўлган

Бугун, 1 июль куни соат 14:25 да Тошкент-Ўш халқаро автомобиль йўли «Қамчиқ» довонининг 260-километрида Фарғона водийси томон ҳаракатланаётган ёқилғи ташувчи юк машинасида (бензовоз) ёнғин келиб чиққан.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юк машина ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиши оқибатида содир бўлган.

Фавқулодда вазият юзага келган жойга ФВВнинг «Қамчиқ» махсус қидирув ёнғин-қутқарув бошқармаси зудлик билан етиб борган. Қутқарувчилар ёниб кетган юк машинасини тезда ўчиришга эришган.

Афсуски, ушбу ҳодиса оқибатида ёқилғи қуйиш машинасининг салонида бўлган икки киши ҳалок бўлган.