Йўловчи ташувчи "Газель" ёниб кетди

Бугун ижтимоий тармоқларда 8 нафар йўловчиси бўлган "Газель" ёниб кетгани ҳақида хабар тарқалди. Бундан хабар топган кўпчилик кишилар "Йўловчиларга шикаст етмаганмикан ишқилиб?", деган мазмунда ҳадик билан мурожаат қилмоқда.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси ахборот хизмати хабарига кўра, бугун, 26 июль куни соат 9:10 ларда Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Қорасарой кўчасида ҳайдовчи М.Р. 8 нафар йўловчи билан «Газель» русумли автомобилни бошқараётиб двигатель қисмида қисқа туташув юзага келганлиги сабаб зудлик билан тўхтаган.

Йўловчилар дарҳол автомобилдан туширилган. Қисқа туташувдан сўнг ёнғин юзага келган. Ёнғин ўт ўчирувчилар томонидан бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ. Фақат транспорт воситасига зарар етган.

Мазкур ҳодиса юзасидан Олмазор тумани ФВБ ва ЙҲХБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилиб, ёнғин юзага келиш сабабларига аниқлик киритилмоқда.