Қамчиқда яна бир юк машинаси йўлдан чиқиб кетди

Жорий йилнинг 16 ноябрь куни соат 11:40 да “Қамчиқ” навбатчилик маскани диспетчерига Бухоро вилояти Когон туманида туғилган Р.Ш. бошқарувидаги “Исузу” русумли юк машинаси А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 248-километрида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги хандаққа (кюветга) тушиб кетганлиги тўғрисидаги маълумот келган.

Бунинг оқибатида “Исузу” юк машинаси ағдарилиб, машина ҳайдовчиси ва йўловчисига ўрта даражадаги тан жароҳати етган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур мурожаат юзасидан воқеа жойига “Резак” навбатчилик маскани гуруҳ командири, катта сержант А.Эргашев бошчилигидаги қутқарув гуруҳи тезкорлик билан етиб борган. Қутқарувчилар томонидан “Исузу” юк машинаси ҳайдовчиси ва йўловчиси машина ичидан чиқариб олиниб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шундан сўнг жабрланганлар Поп тумани марказий шифохонасига етказилган.