Юк машинаси ҳайдовчиси темир йўл кесишмасидан ўтиш қоидасини бузганлиги учун жаримага тортилди

2011 йилда “Тошкент-Самарқанд”, 2015 йилда “Тошкент-Самарқанд-Қарши” ҳамда 2016 йил сентябрь ойидан “Тошкент-Самарқанд-Бухоро” йўналишлари бўйича “Афросиёб” тезюрар электропоездлари қатнови йўлга қўйилиб, бугунги кунда ҳафтанинг ҳар куни белгиланган вақтларда ушбу тезюрар электропоездларнинг мунтазам қатнови амалга оширилмоқда.

“Афросиёб” тезюрар электропоезди Нарпай тумани ҳудудида жойлашган темир йўл кесишмаларидан ўтиш вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида барча темир йўл кесишмалари реконструкция қилиниб, қўриқланадиган тоифага ўтказилди ва мунтазам равишда назорат қилиб борилмоқда.

Темир йўл кесишмаларида содир бўладиган йўл-транспорт ҳодисалари фуқароларнинг улими ёки тан жароҳати билан боғлиқ оғир оқибатларга олиб келиши билан биргаликда транспорт воситалари ва поездларнинг техник носоз ҳамда ташилаётган юкларнинг яроқсиз ҳолатга келишига, уларнинг ҳаракатланиши маълум вақтга тўхтаб қолишига, бу эса ўз навбатида давлатимизга катта моддий ва маънавий зарар етказилишига олиб келишини унутмаслигимиз зарур.

Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида туман ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан доимий равишда тушунтириш ишлари олиб борилаётганлиги ҳамда қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилаётганлигига қарамасдан, айрим фуқаролар (ҳайдовчилар) томонидан темир йўл кесишмаларидан ўтишда “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларини бузиш ҳолатлари ҳанузгача давом этмоқда.

Мисол учун, Нарпай тумани, Ислом Шоир МФЙ, Дурмон қишлоғида яшовчи фуқаро, 1995 йилда тўғилган Эшниёзов Ш. 2019 йил 21 ноябрь куни ўз бошқарувида бўлган “ISUZU” русумли 30 К 037 QA юк автомашинасида туман ҳудудидан ўтувчи, қўриқланадиган темир йўл кесишмасидан ўтишда “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларини бузганлиги учун маъмурий баённома расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 130-моддаси 1-қисмини қўллаган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробари миқдорида, яъни 669000 сўм жаримага тортилган.

Ж.ИСМАТУЛЛАЕВ,

Нарпай тумани ИИБ ЙҲХГ катта инспектори вазифасини бажарувчи, катта лейтенант.