"Юрагимга энг яқинларим!"

Бугун каттақўрғонлик таниқли шоира Эркатош Шукурова 70 ёшга тўлди.

Эркатош опа 1952 йилда Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Самарқанд давлат педагогика институти (ҳозирги СамДУ)нинг тил ва адабиёт факультетини тугатган.
"Ўзи бўлиб яшайман", "Кўкламга нома", "Қомати  шамшодим", "Намозшомгулим", "Каттақўрғон илҳомлари", "Ишқли дунё", "Дил сўз", "Мезон қўшиқлари", "Ранглар оралаб", "Соғинч ранги", АҚШда инглиз тилида "Ой тўлган кеча" китоблари нашрдан чиққан.
Шеърлари рус, инглиз, ҳинд, итальян тилларига таржима қилинган.
Эркатош опа бугунги кунда қизғин ижод билан банд.
Биз опани табаррук ёши билан қутлаб, мустаҳкам соғлиқ, жўшқин ижод тилаймиз.

***

ВАТАН
Юрагимга энг яқинларим,
Қуёш, ойим, чақинларим,
Дўстим, онам, сингилларим,
Онам дедим, Ватаним дедим.

Кириб келса бодом гулида,
Қизғалдоқлар ўнгу сўлимда,
Етакласа аста қўлимдан,
Онам дедим, Ватаним дедим.

Кечалари бешик тебратиб,
Алла айтганда эркалатиб
Шаънига мен қўшиқлар битдим,
Онам дедим, Ватаним дедим.

Энг тоза гул ифорларини,
Субҳи сабо, наҳорларини,
Севдим Наврўз, баҳорларини,
Онам дедим, Ватаним дедим.

Ниҳол экдим, боғ, чорбоғ қилдим,
Мева берди, кўнглим чоғ қилди,
Шодликларим беадоғ эди,
Онам дедим, Ватаним дедим.

Бир кун бехос тўфон ўкириб,
Шарт кўксимга панжасин уриб
Юрагимни олди суғуриб,
Ҳайқирдим мен, о-о-н-а-а, дедим.
Онам дедим, Ватаним дедим.

Тушиммиди, ўнгимми, билмам,
Бўлиб кетди дунё чархпалак,
Ситамларинг каммиди, фалак?
Онам дедим, Ватаним дедим.

Фарёдларим ларзага солди,
Уюм-уюм тўкилди тоғлар,
Ўзимни, ҳушимни йўқотдим,
Онам дедим, Ватаним дедим.

Ўлмадим, йўқ, яна уйғондим,
Сабрим шамолларга сочдим жим,
Меҳрин тутди, даст тутди қўлим,
Ватан дедим, жон, онам дедим,
Она дедим, Ватаним дедим.

ҒАЮРГА
Сенга нима ишим бор менинг?
Суйганим гул, гулбаҳор менинг.
Айтай, сенинг қарғишларингмас,
Ўлдирса ишқ ўлдирар мени.

Сенга нима ишим бор менинг?
Тиловатим ҳар наҳор менинг.
Наволарга тўлсин юрагим,
Хонишларим ўлдирар сени.

Сенга нима ишим бор менинг?
Бахтиёрман, бахтим ёр менинг.
Менга бир пашшача келмассан,
Юришларим ўлдирар сени.

Сенга нима ишим бор менинг?
Мен бор жойда дунёнг тор сенинг.
Тўкилиб-тўкилиб кетаверасан,
Кулишларим ўлдирар сени.

Сенга нима ишим бор менинг?
Дилда фақат Ҳақ ва ор менинг,
Эркатош деб отилиб чиққан
Қўшиқларим ўлдирар сени.

Эркатош ШУКУРОВА.