Юртимизда илк мадҳия қачон, ким томонидан ёзилган?

Мадҳия - мақтов қўшиғи, қасида. Бирор шахс, нарса, воқеани мақтаб ёзилган, ўқилган шеър ёки нутқ. Мадҳ, мақтов.

Қадимда мадҳия диний мазмунга эга бўлиб, уларда асосан қадимги юнон маъбудлари шарафланган. Кейинчалик ҳукмдорлар, азиз-авлиёлар шарафига битилган мадҳиялар пайдо бўлган.

Қадимги шарқда мадҳия сўзи билан бирга қасида ҳам ишлатилган. Ўзбек мумтоз адабиётида қасиданинг илк намуналари «Девону луғотит турк» асарида учрайди. Кейинчалик Саккокий, Лутфий, Гадоий, Амирий ва Навоийлар ижодида қасида юқори босқичга кўтарилган.

Хусусан, Саккокийнинг Мирзо Улуғбекка аталган  қасидалари, Алишер Навоийнинг Ҳусайн Бойқарога атаб битилган “Ҳилолия” қасидаси шулар жумласидан.

Ҳар бир давлат мадҳияси ўша юртнинг давлат тилида ёки энг кўп қўлланиладиган тилларнинг бирида ижро этилади. Масалан, Швейцарияда давлат мадҳиясининг ҳар тўрттала (француз, итальян, немис ва фламанд) тилдаги варианти яратилган.

Сингапурда тўртта давлат тили бўлгани ҳолда, мадҳия фақат малай тилида ижро этилади...

Ўзбек давлатчилиги тарихида миллий мадҳиялар ҳам алоҳида ўрин тутиб келган. Қадимги турк ҳоқонлиги, қорахонийлар, ғазнавийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар даврида қўшинларнинг алоҳида саф қўшиқлари, ҳарбий маршлари бўлган. Жанг пайтида махсус мусиқачилар табл, карнай, бурғу, ноғора ва бошқа махсус асбобларда жанговар мусиқаларни ижро этишган. Бу аскарларга ўзига хос жўшқинлик бахш этган.

Замонавий кўринишдаги давлат мадҳияси илк бор юртимизда Туркистон Мухторияти даврида яратилган. Гарчи, Туркистонда турли халқлар ва миллатлар яшаса-да, мадҳия матни айнан ўзбек тилида, буюк шоиримиз Абдулҳамид Чўлпон томонидан битилган ва 1917 йил 29 ноябрда қабул қилинган. Унда қуйидаги мисралар бор эди:

Кўз очинг, боқинг ҳар ён,

Қардошлар, қандай замон!

Шодликка тўлди жаҳон,

Фидо, бу кунларга жон!

Афсуски, бу давлат дунё саҳнасида 72 кун яшади, холос. У маҳв этилгач, табиийки, мадҳия ҳам йўқолди.

Совет иттифоқи даврида Ўзбекистон гимни 1947 йилда қабул қилинган. Унинг матнини Туроб Тўла ва Темур Фаттоҳ ёзган. Мутал Бурхонов мусиқа басталаган эди. 1956 йилда гимн матнига жузъий ўзгартиришлар киритилган.

Мустақил Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси эса 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган. Унинг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурхонов яратган.

Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Шунингдек, мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ тайёрлади.