“Зарафшон” – сўз дарёси
Самарқанд ҳақида ўйлаганимда оташнафас шоиримиз Ҳамид Олимжоннинг қуйидаги мисралари ёдимга келаверади: "Зарафшонни лойлатиб кечган, чавандозлар бордир бу элда".
Нега дейсизми? Чунки Самарқандга қайси тарафдан келсангиз ҳам Зарафшон дарёси ёки унинг бирон ирмоғи орқали кирасиз. Шу боис Зарафшонни маълум маънода Самарқанднинг рамзий тимсоли, дейиш мумкин.
... Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганидан кейин республикамизда нашр этиладиган аксарият газета ва журналларнинг номи ўзгарди. Шулар орасида энг муваффақиятли чиққанларидан бири, менингча, “Зарафшон”дир. Шўро даврида “Ленин йўли” номи билан чиққан вилоят газетаси истиқлолдан кейин “Зарафшон” деб аталгани жўғрофий жиҳатдан ҳам, мантиқ нуқтаи назаридан ҳам ниҳоятда тўғри, адолатли бўлди. Бу фикр, бу ташаббус кимдан чиққан бўлса ҳам отасига минг раҳмат! Зеро, газета ҳам мисоли бир дарё, сўз дарёси. Дарё рўйи заминга, инсониятга оби ҳаёт олиб келса, газета жамиятга, инсониятга маънавий, руҳий озуқа беради. Дарё табиат ва инсониятнинг ботиний кирини тозаласа, газета жамият ва инсониятнинг зоҳирий кирини тозалайди, қалбига нур бағишлайди, дунёқарашини ўзгартиради, кўзини очади. Дарё гоҳ сокин оқади, гоҳида тўлиб-тошади, пишқиради, ҳайқиради. Ва одамларни ҳушёр бўлишга мажбур қилади. Газета ҳам яхши, ёқимли сўзлар билан одамлар дилига ором беради, баъзан жамият, инсонлар ҳаётидаги камчиликлар, иллатлар, нуқсонлар ҳақида аччиқ сўзлар айтади, бонг уради. Бу билан одамларни камчилик ва нуқсонларга нисбатан бефарқ бўлмасликка, адолатли, ҳақиқатпарвар, энг муҳими, элсевар бўлишга даъват этади. Аён бўладики, дарё ва газетанинг вазифаси моҳиятан уйғун.
Шуларни ўйлаганимда ота юртим Самарқандимнинг икки Зарафшони бир-бирини тўлдириб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келаётгандан мамнунлик туяман, кўнглим равшан тортади.
Шоир Зарафшон дарёсини лойлатиб кечган чавандозлар ҳақида сўз юритган. Буюк шоиримизнинг руҳи олдида таъзим қилиб, изн сўраган ҳолда “Зарафшон” газетасини “лойлатиб кечган чавандозлар”нинг айримларни эслаб ўтишни лозим топдим.
Мен бу газета билан ўқувчилик йилларимдан дўстман, ҳамкорман. Газета таҳририятида турли лавозимда ишлаган Нуриддин Шукуров, Аҳмаджон Мухторов, Марди Нуриддинов, Самариддин Сирожиддинов, Суръат Орипов каби олим, шоир ва ёзувчилар билан кўп мулоқот қилганман, устозларнинг маслаҳат ва йўл-йўриқларидан баҳраманд бўлганман, тенгдошларимиз билан адабиёт, журналистика, умуман, ҳаёт ҳақида баҳс-мунозаралар қилганмиз. Ўқувчилик давримда газетада каптарнинг патидек хабарим чиқса, ҳатто таҳририятга жўнатган “мақола”мга таҳририят бланкасида ёзилган ва таҳририят конвертига солинган жавоб хати келса (у пайтларда таҳририятларга келадиган ҳар бир хатга, ҳажми, жанридан қатъи назар, жавоб ёзилар эди) осмонларга учгудай суюниб, еру кўкка сиғмай юрганларим ҳамон ёдимда... Бу газета, бу таҳририят билан боғлиқ таассуротларим бир олам...
Тақдир тақозоси билан Тошкентда ўқидим ва шу ерда яшаб қолдим. Қачон Самарқандга йўлим тушса тўғри “Зарафшон” (“Ленин йўли”) таҳририятига борар эдим. У ерда менинг синфдош жўрам Асад Дилмурод ишларди. Асад орқали таҳририятдаги бошқа ходимлар, жумладан, Нусрат Раҳматов, Суръат Орипов, Абдусодиқ Муртазоев, Абдурашид Абдураҳмонов, Ҳабиб Темиров, Ғулом Алиев сингари ёзувчи ва журналистлар билан танишганман. Нусрат Раҳмат билан кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси таҳририятида бирга ишладик. Саксон ёшдан ошганига қарамай ҳамон фаол ижод қилаётган бу адиб акамизнинг ижодига ҳам, оиласига, турмуш тарзига ҳам ҳавасдаман. Аллоҳ умрини узоқ қилсин.
Асад таҳририятдаги фаолиятини мусаҳҳиҳликдан бошлаб, масъул котиб даражасигача борди. Нуриддин Шукуровдай адабиёт билимдони, Аҳмаджон Мухторовдай фидойи журналист раҳбарлигида ишлагани Асад учун ўзига хос ижод мактаби вазифасини ўтади. Натижада Асад бир қатор публицистик мақолалар, ўнлаб ҳикоялар, қиссалар ва бир неча роман ёзди. Унинг тарихий мавзудаги ҳикоялари, қиссалари, Паҳлавон Муҳаммад, Маҳмуд Таробий каби тарихий шахслар ҳақидаги романлари ўқувчилар ва адабиётшунослар эътиборига сазовор бўлди.
Қисқача айтганда, Асад Дилмуроднинг ижодий фаолияти шаклланишида “Зарафшон” таҳририяти ўзига хос мактаб вазифасини ўтади. Бу мактабдан Асаддан олдин ва ундан кейин ҳам кўплаб ижодкорлар чиққанини бугун ифтихор билан таъкидлаймиз.
... Аксарият босма нашрлар тақдири қил устида турган бугунги кунда ҳам “Зарафшон” ўз позициясида қатъий турибди. Вилоятда амалга оширилаётган кенг кўламли янгилик ва ўзгаришларни тарғиб қилиш баробарида аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳам дадил кўтариб чиқаётир. Шу маънода “Зарафшон”ни Самарқанд вилояти ҳаётининг кўзгуси, дейиш мумкин. Бунга эришиш ҳозирги даврда осон эмас. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли шоир Фармон Тошев раҳбарлигидаги жамоа ана шу қийинчилик ва машаққатларни тўла ҳис этган ҳолда газетанинг бир асрлик анъанаси, йўли ва услубини сақлаб қолиш, наинки сақлаш, балки уни замон руҳи билан бойитиш учун, газета давр билан ҳамқадам бўлиш билан кифояланмай, даврдан лоақал бир қадам олдинда юриши учун фидокорона хизмат қилмоқда.
Дарвоқе, бу йил мамлакатимиздаги оқсоқол нашрлардан бўлган “Зарафшон” 110 ёшга тўлаяпти! Муборак бўлсин! Газетанинг ҳам, уни бугунги талабчан, нозик дидли ўқувчиларга манзур қилиш учун кўз нурини, ақл-заковатини аямай меҳнат қилаётган журналистлар, техник ходимлар, жамоанинг барча аъзосига куч-қувват, сўнмас илҳом, жасорат ва сабр тилайман.
Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ.