Zarafshonbot’га мурожаат: Мактабга кузатув камералари ота-оналар ҳисобидан ўрнатиладими?

Иштихон тумани Халқобод қишлоғидаги 5-мактабнинг 1-синф ўқувчиларидан муассасага кузатув камералари ўрнатиш учун 80 минг сўмдан пул йиғишяпти.

Ўзим мавсумий ишларда меҳнат қилиб, рўзғор тебратаман. Уч нафар фарзандим бор. Икки нафари мактабга қатнайди. Шундоғам уларнинг еб-ичиши, кийим-кечаги каби харажатларига пул топиб беришга қийналаётган эдим. Рости, мактабда бундай харажатлар ҳам борлигини эшитиб, имконим етмаётганидан фарзандларим олдида изза бўлдим.

Мактабимизнинг 1-синфида тўртта гуруҳда 100 нафардан зиёд бола ўқиса, йиғилган пул 8 миллион сўмдан ошиб кетар экан. Наҳотки, мутасаддилар ота-оналар ҳисобидан мактабларга камера ўрнатса?

Ижтимоий тармоқларда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “мактабларда турли баҳоналар билан ўқувчилар ва ота-оналардан пул йиғиш мумкин эмас”лиги ҳақидаги огоҳлантиришларига мактаб мутасаддилари амал қилмас эканда-а!?

Равшан КАРИМОВ.