@zarafshonbot‘га мурожаат: Қишлоқ аҳолиси чорва молларини боқадиган яйловлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиняпти
Нуробод тумани Булоқбоши маҳалласи, Сепки қишлоғидан мурожаат қиляпмиз.
Қишлоғимиз аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланиб келади. Чунки ҳудудда истиқомат қилувчиларнинг шундан бошқа даромад манбаи йўқ.
Яқинда қўшни Ағрон қишлоғилик Қобул Яхшибоев шахсий чорва моллари учун отар қуриб, молларимизни боқадиган яйловларни эгаллаб олгани одамларимизнинг норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ҳукумат қарори билан чорва боқишга мўлжалланган яйловлар ҳам кластер асосида назорат қилиниши белгиланганидан хабаримиз бор. Аммо “SP LUXE” МЧЖ раҳбари Улуғбек Рустамов қишлоқ чорва молларини боқишимиз учун 3 минг гектар ер ажратиб беришни ваъда қилган эди. Афсуски, мутасадди ўз ваъдасини бажармаяпти. Унинг устига қишлоғимиз атрофидаги ерларни Қ.Яхшибоев ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, “Бу жойлар меники, кластердан ҳужжатларим бор. Молларингни бу ерда боқманглар”, дея одамларни бу ерга қўймаяпти.
Яйловлардан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, аҳоли норозилигини келтириб чиқараётган бу ҳолатга ким барҳам беради?
Сепки қишлоғининг бир гуруҳ оқсоқоллари.