«Зарафшон»нинг бугунги (2020 йил 29 февраль, №27) сонида ўқинг

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тўртинчи сессиясида вилоятда ёшларнинг бандлик даражасини ошириш ва Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус доирасидаги ишларни кучайтириш масаласи муҳокама қилинди. Унда кўп муаммолар асосан ишсизликдан, ёшларнинг доимий даромад манбаига эга эмаслигидан келиб чиқаётгани, “Ёшлар – келажагимиз” дастури асосида ёшларга ажратилаётган имтиёзли кредитларда камчиликлар мавжудлиги ҳақида айтилди. Вилоятдаги тўрт сектор раҳбари – вилоят ҳокими, вилоят прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўз ҳудудида ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ва бу йилги режалар ҳақида маълумот берди. Афсуски, депутатларнинг фаоллиги сезилмади. Бир нафаргина депутат тўртинчи сектор раҳбарига савол берганини айтмаса, бошқа депутатлар секторлар раҳбарларига на савол берди, на таклиф.

***

Самарқанд шаҳридаги Даҳбед ва Рудакий кўчалари чорраҳасидаги қатор савдо, хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган бинолар ёнидаги кафтдай жойда ўнлаб «Дамас»лар шундай жойлашганки, уларнинг моҳирлик билан тиғиз қўйилганидан ақлинг шошади. Атрофдаги бақир-чақиру, ғала-ғовур бозордагидан ўтиб тушади. Хуллас, худди мана шу жойдан Оқдарё, Пайариқ, Иштихон, Қўшработ туманларига транспорт қатнайди. «Автотураргоҳ» қоидалари бу ерда ҳам бор. Йўловчилар учун қулай жойда, нақ машиналарнинг тутуни остида нон, қанд-қурс очиқ-сочиқ сотилади. «Дамас»лар ҳам ўз навбатида шу кафтдай жой учун «стояншик»ка пул ташлаб, йўлга равона бўлишади. Бу ердаги тартибсизлик ҳеч кимнинг - на раҳбарларнинг, на назорат ташкилоти мутасаддиларининг парвойига келмаяпти...

***

30 февраль қачон келади? Ҳа, тўғри ўқидингиз: 30 февраль уйдирма эмас, келажакда ана шундай кун келиши мумкин экан. Тарих фанлари номзоди Александр Байрамов «АиФ» ҳафтаномасида ёзишича, бир неча йил аввал оммавий ахборот воситаларида тропик ва календарь йилларини бир-бирига мувофиқ келмаслиги оқибатида 3328 йилга бориб хатолар тўпланиб, ортиқча бир кун пайдо бўлиш ҳақида хабарлар тарқалган эди. Яъни, амалдаги қоидага биноан яна февраль жабр кўради. Уни бир суткага узайтиришга тўғри келиб, календарга 30 февраль деб ёзиш лозим бўлади.