Зеленский: "Путин билан муроса қилиб бўлмайди"
Украина президенти Владимир Зеленский ББC халқаро шарҳловчиси Жон Симпсонга берган интервьюсида Россия билан муросага келиш эҳтимоли, Европанинг қўллаб-қувватлаши, Беларус билан муносабатлар ва Россиянинг баҳорги ҳужуми ҳақидаги саволларга жавоб берди.
Зеленскийнинг интервьюси 2022 йил 24 февралда бошланган Россиянинг кенг кўламли босқинининг бир йиллигига тўғри келди. Зеленский Симпсон билан суҳбатда Украина ҳудудларини Россияга топшириш хато бўлишига яна бир бор ишонч билдирди. Чунки бундан кейин Россия “яна қайтишни бошлайди” ва фақат Ғарб қуролларини етказишгина тинчликни яқинлаштириши мумкин.
Шу билан бирга, Украинанинг Қрим ёки Донбассдаги ҳудудий ён бериш “мамлакатимиз ва Европанинг марказида бомба пайдо бўлишига олиб келади", дея ишонч билдирди Украина президенти.
Россия баҳорда ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақидаги саволга жавобан Зеленский ҳужум аслида бошланганини айтди.
Украина президентининг фикрича, Украина Қуролли кучлари рус қўшинлари ҳужумини ушлаб туриш ва қарши ҳужумга ўтишга қодир, аммо бунинг учун Ғарб давлатларидан кўпроқ ёрдам керак. "Замонавий қуроллар албатта тинчликни яқинлаштиради. Қурол тили – Россия тушунадиган ягона тилдир", - дейди у.
Шу кунларда Украина иттифоқчилари Украина Қуролли кучларини ҳарбий самолётлар билан таъминлаш имкониятини муҳокама қилмоқда. Британия Бош вазири Риши Сунакнинг айтишича, бундай таъминот бўлиши мумкин, аммо Германия ва Қўшма Штатларда улар ҳали ҳам рад этилмоқда.
Зеленский, шунингдек, пайшанба куни “агар у ердан Беларус ҳудудига ҳеч бўлмаганда битта аскар менинг халқимни ўлдиришга келса” Украинага қарши урушга тайёрлигини айтган Беларус етакчиси Александр Лукашенко билан муносабатларга ҳам тўхталди.
"Умид қиламанки, Беларус урушга қўшилмайди. Агар шундай бўладиган бўлса, биз курашамиз ва омон қоламиз", - деди Зеленский ва Россия армиясининг Украинага қарши ҳужуми учун трамплин бўлиш Беларус учун катта хато бўлишини қўшимча қилди.