Зилзилага тайёрмизми?
Янги бино ва иншоотлар сейсмик хавфсизлик талабларига жавоб берадими?
Бу саволларга бугун нафақат расмийлар, балки қурилиш соҳаси мутахассислари ҳам жавоб беришга қийналади. Сабаби Туркия, Япония, Тайван сингари ривожланган давлатларда содир бўлган зилзилалар ва уларнинг оқибатлари нафақат бизни, балки дунё ҳамжамиятини сергак торттирди. Табиатнинг бу ҳодисасига беписант муносабат нечоғлик оғир оқибатларга олиб келишини амалда кўрдик.
Аслида, халқимиз зилзила нима ва қандай вайронкор кучга эга эканлигини яхши билади. Юртимизнинг сейсмик фаол ҳудудида жойлашган қисмида рўйхатга олинган энг кучли зилзилалардан бири 1902 йилнинг 16 декабри, эрталаб соат 10:00да Андижон шаҳрида рўй берган. Ўша куни учта 9 балли ва ундан юқори кучга эга турткилар шаҳар ва унинг атрофидаги қурилишларни яксон қилган. 1946 йилнинг 3 ноябрида Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг катта ҳудудини қамраб олган Чотқол зилзиласи, 1966 йилнинг 26 апрелида Тошкент зилзиласи, 1976 йилнинг 8 апрелида икки қайталаган Газли зилзилалари келтирган кулфатларни ёши улуғларимиз яхши эслашади. Бироқ кейинги вақтларда бу “тажриба” бир оз эсдан чиқарилгандек.
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида бўлиб ўтган Президентнинг 2024 йил 17 апрелдаги “Бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш ҳамда сейсмик хавфни мониторинг қилиш фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросига бағишланган матбуот анжуманида айни масалалар муҳокама қилинди. Унда қурилиш корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари раҳбар ходимлари, журналист ва масъуллар иштирок этди.
Дастлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кафедра мудири, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Эркабой Собиров, Ўзбекистон Фанлар академияси механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти илмий ходими Миржалол Холиқов янги қарорнинг аҳамияти, унда белгиланган устивор вазифалар ҳақида маълумот берди. Таъкидланганидек, бугун бизда биноларнинг зилзила ва бошқа омиллар сабаб кўрган зарари даражасини аниқлаш, уларни бартараф этиш, умуман, қурилиш ишларида сейсмоизоляция ва демпфер ускуналаридан фойдаланиш масаласига эътибор талаб даражасида эмас. Қарор бу жараённи тартибга солиб, соҳада замонавий технологияларни қўллаш вазифасини қўяётгани билан аҳамиятли.
Унга мувофиқ, 2024 йилнинг 1 июнидан МСК-64 шкаласи бўйича 8 ва ундан юқори баллик сейсмик фаол зоналарда янги қурилиши режалаштирилаётган 5 қаватдан юқори тиббиёт объектлари ҳамда 9 қаватдан юқори биноларни актив сейсмик ҳимоялаш қурилмалари, шу жумладан, сейсмоизоляция ва демпфер ускуналари билан лойиҳалаш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Шу санадан республика ҳудудида бўлиб ўтган зилзилалар мониторинги, уларнинг илмий таҳлили ва фаол тектоник ер ёриқларининг ҳаракатлари орқали яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш амалиёти қўлланилади. Бунда сейсмопрогностик мониторинг амалга оширилишини ташкил этиш, бўлиб ўтган зилзилаларнинг рақамли маълумотлар базасини шакллантириш ва қайта ишлаш Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази томонидан, зилзилаларнинг вужудга келиш механизми, даражаси ва зилзила даракчиларининг турли геодинамик жараёнларда намоён бўлиши, шунингдек, яқин келажакда кутилаётган кучли зилзила хавфи бор ҳудудларни аниқлаш Фанлар академияси томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб эса янги қурилиши режалаштирилаётган хавфлилик омили III - IV тоифа бўлган объектларга бино ва иншоотларнинг юк кўтарувчи конструкцияларига автоматик мониторинг қилиш ускунасини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланмоқда. Бу ускуналардан олинадиган маълумотлар ягона базага киритилиш орқали доимий назорат қилиб борилади.
— Сўнгги 10 йилда дунёда содир бўлган фалокатли зилзилалар оқибатида 914 минг киши қурбон бўлган, 2,5 миллиондан ортиқ киши жабрланган, умумий иқтисодий зарар эса 360 миллиард долларни ташкил этган, - дейди Миржолол Холиқов. – Тўғри, техника ва технологияларнинг ҳозирги тараққиёти билан ҳам зилзиланинг қачон ва қаерда бўлишини аниқ айтиб бера олмаймиз. Лекин биз зилзилага тайёр бўлсак, бунинг аҳамияти йўқ. Айни мақсадда сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлигини ошириш тизимини такомиллаштириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Режада бугунгача фойдаланувда бўлган бино ва иншоотларни ҳам назоратдан ўтказиб, зилзилага бардошлилиги оширилиши белгиланган.
Куннинг иккинчи ярмида вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармасида семинар ўтказилиб, жойлардаги қурилиш объектларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.