Зоминда 136 миллион евролик цемент заводи қурилади
Зомин туманида 136 миллион 700 минг евролик цемент заводи, 12 миллион долларлик темир-бетон маҳсулотлари тайёрланадиган завод қурилмоқда, деб хабар беради газета.uz.
Жиззах вилоятнинг Зомин туманида йирик қувватли завод ва корхоналар ташкил этиш бўйича амалий ишга киришилган. Даштобод шаҳарчасида узоқ йиллар бўш ётган 40 гектар ерда барпо этилаётган «Зомин-цемент» шаҳарчадаги илк саноат корхонаси бўлади. 136 миллион 700 минг евро қийматидаги мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши 400-чидан 700-чи маркагача бўлган юқори сифатли цемент ишлаб чиқариш имконини беради.
«Лайлакуя» қишлоғида яна бир йирик корхона — «Зомин махсус плита» заводи қурилиши давом этмоқда. Испания билан ҳамкорликда ташкил этилаётган мазкур саноат объектида уй-жой қурилиши учун темир-бетон маҳсулотлари тайёрланади. 12 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа доирасида Испания ва Италиядан келтирилган энг замонавий технологик линиялар ишга туширилади.
Даштободда янги қувватларни ташкил этиш билан ҳудуд қиёфасини ўзгартиришга қаратилган ишларга ҳам фаол киришилган. «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида дастлаб Зиё деб номланувчи марказий кўча бўйидаги эски, пастқам уйлардан воз кечилиб, уларнинг ўрнида барча шароитларга эга янги уйлар қад ростлади. Қурилган 134 та уйлар калити тез кунларда ўз эгаларига топширилади.
79 та уй кўча бўйини тўлдириб турган Қорасоч Отақулова кўчасида ҳам қурилиш ишлари бошланган. Ихчам, замонавий 92 та уй шу йилнинг ўзида қуриб битказилади, бундан ташқари замонавий бозор, 50 ўринли меҳмонхона, минимаркет, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда тикувчилик мажмуаси ишга туширилади.