“ZO‘R” (“Класс”) лойиҳасининг биринчи босқичи якунлари бўйича ўқитувчиларга сертификатлар топширилди

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамкорлигида “ZO‘R” (“Класс”) лойиҳасининг 1-босқичи якунлари бўйича ижобий натижа кўрсатган педагогларга сертификат топширишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда бошқарма бошлиғи З.Шодиева мазкур ҳамкорлик орқали вилоятимиз мактабларида рус тилини ўқитиш, ўргатиш сифати сезиларли даражада яхшиланаётганини алоҳида таъкидлади.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Россия маориф вазирлиги билан ҳамкорликдаги республикамиз мактабларида рус тили фани ва умумтаълим фанларини рус тилида ўқитишнинг сифатини оширишга қаратилган “ZO‘R” (“Класс”) лойиҳасининг 1-босқичида вилоятимиз умумтаълим мактабларининг 400 нафар ўқитувчиси иштирок этди. Улардан олинган тестлар натижасида ўқитувчиларнинг 217 нафари рус тилини билиш бўйича С1 даражаси сертификатига эга бўлди. 383 нафар ўқитувчининг педагогик компетенцияси юқори баҳоланди. Ўқувчиларнинг рус тилини билиш даражасини аниқлаш тестлари натижаларига кўра, 32 нафар 9-синф ўқувчиси В1, 33 нафар 11-синф ўқувчиси В2 даражадаги сертификатларни қўлга киритди.

Тадбирда С1 даражадаги сертификатга эга бўлган ўқитувчиларга сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Вилоятимизда энди “ZO‘R” (Класс) лойиҳасининг 2-босқичи бошланад . Бунда Герцен номидаги Россия давлат педагогика университетининг профессор-ўқитувчилари мактабларимизда рус тили ва рус тилида ўқитиладиган умумтаълим фанларидан ўқувчиларимизга сабоқ беради.

Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.