2025 йилда соғлиқни сақлаш соҳаси электрон тизим орқали тўлиқ назорат қилинади
Яқинда Президентимиз ҳузурида соғлиқни сақлаш соҳасида қилинган ишлар ва 2025 йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Йиғилишда саломатлик масалалари аҳолимиз ҳаётидаги энг муҳим устувор масалалар эканлигини таъкидланди. Ушбу соҳада туб ислоҳотларни амалга ошириш ишлари белгиланди.
Келгуси йилдан тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари оширилиши мен каби барча шифокорларни тиббиёт ходими сифатида янада руҳлантирди. Айниқса, оилавий шифокорларнинг меҳнат самарадорлиги асосида устама тўлаш тартиби жорий этилиши биз, тиббиёт ходимларига яхши рағбат бўлади.
Шунингдек, Самарқандда ҳам давлат тиббий суғуртаси амалиётлари жорий этилиши ва марказлашган лаборатория хизматлари кенгайтирилиши муҳим қадамлардан бўлди.
Аҳоли саломатлигини сақлашга қаратилган бундай вазифаларнинг моҳиятига эътибор қаратсак, уларнинг ҳар бирида аҳоли саломатлигини сақлашда тиббий хизмат сифатига, тиббиёт муассасалари фаолияти самарадорлигига салбий таъсир кўрсатаётган муаммоларнинг ечимига қаратилганини, тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштириш, тиббиёт муассасаларининг дори воситалари билан ва малакали шифокорлар билан таъминланишини яхшилаш, миллат генофондини сақлаш кўзда тутилганини англаб оламиз. Бу вазифаларнинг амалга оширилиши соғлиқни сақлаш соҳасини янги босқичга олиб чиқишга, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ва фуқароларнинг тиббий хизматдан фойдаланиш қулайликларини янада оширишга хизмат қилади.
Бир сўз билан айтганда, бу вазифаларнинг туб замирида аҳолининг соғлом ва бахтли умр кўриш давомийлигини узайтириш мақсади мужассам.
Наргиза Абдуллаева,
Самарқанд давлат тиббиёт университети 1-клиникаси бош врачи, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.