Озарбайжон самолёти ҳалокати сабаби ойдинлашди: Воқеалар хронологияси

25 декабрь тонгида Бокудан Грознийга учган самолёт йўналишини ўзгартириб, Қозоғистоннинг Оқтов шаҳри аэропорти яқинида авариявий қўнишни амалга оширди. 38 киши авиаҳалокат қурбони бўлган.

Ўша куни соат 10:43 да Ақтўбе туман диспетчерлик марказига самолётни Грознийдан захира аэродромига йўналтириш ҳақида маълумот берилган. Самолётнинг бошқарув тизимлари, баландлик рули ва элеронлари Қозоғистон ҳаво ҳудудига кирмасдан олдинроқ ишдан чиққан.

Соат 10:53 да йўловчилар салонидаги кислород баллони портлаб кетган, йўловчилар ҳушини йўқота бошлаган. Қозоғистон самолётни қабул қилишга тайёр турган.

Соат 11:28 да экипаж билан алоқа узилган ва самолёт ерга қулаган. Оқтов аэропорти қутқарув хизмати воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган.

Дастлаб ҳалокатга сабаб сифатида қушлар галаси, техник носозлик каби версиялар тақдим этилганди. Аммо кўп ўтмай Озарбайжон ОАВлари, кейинроқ бошқа манбалар ҳам самолёт Россия ракетаси томонидан уриб туширилганини маълум қилди.

Жумладан, 26 декабрь куни Euronews телеканали ўз манбасига таяниб, Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг самолёти Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган, деб хабар берди. Журналистларнинг Озарбайжон ҳукуматидаги манбалари самолёт ҳалокатига Россиянинг «ер-ҳаво» синфидаги ракетаси сабаб бўлганини айтишган. Манбаларга кўра, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Грознийда дронлар «фаоллашган» вақтда (шу вақтда Кавказдаги регионларга украин дронлари ҳужум қилаётганди) AZAL самолёти томонга ракета учирган. Ракета самолёт яқинида портлаб, унинг қопламасига зарар етказган.

Нашрнинг Россиядаги манбалари Azerbaijan Airlines авиакомпанияси самолёти Чеченистон ҳудудидан учиб ўтаётган вақтда Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Украина учувчисиз учиш аппаратларини уриб туширмоқчи бўлганини айтган. Чеченистон Хавфсизлик кенгаши раҳбари Ҳамзат Қодиров ҳам чоршанба куни тонгда Грознийга дронлар ҳужуми ҳақида хабар берган ва дронлардан бири акс этган видеони намойиш этганди.

Бокудаги AnewZ нашри Озарбайжон ҳукумати манбаларига таяниб, ракета Pantsir-S ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимидан отилганини хабар қилган.

Euronews манбалари айтишича, учувчилар фавқулодда қўнишни сўраганига қарамай, шикастланган самолётга Россия аэропортларига қўнишга рухсат берилмаган. "Боку — Грозний" авиарейси йўловчиси, ҳалокат вақтида енгил жароҳат олган Субҳонқул Раҳимов ТАСС мухбири билан суҳбатда Azerbaijan Airlines экипажи самолётни Грознийга қўндириш учун уч марта уринганини айтиб берган. Euronews ёзишича, экипажга Каспий денгиз орқали Қозоғистон ғарбидаги Оқтов шаҳри томон учиш кераклиги айтилган.

Озарбайжон, Россия ва Қозоғистон ҳукуматлари самолётни россияликларнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари уриб туширгани ҳақидаги версияни расман изоҳламаяпти. Озарбайжон президенти Илҳом Алиев 25 декабрь куни AZAL самолёти «об-ҳаво ёмонлашиши» туфайли йўналишни ўзгартиргани, авария эса Қозоғистонга «қўниш чоғида» рўй берганини айтганди. «Авария сабаблари бизга маълум эмас. Турли версиялар бор. Бу ҳақда гапиришга ҳали эрта деб ҳисоблайман. Масала тўлиқ текширилиши керак», — деганди Алиев. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль тергов хулосалари чиқмагунича «қандайдир гипотезалар қурмаслиги»ни айтган.

Самолёт ҳалокатга учраганидан бироз ўтиб, лайнернинг бутун қолган дум қисми қопламасида зенит ракетанинг шикастловчи элементлари қолдирадиган излар акс этган видеоёзувлар пайдо бўлди.
Ҳалокат оқибатида уч мамлакат — Озарбайжон, Россия ва Қозоғистон фуқаролари ҳалок бўлган.

Озарбайжонда 26 декабрь — мотам куни деб эълон қилинди. Авиаҳалокат қурбонлари Azerbaijan Airlines рейси ҳавога кўтарилган Боку аэропортида бир дақиқалик сукут билан ёдга олинди. Бу ерда қурбонлар хотирасига ёдгорлик стенди ўрнатилган. Чеченистон ҳукумати самолёт ҳалокатида қурбон бўлганлар ва жабрланганларнинг оилаларига ёрдам кўрсатишни ваъда қилган.