Шароф Рашидовнинг тансоқчиси ҳикояси: Вагонда ўтган сўнгги кунлар. (Давоми)
Шароф Рашидовнинг 1979-1983 йилларда тансоқчиси бўлиб хизмат қилган комиссар Саъдулла Муҳаммадқулов билан суҳбатимиз ҳаяжонли давом этди.
«Биз буни албатта, текшириб кўрамиз»...
...Билмадим, бировга айтганми-йўқми бу гапни? Ҳар гал Шароф ака билан пахта даласида бўлиб ўтган суҳбатимизни эслаганимда у кишининг ўлимидан икки ярим кун аввал ўша Хоразм вилоятидаги Шовот тумани пахта даласида менга нимадир демоқчи бўлиб оғиз жуфтлагани-ю, бироқ негадир жим қолиб, сўнг: «Шундоқ келишдик-а, мулла Ирисмат?», дея хаёли паришон ҳолда гапирган ҳолатини эслайман.
Шароф аканинг нима демоқчи эканлигини ҳозир ҳам билмайман, лекин шу кунлари рўй берган айрим воқеалардан хабар топдим.
1983 йил 29 октябрь (ўлимидан икки кун аввал) Шароф ака Андроповга телефон қилиб:
- Юрий Владимирович, Хоразм вилояти пахтакорлари йиллик режани бажардилар, – деб кўтаринки руҳда рапорт берганида Андропов қутлов ўрнига:
– Биз буни албатта, текшириб кўрамиз, – деб дағдаға қилади ва телефон трубкасида Шароф аканинг қулоғига қандайдир заҳарханда кулги эшитилади.
Шундан сўнг энди Андропов Рашидовга телефон қилади:
– Шараф, 3 миллион тонна пахта бўладими, – деб сўрайди.
– Бўлади, Юрий Владимирович, – деб жавоб беради Шароф ака.
Шундан кейин Шароф ака уч кун пахта далаларини айланади. Тошкентга қайтганда, телефон гўшагида яна Юрий Владимировичнинг овозини эшитади:
– Хўш, Шараф, пахта бўладими, яна ўзинг қара, чорасини кўр. Агар уддасидан чиқмасанг, билиб қўй, менга жавоб берасан, – дейди ўдағайлаб.
Саъдулла Маматқулов гапида давом этди:
– Йўлакда 2 марта охиригача бориб келгандан кейин учинчи марта 15 метрлар юриб Шароф Рашидович бирдан тўхтаб Хурсанд Ғофуровнага бошлари қаттиқ оғрий бошлаганини айтдилар. Хурсанд ая мендан дарров 2 та стул олиб чиқишни сўрадилар. Вагонлар ёнида 3-4 минут ўтиргандан кейин, ранглари оқариб, пешаналари терлай бошлади. Шунда мен тезда врачни иккинчи вагондан чақирдим ва ҳаммамиз Шароф Рашидовични қўлтиғидан суяб вагонга олиб кирдик.
Ётоқхоналари кичик бўлгани сабабли Хурсанд Ғофуровнанинг маслаҳатлари билан салондаги диванга ётқиздик. Шу заҳоти врач Б.Наумов қон босимларини ўлчади, мен эса кардиографни тайёрлаб қўйдим. Шароф Рашидовичнинг қон босимлари 115 га 80, кардиограммаларидаги ўзгаришлар эса инфаркт бўлганларидан далолат берар эди.
Врач дарров зарур бўлган дориларни бериб, бир нечта укол қилди. Шароф Рашидович бош оғриқлари кучаяётганлиги ва юраклари ҳам оғриётганини айтдилар. Шундан сўнг врач яна керакли уколларни қилди. Мен Хурсанд Ғофуровна ва врач билан маслаҳатлашиб, Тошкентдан Марказкомнинг ишлар бошқарувчиси Турсун Умаровга телефон қилдим.
Аниқки, телефон орқали очиқчасига Республиканинг биринчи раҳбари ҳақида, унинг оғирлашаётган соғлиғи ҳақида очиқ телефон орқали бор гапни айтиб бўлмас эди. Шунда мен Турсун Умаровичга:
– Турсун Умарович, мен ўзимни ёмон сезяпман. Тобим қочди шекилли. Аҳволим яхши эмас, илтимос, Анвар Сатторовични (Ўзбекистон ССР Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4-бош бошқармаси бошлиғи), профессор Р.Катсенович (Республика Кардиология марказининг директори), кардиолог Карим ака Йўлдошевни (профессор, республикада етакчи кардиологлардан бири), реанимация бўйича ҳамширамизни зудлик билан Нукусга учириб юборсангиз.
Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг тажрибали иш бошқарувчиси Турсун Умарович:
– Мен сизни тушундим, Саъдуллахон, зудлик билан жўнатаман, кутинглар, - деди вазиятни тезда англаб олиб. У бундай ҳолларда телефон орқали гаплашиш қонун-қоидаларига қатъий риоя қиларди.
Тошкентдан шифокорлар етиб борди
Икки-икки ярим соатга қолар-қолмас Тошкентдан шифокорлар етиб келишди. Қилинган муолажа, уколлар ва берилган дорилардан кейин Шароф Рашидовичнинг аҳволи анча яхшиланди. Тошкентдан тиббий гуруҳ келгунига қадар врач уч марта Шароф Рашидовичнинг қон босимини ўлчаб, юрагини кардиограмма қилди. Қон босими борган сари пасайиб, кардиограммада ҳар гал янги ўзгаришлар пайдо бўлаётган эди.
Ярим соатдан кейин Шароф Рашидович яна безовта бўла бошлади. Тошкентдан келган врачлар зарур бўлган текширишларни яна бир марта ўтказди ва врачнинг биринчи қўйган ташхисини тасдиқлашди.
Соат 19:40да Шароф Рашидовичнинг бош оғриғи яна кучая бошлаганда керакли уколлар такроран қилинди. Шундан кейин Шароф Рашидович ухлади. Ота иккинчи марта инфаркт бўлган эди. Врачлар маслаҳатлашгандан кейин Шароф Рашидовичга яна бир неча уколлар қилинди.
1983 йилнинг 31 октябрь, кечаси соат 1:00ларга бориб Шароф Рашидович анча тинчландилар. Лекин чап қўллари оғриётгани ва совқотаётганини айтдилар.
Хурсанд Ғофуровна ва мен Шароф Рашидовичнинг қўлини навбат билан силаб, иситиб турдик. Соат 1:30да Шароф Рашидович менга врачларни вагонга жойлаштириб, овқатлантиришни илтимос қилди. Мен у кишининг топшириқларини бажариб, ахборот бердим.
Шароф Рашидович тирсаклари оғриётганини айтганда врачлар яна бир неча укол қилишди. У кишининг ёнларида Хурсанд ая, врач ва мен қолдик. Шароф Рашидович ухлаган бўлса ҳам нотинчлиги кўриниб турарди.
Юракларни ёриб юборадиган чинқириқ
Соат 2:00 ларга яқин Шароф Рашидович чап қўли билан юрагини силаб қўйди. Бир неча минутдан кейин у киши жуда безовта бўлди. Мен дарров Тошкентдан келган врачларни чақирдим.
Улар Шароф Рашидовичга кислород етишмаётганини айтишди. Мен врач билан маслаҳатлашиб, кечқурун «тез ёрдам» машинасида керак бўладиган барча жиҳозлар ва дори-дармонларни вагон олдига олиб келиб тайёрлаб қўйган эдим.
Шароф Рашидович кислород шлангини аввал ўзлари ушлаб ётдилар. Кейин мен илтимос қилиб, у кишининг қўлидан кислород шлангини олиб кислород бериб турдим. Вақти-вақти билан Шароф Рашидович сўраганда чой бериб турдик. У киши икки марта оз-оздан қайд қилди. Ташқаридан қараганда сездирмасак ҳам, Хурсандой ая ва мен қаттиқ хавотир ола бошладик.
Соат уч яримларда Шароф Рашидович қаттиқ йўтала бошлади ва нафас олишларида хириллаш пайдо бўлди. Соат тўртларга қадар кислород Шароф Рашидовичнинг нафас олишига ёрдам бериб турди. Лекин соат 4 дан кейин кислород миқдорини кўпайтирганда ҳам у кишига ҳаво етмаётгани сезилар эди.
Соат 4:12 да Шароф Рашидович сув сўради. Мен дарров у кишига илиқ чой бердим. Бир қултум чой ичиб «раҳмат» дедилар. Мен яна озроқ ичишини сўрадим, Шароф ака чойдан озроқ ичиб «раҳмат, ука», деб миннатдорчилик билдирди.
Шундан кейин Шароф Рашидович Хурсанд Ғофуровна билан 5-7 минут касаллиги тўғрисида ўзаро гаплашишди. Вагондагиларнинг барчаси ҳамма нарсани тушуниб турар, лекин ҳеч ким ҳеч нарса қила олмас эди. Мен Шароф ака билан Хурсандой ая гапларидан ўзимни сал четроққа олиб турдим.
Кўп ўтмай Шароф ака бироз безовталаниб, кейин жим бўлиб қолди. У киши ҳушидан кетган эди.
Врачлар шошилинч равишда керакли дори-дармонлар қилишди. Доктор Б.Наумов Шароф Рашидовичнинг юрагини массаж қилиб, сунъий нафас олдиришга ҳаракат қилди. Соат 4:30 ларда дефибрилляторни ишлатдик, лекин ўзгариш бўлмади. Соат 4:55 ларда яна ишлатдик, ҳаракатлар фойда бермади. Шундан сўнг охирги имконият – бевосита юракка укол қилишди, аммо бу ҳам ёрдам бергани йўқ.
Соат 5:02 да Шароф Рашидовичнинг ҳаётдан кўз юмганини айтишди.
Вагонда Хурсандой аянинг юракларни ёриб юборгудек чинқириғи эшитилди. Ҳаммамиз қотиб қолдик.
Кейин мен чиқиб бу ҳақда Г.Крайновга маълум қилдим. У киши Марказий қўмита котиби О.Салимовга, Хурсанд Ғофуровна қизлари Дилором ва Илҳомга, мен Давлат Хавфсизлик комитетининг раиси В.Головинга Шароф Рашидовичнинг дунёдан ўтганлиги ҳақида хабар бердик.
Эрталаб соат 7:00ларда йиғидан кўзлари қизариб, шишиб кетган Шароф Рашидовичнинг ўғли Илҳом Шарофович етиб келди.
Мен Шароф Рашидовичнинг иякларини боғлаб, оппоқ чойшабга ўрадим ва бошқалар билан бирга тиббий замбилга қўйиб, соат 8:30 да “ТУ-134” самолётида Тошкентга учдик.
Икки соатдан кейин Тошкентга етиб келдик. Шароф Рашидовичнинг жасади қўйилган микроавтобус ичида бюро аъзолари мендан нима бўлганини гапириб беришимни сўради. Мен уларга охирги икки кунда бўлиб ўтган воқеалар ҳақида маълумот бердим. Шароф Рашидовичнинг жасадини ўзи яшайдиган уйга олиб келдик.
ТашМИ ректори, академик Ўктам Орипов бошчилигидаги махсус тиббий гуруҳ Шароф Рашидовичнинг жасадини ёриб, у киши ўлимининг сабаблари ҳақидаги маълумотномани ёзди ва эртасига медицина-экспертиза хулосалари матбуотда эълон қилинди».
Шароф ота Қорақалпоғистон темирйўлининг бир чеккасида, тупикда, вагонда, тепасида яқинларидан фақат рафиқаси Хурсандой опа, биргина тансоқчи ва шифокорлар қўлида вафот этди. Бу ҳолатдан юрагимда алам отилиб чиқади-ю, яна қалбимда қандайдир ҳислар туғён уради: аслида Шароф ака жонажон ватани – бепоён пахта далаларининг бир чеккасида, халқининг қўйнида, ўзи туғилиб ўсган, обод қилган юрти бағрида омонатини Аллоҳга топширди.
Айрим ҳолларда қисматимизга ачиниб кетасан киши. Шароф ота бошқалар каби касал бўлмасдан аввал, танасида дарднинг илк аломатлари пайдо бўлиши билан кўрпа-тўшак қилиб ётиб олиши, тез ёрдамни чақириши, стационар шароитида даволаниши мумкин эди-ку. Аммо Шароф ота ундай қилмади, у 6 миллион тонна пахта учун жонини ҳам қўшиб берди. У Иккинчи жаҳон урушида тобланган, ўзи аъзо бўлган коммунистик тузумнинг барча ситамларига сабр қилиб, чидаб келган мағрур ўзбек ўғлони эди. Ўзбек миллатининг фахри, ғурури, виждони, ори, номуси эди.
Ирисмат АБДУХОЛИҚОВ.