Шароф Рашидовнинг қадрдони

Жониқул Юсуповнинг номи, амалга оширган хайрли, эзгу амаллари бугун ҳам давраларда тез-тез эсланади.

 Бобом Жониқул Юсупов ўз даврининг уста пахтакори, донгдор раис, таниқли инсон бўлган. Қишлоқ хўжалиги ривожига қўшган ҳиссаси, фидойилиги учун Меҳнат Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пахтакор унвонлари берилган.

Ишим юзасидан ёки тўй-маъракалар сабабли кўп давраларда бўламан. Шунда одамларнинг бобомнинг ибратли ҳаёти, иш фаолияти давомида қилган яхшиликлари, хайрли ишларини айтиб, ҳурмат ва эҳтиром билан хотирлаганларига гувоҳ бўлиб, кўнглим тоғдек ўсади. Шундай инсоннинг набираси бўлганимдан фахрланаман.

Эртага бобом таваллуд топган кун. Шу баҳона Жониқул отани билган, эшитган ва албатта кўрган, суҳбатлашган кишилар хотираларини уйғотиш учун бобом фаолияти билан боғлиқ мухтасар мақола ёзиш учун қўлимга қоғоз-қалам олдим.

Жониқул Юсупов 1918 йил 2 майда Паст Дарғом туманининг Зормон қишлоғида туғилди. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, акаси Примқул Юсупов иккаласи бир вақтда тенгқурлари қатори кўнгилли бўлиб фронтга отланган. Урушда Примқул акаси бедарак кетган, ўзи эса урушдан қайтгач, тумандаги «Қизил меҳнат» номли жамоа хўжалигида оддий ишчи бўлиб ишлаган. 1947 йилда хўжалик аъзолари унга юксак ишонч билдириб, хўжаликка раис этиб сайлашади. Ж.Юсупов ҳаракати, меҳнати ва омилкорлиги билан майда-майда ер майдонлари кенгайтирилади. Янги қўриқлар очилади. Натижада пахта ҳосилдорлиги ортиб, одамларнинг турмуш шароити яхшилана бошлайди.

 1960 йилларда Паст Дарғом туманидаги паст рентабелли майда хўжаликлар бирлаштирилиб, йирик Карл Маркс номли хўжалик ташкил этилади ва унга Жониқул Юсуповни раис этиб сайлашади. Хўжалик экин майдони 2 минг гектардан ошади. Йирик чорвачилик ва паррандачилик фермалари вужудга келади, қудратли ҳамда кўп сонли техника парки яратилади.

 Хўжаликда 1960-1970 йилларда пахта етиштириш 13 минг тоннагача етган, республикамизда 70 центнерчилик ташаббусини ҳам Ж.Юсупов бошлаб берган.

Муҳими, “раис бобо” нафақат Паст Дарғом ёки Самарқанднинг, балки бутун мамлакатнинг фахри, ғурури эди. Шу боис Москвадан Гдлян ва Иванов бошлиқ «десантчи»лар тўдаси «пахта иши» баҳонасида республикамизга бостириб келиб, бегуноҳ одамлар шаънига туҳмат тошлари ёғдириб, “қама-қама” бошланганида, бобом гарчи Москвада даволанаётган бўлса-да, тумандошларидан бирор киши ноҳақ, асоссиз айбланишига йўл қўймаган.

Шароф Рашидов Жониқул Юсупов билан жуда қадрдон бўлган. Самарқандга келди дегунча, бобомдан ҳол-аҳвол сўраб, деҳқончиликни ривожлантириш бўйича маслаҳат бериб кетаркан. “Самарқанд – Каттақўрғон” йўлининг хўжалик чегарасида сув чиқмайдиган қақроқ дашт ерда боғ барпо этишни маслаҳат бергани ҳам гапимнинг тасдиғи. Кўп ўтмай у ерда 30 гектарлик боғ барпо этилади, сув чиқарилиб, шинам дам олиш оромгоҳи қурилади.

Қувонганим шуки, бугунги кунда ҳам Жониқул Юсуповнинг номи, амалга оширган хайрли, эзгу амаллари давраларда тез-тез эсланади. Масалан, яқинда бир маъракада ёши улуғ отахонлардан бири гап бошлади:

- Жониқул ака у ёғи Москва, бу ёғи республика раҳбарияти билан гаплашадиган жуда катта салоҳиятга эга раис бўлса-да, одамлар билан самимий, ҳар қандай ишни ўзи бош бўлиб бажариб кетаверарди. 1970 йилларнинг боши эди адашмасам. У киши раис бўлган Карл Маркс номли хўжаликни янада кенгайтириш учун дашт ҳудуддаги ерлар ўзлаштирилган бўлиб, бу майдонларга экилган ғўза ниҳоллари бегона ўт билан қопланди. Жониқул ака дарҳол қишлоқ одамлари ва ишчиларни ўша жойга жалб қилди. Аммо йўл узоқ, хўжаликда биттагина “бортовой” машина бор, тракторлар бошқа ишлардан ортмайди. Шунда хўжалик раҳбари Жониқул ака машинасини чопиқчиларни далага олиб боришга бериб, ўзи пиёда хўжалик идорасидан 5-6 километр олисда бўлган фермага жўнади…

Давранинг тўрида ўтирган иккинчи отахон суҳбатни давом эттирди:

- Самарқанд област партия қўмитасининг биринчи котиби Владимир Қодиров ҳақида эшитгансизлар. У киши ҳақгўй ва талабчан раҳбар эди. Обком бўлиб иш бошлаган дастлабки пайтларда ёнидагилар Жониқул Юсупов ҳақида турли бўҳтон гапларни айтибди. Қодиров тушга яқин хўжаликка боришни режалаштириб, бу ҳақда на вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси, на туман партия қўмитасига хабар қилган. Мақсади - Жониқул Юсупов ва айрим бригада бошлиқларининг нима иш билан машғул эканликларини ҳеч кимга билдирмай билиб олиш ва шунга қараб хулоса қилиш бўлган.

Идорага келса, раис йўқ. «Бирор жойда дам олиб ётгандир!». Шу фикрда жаҳл билан хўжалик даласига йўл олибди. Узоқдан «Вилис УАЗ»ни кўриб, ҳайдовчига ўша томонга ҳайдашни буюрибди. Борса, Жониқул ака сувчи билан бирга енгини шимариб, катта ариққа банд ташлаётган, ҳайдовчиси эса ариқ сувини тўсиш учун олдинроққа «Вилис»нинг захира баллонини ташлаб турган экан. Владимир Қодиров раиснинг бундай иш қилишини кутмаганлигини сездирмасдан у кишига:

- Яна сувчиларни чақирсангиз бўлмайдими? - дебди.

- Бошқа сувчиларни ўз иши бор-да, Владимир Николаевич. Қолаверса, улар келгунча бир ариқ сув бошқа пайкаллардаги жўякларни ҳам ювиб кетади, - деб жавоб берибди.

Сўнгра вилоят раҳбари раисга «Бойтўра Кўмаков деган қаҳрамон бригада бошлиғингиз бор экан. Юринг-чи, шу бригададаги ишлар билан ҳам танишайлик», дебди. Жониқул ака у кишини ўша бригадага бошлабди. Боришса, айни кун қизиган пайтда икки киши тележкадан қопланган азот минерал ўғитини тушираётган экан. «Нега бу бечораларни тушлик пайтида, шундай иссиқда ишлатяпсизлар? Бригада бошлиғининг ўзи қани?», дебди В.Қодиров жиғибийрон бўлиб. Жониқул ака «Бойтўра, ишингни қўйиб, бу ёққа кел. Вилоят раҳбари сен билан танишмоқчи», дея уни ёнига чорлабди. У келгач, В.Қодиров ишлаётган ҳалиги кишилардан бири илғор бригада бошлиғи Бойтўра Кўмаков эканлигини билгач, бригада етакчисининг ўзи дори тушираётганига ҳайрон қолиб «Ёнингиздаги ким?» дея сўрабди, холос. Бойтўра ака «Табелчим, туш пайти ишчилар дам олиши керак. Шунинг учун табелчим билан шуни тушириб қўяқолайлик, дея ҳаракат қилиб ётгандик», дебди.

Вилоят раҳбари Жониқул акани четга тортиб, «Ҳа, қаҳрамонликка муносиб одам экан, сизга ҳам, бригадирингизга ҳам совғам бор», дебди. Шундан уч кун ўтмай В.Қодиров Бойтўра акага енгил автомобиль, Жониқул аканинг илтимоси билан хўжалигига янги культиватор совға қилган экан.

Жониқул Юсупов катта бир авлод пахта усталарини тарбиялади. Улардан Бойтўра Кўмаков, Ҳамро Эргашев, Мели Қўчқоров, Қурбон Орзиқуловлар Меҳнат Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Расул Фармонов, Марди Йўлдошев, Бекмурод Холмуродов, Ҳайит Салимов, Холиқул Пардаев, Кўчар Худойқулов, Жаббор Хушмуродов каби пахтакорлар эл назарига тушди. Нарзиқул Эшонқулов, Мухтор Сатторов, Мансур Абдураимов, Тифли Бобоноров, Собир Абдураимов, Неъмат Нортоев, Нормурод Омонов, Раҳматулло Шодиев, Абдували Мустанов ва бошқа кўплаб кадрлари етук раҳбарлар бўлиб етишди.

Узоқ йиллар Жониқул Юсупов бош бўлган хўжалик ҳамда 85-мактаб у кишининг номи билан атаб келинди. Мактаб ҳовлиси ва ҳозирда касб-ҳунар коллежи бўлган собиқ хўжалик идорасида бюсти ўрнатилган. Хўжалик марказида «Жониқул Юсупов музей» ташкил этилган.

Бобом Жониқул Юсупов ибратли ҳаётини, умрини эзгуликка, хайрли ишларга бахшида этган инсон эди. Шунинг учун у кишининг ёди, эзгу ишлари эл тилидан, дилидан тушмайди.

Абдумалик Юсупов.