Шароф Рашидов Тошкент метрополитени қурилишида қурувчилар қаторида ишлаганди
Бугун атоқли давлат арбоби, таниқли адиб Шароф Рашидов таваллуд топган кун. Ш.Рашидов 1917 йил 6 ноябрда Жиззахда туғилди, чорак аср давомида Ўзбекистоннинг отаси сифатида юртни бошқариб, халқ учун эзгу ишларни амалга оширди.
Шундай кунда Шароф Рашидов билан учрашган кунларимдаги айрим воқеаларни эсладим. 1956 йил апрель ойи эди. Мактабнинг 9-синфида ўқирдим. Дарсдан кейин биз, юқори синф ўқувчилари ота-онамизга дала ишларида ёрдам берардик. Бригадамизнинг шинамгина дала шийпонида тўпланаётган эдик, бир маҳал қўшни Қўриқовул қишлоғи томондан «Победа» русумли енгил автомашина дала шийпони олдига келиб тўхтади. Машинадан уч киши тушди. Улардан бири, биз газеталарда суратини кўриб юрганимиз – Ўзбекистон Республикаси Олий Совет Президиумининг раиси Шароф Рашидов эди.
Ҳамроҳ бўлиб келганлар эса вилоят ва районнинг раҳбарлари экан. Бу кутилмаган учрашув ҳамон кечагидек ёдимда: у кишининг ҳар бир сўзи, ибораси одамни оҳанрабодек ўзига тортарди. Шароф Рашидов шийпондаги одамлар билан сиёсий жараёнлар хусусида суҳбатлашди, одамларнинг фикри билан қизиқди. Кейин бизга юзланиб, «Ўзбекистон бу йил давлатга қанча пахта беради?» деб сўради. Мен жавоб бердим. Шунда у киши «Баракалла, ана, ёшлар билан гаплашсак бўлар экан-ку», деб елкамга қоқиб қўйди.
Улуғ инсон билан бўлган бу илк учрашув келажак ҳаёт йўлимни белгилаб берганини ўша пайтда ким билибди, дейсиз?
Орадан йиллар ўтиб, тақдир мени яна бу инсон билан учраштирди. Тошкент қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги Тошкент давлат аграр университети)ни битириб, хўжаликда бош иқтисодчи, вилоят партия қўмитасида масъул вазифаларда ишладим. Самарқанд вилояти ижроия қўмитасининг режалаштириш комиссияси раиси лавозимида ишлаб юрган кезларим эди. Ўзкомпартия Марказқўмига чақириб қолишди. Пойтахтга етиб бордим. Марказқўмнинг масъул ходимлари билан қисқагина суҳбатдан сўнг Шароф Рашидов қабулига олиб киришди. Хонада у кишидан ташқари Марказқўмнинг яна бир неча котиблари ҳам бор эди.
Вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи, муаммолари ҳақида сўради. Шунингдек, бизнинг Тўполос қишлоғига қўшни Оққўрғон қишлоғида Иккинчи жаҳон урушида бирга хизмат қилган қуролдош дўсти Абдумажид Алимов тўғрисида ўтирганларга сўзлаб берди.
Суҳбат давомида бу инсоннинг самимий чеҳраси, мулойим сўзларидан кейин расмиятчиликка ўрин қолмади. Мени худди яқин дўстидек кўриб, самимий муносабатда бўлди. Мулоқот давомида халқ орасида у киши ҳақида айтилган сўзлар айни ҳақиқат эканига амин бўлдим. Шароф Рашидов менга кўп савол бермади ва ўтирганларнинг ҳам ортиқча савол беришига ўрин қолдирмади. «Сизни Марказқўм аппаратига ишга оламиз», деб суҳбатга якун ясади.
1975 йил 10 октябрдан бошлаб Марказқўм қишлоқ хўжалиги бўлимида сектор мудири бўлиб ишлай бошладим. Бу даргоҳда ишлаган йилларим ҳаётимнинг энг масъулиятли ва завқли дамлари сифатида, у кишининг аппарат йиғилишларидаги сўзларини эшитиш эса ширин хотира бўлиб қолган.
Шароф Рашидов билан 1977 йил 21 февралида яна суҳбатлашиш насиб этди.
Мени Самарқанд вилояти партия қўмитасининг қишлоқ хўжалиги бўйича котиблигига тавсия этишди. Москвага суҳбатга боришим лозим эди. Жўнашимдан олдин Шароф Рашидов ҳузурига чақиришди. Суҳбат қишлоқ хўжалиги, хусусан, пахтачилик салоҳияти ҳақида борди. Ўз тажрибамдан келиб чиқиб билганимча жавоб бердим… Кейин менга оқ йўл тилади у киши. Бу улуғ зот дуоси билан қарийб 12 йил обком котиби ва яна кўп йиллар бошқа масъулиятли лавозимларда ишлаб, ишончни оқлашга ҳаракат қилдим.
Шароф Рашидовдек буюк инсоннинг оталарча меҳри, ғамхўрлигини ҳис этиб, ишлаш насиб этганидан ўзимни бахтиёр деб биламан. У киши чин маънода ҳақиқий меҳнаткаш инсон эди. Жонига азоб бериб бўлса ҳам ўз вазифасини адо этишга одатланганди. Сиёсий бюро йиғилишларига тайёрланган ҳужжатларни ўқиб, унга тақризлар ёзиб бераверганидан бармоқлари қавариб кетганлигини ўз кўзим билан кўрганман. Вилоятларга чиққанида ҳашаматли дала ҳовли-ю (дача), ресторанлардан фойдаланмай турмуш ўртоғи Хурсанд ая билан вагонда яшар эди. Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятлари жуда кўплаб туманлар, хўжаликлар ташкил этилиши, Мирзачўлнинг ўзлаштирилиб бўстонга айлантирилиши, Тошкентда метрополитен қурилиши, электрлаштириш, газлаштириш, завод-фабрикалар, йўллар қурилиши, 1966 йил Тошкент шаҳрининг зилзиладан кейинги қайта қурилишлари бевосита Шароф Рашидов номи билан боғлиқ.
Шароф Рашидов чин маънода ўз халқининг жонкуяр раҳбари, Ватаннинг фидойи фарзанди эди. У киши республикамизни жуда мураккаб ва оғир йилларда бошқариб, юртимиз тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилди, ижтимоий ва ижодий фаолияти билан миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига катта ҳисса қўшди.
Аммо тоталитар тузум унинг барча эзгу ишлари, хайрли саъй-ҳаракатлари, юрт ва халқ фаровонлиги йўлидаги хизматларини қоралади, ўзини эса ёмонотлиқ қилишга уринди.
Ҳақиқат эгилар, букилар, лекин синмас экан. Мустақиллик боис, бу инсоннинг номи оқланди, эзгу ишлари муносиб баҳосини олди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилдаги қарори билан Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича жойларда кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди.
Ҳар сафар Тошкентга борганимда Тошкент метрополитенининг қурилишига барча ишчилар билан бирга ҳашарда ишлаётган Шароф Рашидов кўз ўнгимда гавдаланади. Ҳа, у кишининг эзгу ишлари, эзгу ташаббуслари, эзгу битиклари хотирамизда мангу яшайди.
Абдушукур Муҳаммадқулов,
I даражали меҳнат фахрийси.