Саккизинчи қаватдан қўрқманг...

Бу воқеадан сўнг яқин атрофимдагилардан эшитганим қуйидагилар бўлди: қаттиқ таъсирландим, юрагим оғриди... Тинчлантирувчи дори ичишга мажбур бўлдим... Бир ҳафталар ўзимга келолмадим, ижтимоий тармоққа кирсам, шу мавзу...

Саккизинчи қаватда яшайман, тўғриси, юрагимдаги ғулғула ҳеч кетмаяпти, хаёлимда болаларимга нимадир бўладигандай тушкунликка тушиб қолганман...

Оддий қоидаларга риоя қилинг!

Facebook тармоғи фойдаланувчиларидан бири Назокат Азим эса аниқ-тиниқ қилиб бу ҳақдаги фикрларини ифодалаб берибди: “Кеча бюти-блогер, ундан аввал шоир укамизнинг ўлими кўп шов-шувга сабаб бўлди. Бугун эрталаб қандайдир ғалати хаёллар билан уйғондим. Тушундимки, суицид тўғрисидаги маълумотлар истаймизми-йўқми, инсон руҳиятига таъсир кўрсатади. Бу табиий ҳолат. Шунинг учун журналист ва блогерларни суицид ҳолатлари ҳақида маълумот берганларида оддий қоидаларга риоя қилишга чақираман.

Суицид мавзусида маълумот беришда жуда эҳтиёткорлик ва масъулият талаб этилади, чунки нотўғри ёндашув суицид хавфи бор шахсларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Журналистлар, блогерлар ва контент яратувчилар ушбу масалани ёритишда қуйидаги принципларга амал қилишлари керак...”.

Журналист ушбу масалада ҳамкасбларига қатор тавсиялар бериши баробарида муҳим бир фикрни ҳам айтиб ўтади. Яъни, ушбу мавзуни ёритишда муҳими жамоат онгини ошириш эканлигини таъкидлайди. Яъни, ўз жонига қасд қилиш мавзусини ёритишдан мақсад одамларни хабардор қилиш ва уларни ёрдам сўрашга ундаш бўлиши керак. Масалан, суициднинг олдини олиш ҳақида маълумот тарқатиш, руҳий саломатликни тиклаш усуллари ҳақида ёзиш ва турли муаммолар билан курашишда қўл келадиган маслаҳатларни таклиф қилиш.

Умуман, юқоридаги каби ўз жонига қасд қилиш ҳолати билан боғлиқ ахборотларнинг тарқалишидан кейин мен билган 4-5 кишининг фикрлари бу. Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйлардан биридан тушиб кетиб, ҳалок бўлган аёл ҳақидаги хабарлар тўғри, нотўғри, ёлғон, рост гаплар билан қўшилиб, оммага ошкор этилмоқда.

“Вертер эффекти” ҳамон бор

Кейинги кунларда фуқаронинг саккизинчи қаватдан тушиб кетиш ҳолати акс этган видеоларнинг ҳам тарқалаётгани, уни ҳатто баъзи оммавий ахборот воситалари ҳам эълон қилаётгани янада ташвишли. Эътибор беринг, бундан бир йил аввал тўққизинчи қаватдан фарзандлари ва ўзини ташлаган аёл воқеаси ҳам катта шов-шувлар билан ижтимоий тармоқларда эълон қилинганди. 

Бу каби хабарлар марҳуманинг оиласига қанчалик салбий таъсир қилаётгани бир масала. Аммо яна бир томони, унинг ёшларга салбий таъсири.

Аслида бу таъсир ҳақида бир неча ўн йилликлардан бери айтилади. “Вертер эффекти” (Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асаридан кейин ушбу мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолати кескин кўпайиб кетгани учун шу ном қолган) деб номланган бу таъсир бир неча йиллардан бери тадқиқотчилар томонидан ўрганилади. Ва уларнинг аксарияти оммавий ахборот воситаларида бериладиган ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақидаги хабар ва лавҳалар ёшларнинг, айниқса, ташқи таъсирларга мойил бўлганларнинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатишини таъкидлайди. Бу каби хабарларни беришда оммавий ахборот воситалари албатта, қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим, дейишади олимлар. Хусусан, ўз жонига қасд қилиш ҳаракатининг ҳар қандай намоён бўлиши мутахассис (психолог, психиатр) билан маслаҳатлашганидан кейин эълон қилиниши керак. Шунингдек, ўз жонига қасд қилишнинг аниқ ҳолатлари ва ўз жонига қасд қилиш усулларини батафсил кўрсатиши шарт эмас. Қолаверса, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган маърузалар, мақолалар, ток-шоулар ёшлар онгига ижобий таъсир кўрсатиши ва ўз жонига қасд қилиш ниятлари намоён бўлишининг олдини олишга ҳисса қўшиши мумкин. Аммо ушбу дастурлар ҳам, албатта, мутахассис билан маслаҳатлашилган ҳолда тайёрланиши лозим.

Шунингдек, ўз жонига қасд қилишга ундаган усуллар, мотивлар ва сабабларнинг мавзули иллюстрациясидан фойдаланишни чеклаш керак. Оммавий ахборот воситаларида кераксиз тафсилотлар, фактлар, ўз жонига қасд қилиш сабаблари ва ўз жонига қасд қилиш тўғрисидаги фикрларни ошкор этиш ўсмирлар, ёшлар ва аҳолининг заиф гуруҳлари ўртасида тақлид эффектларини шакллантириши мумкин.

Афсуски, мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг барчасида ушбу тавсияларга мутлақо амал қилинмаётганини кўрамиз.

Эътибор жиноятдан олдин бўлиши керак

Аксарият оммавий ахборот воситалари вакилларининг бундай ёндашувга нисбатан ўз хулосалари ҳам бор. Яъни, ижтимоий тармоқларда бу воқеалар миридан сиригача ошкор этиб бўлинди, аксинча, биз воқеани янада аниқлаштириб, холис бир тарзда ёритяпмиз, дея важ келтиришади. Афсуски, бу важларнинг бирортаси инсон ҳаёти, унинг руҳиятига салбий таъсирини оқламайди.

Эътибор берадиган бўлсак, йил бошиданоқ шу каби воқеаларнинг бир нечтаси қизғин муҳокама қилинди, ҳолатнинг барча тафсилотлари бериб борилди. Тўғри, бу қайсидир маънода инсонларни огоҳликка чақириши мумкин, лекин бу мудҳиш ҳолат кейингисига ундамаслигига ким кафолат беради?

- Воқеанинг тарқалишидан ҳам кўра, унга муносабат ҳаётида муаммоси бор, эътибор ва кимнингдир қўлловига муҳтож бўлиб турган хотин-қизларга салбий таъсир кўрсатади, - дейди тажрибали психолог, Самарқанд давлат университети ўқитувчиси Абира Баҳромова. – Ўтган йилги воқеани эсга олайлик. Тушкун аҳволда қолган аёл икки фарзанди билан ўзини сувга чўктиришга уринди. Хайриятки, уларнинг ҳаёти асраб қолинди. Бутун жамоатчиликнинг эътибори уларга қаратилди. Тегишли ташкилотлар мутасаддилари бу аёл бизнинг доимий эътиборимизда бўлади, дея уни қўллаб-қувватлади, барча ташкилотлар бу оила ҳолидан хабардор бўлди. Аслида бундай хатти-ҳаракатдан олдин нотинч оилалар билан ишлаш  кўпроқ аҳамиятли. Хўш, ушбу воқеа барча жойда кенг ёритилгандан сўнг нима бўлди, деб ўйлайсиз. Ёмон томони, худди шунга ўхшаш, ўзини фарзанди билан сувга ташламоқчи бўлган бир неча аёллар пайдо бўлди.  

Биз истаймизми-йўқми, бу ҳодисалар инсон руҳиятига салбий таъсир кўрсатади ва айниқса, ҳаётида нотинчлик бўлган инсонлар бу ҳолатларни келгусида бир йўл сифатида онг остида сақлаб туриши мумкин. Гарчи буни ўзи тан олмаса-да,  бир кун бу “хотира” ярқ этиб намоён бўлган ҳолда уни машъум хатти-ҳаракатга ундаши эҳтимоли катта.

Шунинг учун ҳам бу каби масалаларни ёритишда оммавий ахборот воситалари ходимлари эҳтиёт бўлишлари, воқеани фақат факт сифатида бериб, қолган тафсилотларни фақат ҳуқуқ-тартибот идоралари хулосаларидан кейин оммага ошкор этишлари лозим. Хорижда бу каби воқеалар ёритиб борилади, лекин биздагидай бутун тафсилотлари батафсил айтилмайди. Қолаверса, хориж аудиторияси бу воқеа-ҳодисаларни юқори эмоция билан қабул қилмайди, аҳолининг воқеа-ҳодисаларга эргашувчанлик характери ҳам йўқ. Афсуски, бизда бу масала муаммо. 

Ҳаётингизни ўзингиз бошқаришга ўрганинг

Умуман олганда, бугун ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари нафақат хотин-қизлар, балки кучли жинс вакиллари орасида деярли тенгма-тенг миқдорда кузатилмоқда. Яъни, муаммо илдизи фақат биз кўникиб қолган оиладаги зўравонлик, қайнона, эр зуғуми билангина боғлиқ эмас. Оиладаги эътибор, фарзандлари тарбиясида эр-хотиннинг бирдай иштирок этиши, яхши таълим бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олишдаги муҳим омиллардан бўлиб қолаверади.

Ҳа, саккизинчи қаватдан қўрқиш керак эмас, фарзандларимиз тарбияси, уларга меҳр бера оляпмизми, йўқми, таълимига эътибор қарата олдикми, шулардан огоҳ бўлайлик!

Гулруҳ Мўминова.