Самарқандда "Кутубхона ҳамдўстлиги: ҳамкорлик ва инновациялар" халқаро кутубхоначилар форуми бўлиб ўтди
Форум "Самарқанд – МДҲнинг маданий пойтахти-2024" давлатлараро дастурини амалга ошириш доирасида ташкил этилди. Унда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар миллий кутубхоналари, Москва ҳамда Санкт-Петербург давлат маданият институтлари, болалар ва ёшлар кутубхоналари, Марказий Осиё чегара кутубхоналарининг 30 га яқин раҳбарлари ва етакчи мутахассислари қатнашди. Улар кутубхоналарни замонавий ривожлантиришнинг долзарб масалаларини, рақамли муҳитда босма ва қўлёзма меросларининг тақдимоти, мутолаани тарғиб қилиш дастурлари, кутубхоналарда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари масалаларини муҳокама қилдилар.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросими Самарқанд шаҳрида янги бунёд этилаётган «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексининг дирекциясида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этиб, иштирокчиларни қутлади.
Тадбирда 2025 йилда Марказий Осиё болалар кутубхоналари форумини Самарқандда ўтказиш таклифи ўртага ташланди. Бу тадбир бугунги кунда вилоят болалар кутубхонаси фаолият олиб бораётган, 1911 йилда қурилган тарихий бинонинг таъмирланиб фойдаланишга топшириш маросимига уланиб кетиши таъкидланди.
Тадбир давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Россия Давлат кутубхонаси, Хоразм вилояти Маҳмуд аз-Замахшарий номидаги ахборот-кутубхона маркази ва Владимир Владимирович Маяковский номидаги жамоат кутубхонаси; Сурхондарё вилояти Адиб Собир Термизий номидаги ахборот-кутубхона маркази ва Тожикистон Миллий Фанлар академияси Индира Ганди номидаги Марказий илмий кутубхонаси ўртасида ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).