@zarafshonbot‘га иккинчи мурожаат: Шаҳар марказидаги товуқхонанинг эгаси “зўр”ми ёки ҳокимлик мутасаддилари масалага нега бепарво?
Кўриб кўрмасликка, билиб билмасликка олиш, ўзини эътиборсиз, бепарво қилиб кўрсатиш энг ёмон одат. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бундай иллатнинг оқибатини англаб етишмаган шекилли, сайтимизда жорий йилнинг 17 февраль куни эълон қилинган “Шаҳар марказида минглаб товуқ боқиб, ҳавони ифлослантираётганларга чора борми?” сарлавҳали мақолага муносабат билдиришни ўзларига эп билишмаётир.
Негаки, ижтимоий тармоқларда чиққан ҳар қандай мурожаат мазмунидаги хабар ёки лавҳаларга 5 соат ичида муносабат билдириш кераклиги вилоят ҳокимлиги йиғилиши баёнида белгилаб қўйилган. Шундай бўлгач, шаҳар ҳокимлиги мутасаддиларининг бу ҳужжат ижросига бепарво бўлаётганини қандай баҳолаш мумкин?
Хўп, бу ички ҳужжатдир, бирон жойда эълон қилинмагани учун унинг ижроси тор доирада муҳокама қилинар. Аммо жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари учун алоҳида қонун қабул қилинган-ку?! Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 2017 йилда қабул қилинган мазкур қонун талабларидан ҳам бехабарми?
Қонунда кўрсатилишича, ариза ёки шикоят масаланинг мазмунан ҳал этилиши шарт бўлган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиши керак.
Тўғри, қонунга кўра, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли давлат органининг, ташкилотнинг раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин. Аммо бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилиниши керак эмасми?