Мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаган мутасаддилар жарима тўлайди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сонли фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 21 июндаги 461-сонли қарори ижроси бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабарига кўра, муҳокамада фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида жами 37241 нафар фуқаро томонидан мурожаатлар келиб тушганлиги қайд этилган. Аммо ушбу мурожаатларнинг 10025 таси ижро муддати комиссиялар томонидан кечиктирилган. Белгиланган талабларга мувофиқ мурожаатларни ўз муддатида ўрганиб чиқмаганлиги сабабли вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасининг хўжалик ҳисобидаги “Ермулккадастр” хизмати давлат унитар корхонаси ҳамда унинг Самарқанд шаҳар, Ургут, Паст Дарғом, Самарқанд, Оқдарё, Иштихон, Пахтачи, Қўшработ, Пайариқ, Каттақўрғон, Жомбой ва Тайлоқ туман филиаллари раҳбарлари, Самарқанд ва Иштихон туманлари давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачлари, Ургут ва Нуробод туманлари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси раҳбарлари, Самарқанд тумани ва Самарқанд шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиқлари, шунингдек, Самарқанд ва Ургут туманлари давлат ёнғин назорати органлари раҳбарлари энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баробари миқдорида жаримага тортилиши қайд этилди.
Ушбу йўналишда амалга оширилган ишлар бир ҳафтадан сўнг вилоят ҳокимлиги томонидан яна бир бора танқидий муҳокама этилиши белгиланди.