Ўт ўчирувчи бўш вақтида нима қилади?
Баъзи хориж кинофильмларида ўт ўчирувчиларни чақирувдан ташқари вақтда бекорчи ёки футбол ўйини томоша қилаётган ҳолатда тасвирлашади. Кўпчилигимиз буни факт сифатида қабул қилганмиз. Амалда ҳам шундайми?
Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан Нуробот туманидаги 23-касбийлаштирилган ёнғин-қутқарув қисмига ташкил этилган пресс-турда айни саволга жавоб олдик.
Аввало, ёнғин-қутқарув қисми ҳақида. У 2023 йилнинг сентябрь ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, барча зарур қулайликларга эга. Қишнинг изғиринли кунларида ҳам унинг автотураргоҳида ҳаво ҳарорати мўътадил, +18 даражада сақланиши таъминланади. Бу фавқулодда чақирув бўлганида жамоа ва техникаларни тезроқ ҳаракатга келтириш учун зарур.
- 30 йилдан бери ўт ўчирувчиман, - дейди инспектор-қутқарувчи Бахтиёр Дангалов. – Бунгача қисмимиз эски, мослаштирилган бинода жойлашган эди. Унда на техникаларни сақлаш, на ходимлар учун шароит бўлган. Бу эса, албатта, иш самарадорлигимизга ҳам салбий таъсир кўрсатар эди. Янги қисмда айни муаммолар йўқ. Бундан ташқари, раҳбарият томонидан замонавий техника ва асбоб-анжомлар билан таъминландик. Чақирувларга шай ҳолатда ва ўз вақтида етиб боряпмиз.
Қисм ўз ичига диспетчер хонаси, кутубхона, маънавият ва маърифат хонаси, ётоқхона, дарс ўтиш хонаси, 3 та автотураргоҳ ҳамда устахонани олади. Шунингдек, унинг ҳудудида қисмнинг шахсий таркибини жисмонан чиниқтириш ва касбий кўникмаларини мустаҳкамлаш учун спорт майдончаси ҳамда 4 қаватли ўқув-машғулот минораси бор.
- Одамлар ўт ўчирувчилар чақирув бўлмаса, бекор қолади деб ўйлашади, - дейди туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ш.Султонов. – Аслида уларда бўш вақтнинг ўзи йўқ. Масалан, қисмда 47 нафар ходим меҳнат қилади. Ҳар бир навбатчилик гуруҳи бир кун, яъни 24 соат ишлаганидан сўнг уч кун дам олади. Бизда 4 та навбатчилар гуруҳи бор. Ходимнинг иш куни эрталаб соат 8:00 да, ўзидан олдинги навбатчидан тегишли техника ва анжомларни қабул қилиб олишдан бошланади. 9:00 дан тушликкача махсус ўқув дарслари ўтказилади. Ундан сўнг жисмоний ва касбий нормативлар бўйича машғулотлар, техникаларни кўздан кечириш ва таъмирлаш, хўжалик ишлари бор. Буларнинг барчаси фавқулодда вазият бўлмаганида қилинади. Шундай кунлар бўладики, ходимларимиз ҳаддан ортиқ чарчаганлиги учун ёнғин ўчириш жараёнининг ўзида навбат алмашишади.
Тадбир доирасида қисмда ўқувчи-ёшлар учун очиқ эшиклар куни ўтказилди. Унда ҳудудда табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва уларни бартараф этишга масъул ҳамкор ташкилотларнинг техника ва анжомлари кўргазмаси ўтказилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.