Ким айбдор? Қонунни писанд қилмаётган сотувчиларми ёки...

Ўғлимни дўконга чиқаргандим. Сотувчи қайтимига бир дона сигарет берибди.

-Менга сигарет керак эмас, чекмайман, - дебди у.

У келиб воқеани айтиб берди. Мен ўғлимдан:

- Дўкон эгаси сендан ёшингни, паспортингни сўрадими? - дедим.

- Йўқ, сўрамади, - деди у.

- Сен ҳали ўн олти ёшда бўлсанг, қандай қилиб сенга сигарет сотиши мумкин? 

У елкасини қисиб, хонасига кириб кетди. Сотувчи билмаган қонун-қоидани ўғлим қаердан ҳам билсин, дея беихтиёр ўйга толдим. Наҳотки, мамлакатимизда тамаки маҳсулотларини сотишнинг қонун-қоидаси бўлмаса! Мақола ёзишимга ушбу воқеа сабаб бўлди.

Кашандаликка қарши курашяпмизми?

Шундан сўнг дўконларда тамаки маҳсулотларининг савдосига эътибор бера бошладим. Ажабо, яқинда хориждан келганим учун юртимиздаги тамаки маҳсулотларининг савдо расталарида очиқ-ойдин сотилаётгани менга ғалати туюлди. Сабаби, сигаретни бекатлардаги майда дўконлардан тортиб, катта супермаркетларгача топиш мумкин экан. Янаям ачинарлиси, тамаки маҳсулотлари одам гавжум жойларда, бозорлар атрофида очиқ-ойдин кўчада сотилаяпти. Кичикроқ стол устида турли сигарет қутилари очиб қўйилган. Истасангиз доналаб, истасангиз қутиси билан олаверинг.

Бутун дунё аҳли кашандалик билан курашаётган бир пайтда биздаги тамаки маҳсулотларининг эркин савдоси кишини ўйга толдиради, албатта. Демак, мамлакатимизда кашандаликка қарши курашилмаётган экан-да, деган табиий савол туғилади.

Шу ўринда тамаки маҳсулотларининг савдосини Россия Федерацияси мисолида келтириб ўтай. Ушбу давлатда сигарет фақат супермаркетларда ва тамаки маҳсулотлари сотиш ҳуқуқига эга бўлган магазинларда ёпиқ ҳолда сотилади. Сабаби, тамаки маҳсулотларига вояга етмаган болаларнинг кўзи тушмаслиги лозим. Кичик дўконларда, бекатларда, одамлар гавжум жойларда очиқ-ойдин сотиш мумкин эмас. Тамаки маҳсулотларини 18 ёшга тўлган фуқароларгина сотиб олиш ҳуқуқига эга. Сотувчи харидордан ёшини тасдиқловчи паспортини сўраши мумкин. Агар сотувчи 18 ёшга тўлмаган фуқарога сигарет сотса, катта жаримага тортилади. Бундай тартиб-интизом бошқа давлатларда ҳам мавжуд экан. Ҳатто баъзи давлатларда тамаки маҳсулотлари савдосини қисқартириш муҳокама этилмоқда.

20 ёшдан кичикларга сигарет сотилмаслиги керак. Амалда-чи?

Хўш, биздаги тартиб қандай? Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10-июндаги 199-сон қарори билан “Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларни) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Унга кўра, алкоголли маҳсулотларни ва тамаки маҳсулотларини сотаётган сотувчи кўриниши 20 ёшдан кичик кўринган харидордан унинг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатишни талаб қилиши, ҳужжат мавжуд бўлмаган тақдирда эса сотишни рад этиши шартлиги ҳақидаги мажбурият киритилган. Бироқ бу қонун-қоидага ҳамма ҳам амал қилмаяпти. Тамаки маҳсулотларини сотаётган сотувчилар харидорнинг ёшини сўрамасдан сигарет сотаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Янаям ачинарлиси, ўқув даргоҳларининг шундоқ олдида тамаки маҳсулотларининг савдоси кенг йўлга қўйилгани ҳеч кимни ташвишга солмаяпти. Масалан, Самарқанд давлат университети физика факультетининг шундоқ ёнида сотилаётган сигарет маҳсулотлари расмдаги кўринишда. 

Университетнинг математика факультети биноси олдида сотилаётган тамаки маҳсулотлари савдога қўйилган ўқув қуроллари ичига жойлаштирилган. Расмга эътибор берсангиз, дафтар, қоғоз, ручкаларнинг ёнида сигарет қутилари очиб қўйилган. 

Талабаларга билим, маърифат, маънавият ва одоб-аҳлоқдан дарс бериладиган олийгоҳнинг рус филологияси факультети олдида ҳам турли русумдаги сигаретларни сотиб олиш мумкин. 

“Сотувчиларнинг ҳеч бири ёшимни сўрагани йўқ”

Биз юқоридаги ҳолатларни фақат Университет хиёбони мисолида келтирдик, холос. Лекин шаҳримиздаги бошқа олий таълим муассасалари бинолари олдида ҳам тамаки маҳсулотларининг савдоси кенг йўлга қўйилган. Хусусан, Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ёнидаги бекатдаги савдо дўконида ҳам ўқув-қуроллари билан бирга ҳар хил маркадаги сигаретлар сотилаётганига гувоҳ бўлдик. Олий таълим муассаларининг биринчи ва иккинчи курс талабалари 18 ёшдан 19 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этишини ҳисобга олсак, уларга сигарет сотиш умуман мумкин эмас.

Ўзини танитишни истамаган талабалардан бири “Мен ҳар куни шу ердан сигарет сотиб оламан. Ёшим ўн тўққизда, сотувчи мендан ёшимни тасдиқловчи паспортимни сўрагани йўқ”, деди.

Иккинчи талаба “Мен истаган жойимдан сигарет сотиб олиб кетавераман. Ҳали ҳеч ким паспортимни сўрагани йўқ. Ёшим ўн саккизда”, деб жавоб берди.

Самарқанд шаҳри бўйлаб тамаки маҳсулотларининг савдосини кузатар эканман, айримлар кўча томондаги уйининг деразасига сигаретларни қатор териб қўйиб сотаётган ҳолатларга ҳам дуч келдим. Бундай ҳолат тамаки маҳсулотлари сотиш қоидаларига тўғри келадими? Ҳеч ким улардан лицензия сўрамайдими? Умуман, мамлакатимизда тамаки маҳсулотлари сотишнинг қонун-қоидаси борми?

Ота кашанда бўлса, бола ҳам чекадими?

Шуни афсус билан қайд этиш керакки, бугун дунёда чекувчиларнинг тобора «ёшариб» бораётгани кузатилмоқда. Масалан, ривожланган давлатларда одамлар 18 ёшдан, ривожланаётган мамлакатларда 15, қолоқ давлатларда эса ҳатто 13 ёшдан бошлаб чекишга ружу қўйишаяпти. Кашандалар сафига ҳар йили 80-100 минг нафар вояга етмаганлар кириб келаётир. Уларнинг ҳар ўнтадан саккизтаси келгусида бу иллатдан қутулолмаётгани эътиборга олинса, мазкур хавфнинг тобора глобал аҳамият касб этаётганини фаҳмлаш қийин эмас.

Эътибор берганмисиз, оилада ота чекишга ружу қўйса, болалар ҳам улғайгач, отасига тақлид қилади. Яъни, отанинг “одати”ни вақти келиб бола давом эттиради. Фарзандининг саломатлигини ўйлайдиган ота-она оилада, аввало, мана шу ҳолга эътибор бериши керак. Шунингдек, ота-она фарзанди улғайгач, энди катта бўлди, дея назоратсиз қолдирмаслиги ва керагидан ортиқча пул бермаслиги лозим.  

Тамаки маҳсулотларининг савдо расталари ва дўконларда махсус ёпиқ ҳолдаги шкафларсиз болалар кўзидан яширилмаган ҳолда очиқ-ойдин сотилаётгани, шунингдек, ўқув даргоҳлари яқинида ушбу савдонинг йўлга қўйилгани ва йигирма ёшга тўлмаган ўспиринларнинг бемалол сигарет маҳсулотларини сотиб олаётгани ҳали бу борада анча ишлар қилиниши кераклигидан далолатдир.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.