Ватани йўқ одам ҳеч кими йўқ одамдир

Ҳар гал Мустақиллик байрами яқинлашаверса, Ватанга бўлган меҳрим ошиб, олдинги вақт билан бугуннинг манзараларини таққослай бошлайман.

Кунора ўзгараётган юртимиз, осмонўпар бинолару равон йўллар, қанчадан қанча давлатларда манаман деб ўзлигимизни намоён этиб, ҳирпираб, нур бағишлаб турган байроғимиз, ёшлигим, она қишлоғим – Боғимайдоннинг беғуборлиги, бетакрор об-ҳавоси-ю ширин-шакар мевалари, боғу роғлари билан олдинги ва бугунги қиёфаси кўз олдимга гавдаланади.

Ҳар қандай одам Ватан деганда беихтиёр юраги тубидан Она Ватан, дейди, дегиси келади. Бунинг боиси, ўзи ўсиб улғайган, вояга етган жонажон оиласи, қишлоғи, туману шаҳрини Ватан деб билиб, ўз онасини севгандек бутун борлиғи билан севади...

Самарқанд… Азиз ва муқаддас юрт, афсоналар шаҳри...

Чиндан ҳам Худонинг назари тушган, Эгамнинг паноҳидаги муборак заминсан. Сенинг ҳар қарич еринг, ҳар бир сиқим тупроғинг азиз ва муқаддасдир. Чунки бу заминда азиз-авлиёлар, Шайх Абумансур Мотуридий, Хожа Исмоил Бухорий, Мирзо Улуғбек сингари улуғ даҳолар яшаб, ижод этишган, шуҳратини оламга ёйишган. Маҳобатли обидаларинг таърифида қалам ожизлик қилади. Регистон майдонидаги Шердор, Тиллакори, Мирзо Улуғбек мадрасаларининг шукуҳи асрлар оша ҳаммани ҳайратга солмоқда. Мирзо Улуғбек мадрасасида Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий таҳсил олган, Жалолиддин Румий Балхда туғилган бўлса-да, болалиги сенинг бағрингда ўтган…

Ҳа, франциялик сиёсатчилардан бири айтганидек, Амир Темур сени Самарқандни сиёсат марказига айлантирган бўлса, Мирзо Улуғбек дунё маданияти марказига айлантирди!

Элинг пок мазҳабли, диёнатли, иймонли. Бобур тили билан айтганда, «муташарриъ ва мутадаййин». Овқатларинг, меваларинг бир-биридан ширин, мазали, сувинг ва нонинг жуда ҳам хуштаъм.

Чиндан ҳам Самарқанднинг чор-атрофи боғ. Зарафшон водийсида баҳорда гулзорларнинг, ёзда эса шираси ичига сиғмай, ўрнида ёрилиб ётган қовуну, ширинлиги танглайни ёрадиган анжир, войишларда мунчоқдай осилиб ётган узум-у дарахт шохлари билан ўчакишгандай савлат тўкиб осилиб ётган олма, анор, беҳиларнинг тотли ҳиди доимо ором бағишлаб анқиб туради. Ёз бўлдими, ҳаммаёқ ширин-шакар мева-чевага тўлиб кетади. Тўкин-сочин пишиқчилик бошланади. Самарқанднинг қадимий номи ҳам, ажойиб шуҳрати ҳам ана шундан келиб чиққан. Кексалар «Самари қанд» (меваси қанд» деб бежиз айтишмайди-да. Бобур ҳам буюк Соҳибқирон Темурбекнинг Боғи Бўлду, Боғи Дилкушо, Боғи Нақши жаҳон, Боғи Чинор, Боғи Шамол, Боғи Биҳишт боғлари ҳақида маълумот бериб, сўлим ва жаннатмакон Боғимайдон ҳақида кўп ва хўб ёзган.

Ватансиз одам ҳеч кими йўқ, бечора, бегона одамдир.

Мустақилликнинг 20 йиллиги олдидан ижодкор дўстларим, устозлар даврасидаги ширин суҳбатдан руҳланиб, дилимдаги борини “Баҳс” газетанинг 2011 йил 26 августдаги 34 (554)-сонида “Улуғлардан улуғимсан, Ватаним” деб номланган мақолада изҳор етганман. Ўша кунларда “Тошкент – Самарқанд” йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоезди ҳаракати йўлга қўйилгани, “Афросиёб”нинг тезлиги - соатига 250 километр, 2 соату 10 дақиқада азим Тошкентга олиб боришини фахрланиб ёзгандим...

Мана ўттиз тўрт йилдирки, истиқлол шукуҳининг ҳаётбахш нуридан, фарахбахш кунларидан баҳра олиб яшаяпмиз. Истиқлол бизга иқтисодий, ижтимоий, сиёсий, маданий ва маънавий жиҳатдан янгиланишнинг ўзига хос истиқболларини очиб берди. Тафаккуримиз кишанбандликдан, вужудимиз эса мафкуравий мутеликдан, тубанликдан, эътиқодимиз зўрма–зўракилик исканжасидан бутунлай халос бўлди. Бунинг ҳаммаси, албатта, истиқлол шарофатидир.

Бу йилги Мустақилликнинг 34 йиллиги мен учун ўзгача. Меҳнат фаолиятимга 40 йил тўлиб, бу фарахбахш дориломон кунларни кўриб, Она Ватанни қанчалик севган бўлсам, яна шунча камдек, яна севиб, севилиб яшагим, ишлагим, бутун борлиғимни ана шу жаннатмонанд ватанга бахшида етгим келади.

Яқинда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Ушбу қарорга асосан, энг азиз ва энг улуғ байрам Мустақилликнинг 34 йиллигига бағишланган байрам тадбирлари “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда ўтказилади.

“Она диёр – ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловлар юқори даражада ўтказилиши билан ҳар йилгидан кўра янада кенг нишонланадиган бўлди.

Ҳа, бу йилги байрам мен учун қўшалоқ. Меҳнат фаолиятимни 20 йилдан ортиғини бахшида этган, бу халқпарвар, юракдан севган ва меҳрим бошқача бўлган улуғ даргоҳ, ҳақчил ташкилот – Ўзбекистон касаба уюшмаларини 120 йиллиги кенг нишонланадиган йил.

Мустақиллик - бебаҳо, ноёб неъмат. Аммо унинг қадрига гоҳ етяпмиз, гоҳида йўқ. Гарчанд Ватан ҳақида кўп асарлар ёзиб, беҳисоб сатрлар қоралаб, тугамас киноларда турли қаҳрамонлар томонидан Ватанни қадр-қиммати очиб берилган бўлса-да, барибир она ватанни дилдан таърифлашга, уни борлиғингдан ҳам кўпроқ севишга, жонингни беришга талпинасан.

Ватанни жону дилидан севган ҳар қандай одамни ўз сўзи, дарди, ўзгача меҳри бор. Мен учун Ватан, бу – ота-боболаримиз, аждодларимиз яшаб ўтган муқаддас замин! Бу муқаддас замин учун жон бериш, ўзингни фидо қилиш ҳам – шарафдир. 40 йиллик меҳнат фаолиятим давомида, шундан бевосита 34 йил биринчи раҳбар бўлганим сабабли тез-тез хизмат юзасидан сафарга, айниқса охирги 20 йил давомида ҳар чоракда бир маротаба, гоҳида бир йилда камида 4-5 маротаба азим Тошкентга, чорак якунига оид йиғилишларга бораман. Аммо бир-икки кун ўтмай киндик қоним тўкилган она шаҳрим Самарқандни, Боғимайдонни соғинаман.

Болалик давримдаги Боғимайдон билан ҳозирги Боғимайдон тубдан ўзгариб кетган. Болта Ортиқовнинг чайласи, ширин ва дилтортар суҳбатлари, уруш қатнашчиси, колхоз бригадири Раҳмон Нарзиевни дала шийпони, сарҳовуз, боғдаги узум ва олмалар, иссиқхонада етиштирилган помидор, карам ниҳоллари кўчати, Обираҳмат ариғини тиниқ ва зилол суви-ю нонвойхоналарда пиширилган иссиқ ноннинг ҳиди бугун нафақат менга, балки барча тенгдошларимга етишмайди. Умр Обираҳматнинг оқар суви каби қайтиб оқмайди. Ота-онамга ўхшаган ўнлаб халқ таълими фидойилари - на бир туман-вилоят раҳбарларининг ташаккурномаси-ю, давлат ва жамоат ташкилотларини фахрий ёрлиқлари, унвону нишонлари билан тақдирланмаган бўлсалар-да, бугун мактабда қўлини ўнглаб, ҳаёт йўлини танлашда йўл карсатганлари учун улардан миннатдор шогирдлар бисёр. Қалб ва юрак амри билан қўллари дуода бўлган асилзодалар кўп.

Гап бир ёрлиқ ё рағбатда эмас, энг асосийси, ёш авлод баркамол авлод бўлиб ўзининг муносиб ўрнини топиб, оила пойдеворини мустаҳкам яратгани, тинч ва осуда ҳаёт ҳукмронлигида, абадийлигида.

Ота-онам доимо “Ўғлим, юртинг, оиланг, касбинг ва дўстларингга ҳеч қачон хиёнат қилма”, деб уқтирар эдилар. Уларнинг бу панду насиҳатларига амал қилиб келяпман. Ҳамиша юзим ёруғ, кам бўлганим йўқ.

Яқинда Самарқанд давлат университети ректори, Олий Мажлис сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Ишонч” газетасида эълон қилинган “Бугунги зиёлиларнинг юраги жадидларники каби оғримаяпти” деган мақоласини ўқидим. Ватан ўша, гуллаб яшнаяптики - тараққиётни алангаси, машъали порлаб турибди. Лекин ҳақиқатан ҳам жадидлар каби ёниб-яшаётган Ватан фидойиларини юраги бугун бошқача, ўзгача оғрияпти.

Юрак оғрисин. Бозор муносабатида биринчи ўринга пул омили чиқади. Яъни, пул бўлган жой ривожланиб кетаверади. Шунга жавобан - юрак оғрисин дейман, юрак бошқача урсин. Ҳамма нарсани пулу молу давлатга қиёсламай, Ватанни юракдан севсин, юрак жадидларники каби оғрисин, урсин, дегим келади.

Молу давлат, пул бўлмаса ҳам Ватанни - она замин - юртни борлиғинг билан сев. Ватанни - онасини - юртини севган инсонга ҳеч нарса керак эмас. Чунки у бечора, қашшоқ, бегона ватангадо бўлиб қолмайди. Ният пок ва холис бўлмоғи даркор.

Ёш ўтавериб, қанча улғайверсак ҳам шу савол ҳамиша қийнайди: Нималар қилдим, нималарга эришдим, элга, миллатга, юртга нафим тегдими, деб ўзимга кўп савол бераман. Шукр, қўлдан келгунча хизмат қилдим.

Бу ҳамма мақсадимга тўлиқ эришдим, дегани эмас. Фарзанд ота–онасига қанча қарамасин, яхшилик қилмасин, уларнинг олдидаги қарзини узолмайди.

Ҳали юрак юриб турар экан, Ватаним, олдида жуда кўп қарзим кўплигини биламан. Муқаддас ва табаррук она Ватаним корига ярашга ҳамиша тайёрман.

Ифтихор Раҳимов.