“Асфальт кўрмаган”лар дунё кезяпти
Инсон қадри улуғланган юрт. Бу мамлакатимиз – Ўзбекистонга берилаётган таъриф. Дарҳақиқат, кейинги йилларда ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон қадри ётибди. Узоқ йиллар қийинчиликлар гирдобида ҳаёт кечирган халқимиз фаровонлиги кундан-кунга яхшиланиб бормоқда.
Фаровон кунлар...
Эсингиздами? Бундан бир неча йиллар илгари одамларни қийнаган масалалардан бири нақд пул муаммоси эди. Олис ҳудудларда фақат моддий ёрдам ёки болалар пули билан кун кечирадиган оилалар пластик картасини кўтариб, марказдаги у дўкондан бу дўконга югуриб, сарсон бўлганлари ақлга сиғмайди. Қишлоқларда саноқлигина - бири расмий, яна бири норасмий бўлган кичик-кичик дўконларда эса терминал деган матоҳни топиш амримаҳол эди. Нақд пул зарур бўлган эҳтиёжманд киши пластик картасидаги пулнинг катта фоизини “тадбиркорлар” чўнтагида қолдиришга мажбур эди.
Бугун-чи? Бугун бу муаммога ечим топилди. Олис қишлоқларга ҳам замонавий ва сифатли банк хизматлари кўрсатадиган қурилмалар кириб борди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва пенсия ёшидаги фуқароларга моддий ёрдам ҳамда нафақа пуллари улар истагандек тарқатиляпти.
Чароғон тунлар...
Олис қишлоқларни қўя турайлик, туман марказларида кузатиладиган электр энергияси муаммоси аҳолига азоб берадиган энг оғриқли нуқта эди.
- Қўшработ туманининг тоғлар орасида жойлашган Пангат қишлоғида туғилиб, ўсдим, - дейди Камола Мусурмонова. – Айни ўсмирлик даврим қийинчилик билан ўтди. Қишлоғимиз бир суткада бор-йўғи икки соатгина электр энергияси билан таъминланарди. Кундузлари ота-онамга уй юмушларида кўмакдош эдим. Кечалари эса шамчироқ ёруғида китоб ўқирдим. Интернет орқали маълумотлар олиш хаёлимизгаям келмасди. Мактабимизда компьютерлар бор, аммо улардан фойдаланишнинг имкони йўқ эди. Бугунги кунда қишлоқ ёшлари учун ҳам шаҳардагидан қолишмайдиган шароит яратилган. Тунда хонадонлар, ҳатто кўчалар ҳам чароғон. Интернет тармоғи учун WiFi қурилмалари ўрнатилмаган таълим муассасаси қолмади деярли. Бунинг қадрига етишимиз керак.
Ҳоким буваларни фақат телевизорда кўрардик
Халқ дардини тинглайдиган бирор бир ташкилот раҳбари йўқ эди. Қалашиб ётган муаммоларни бировга айтолмасдик. Айтган билан фойдаси йўқ эди. “Катта”лар сайёр қабул нима эканлигини билмасди.
Бугун олис ҳудудларда, тоғлар орасида яшаётган оддий деҳқон ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқни билди. Ноҳақлик бўлса, курашишни ўрганди.
- Авваллари ҳоким буваларни фақат телевизорда кўрардик, - дейди Қўшработнинг олис қишлоғи Қувкаллада яшовчи отахонлардан бири. – Энди эса раҳбарлар халқ орасига кириб келяпти. Биргина мисол, яқинда туманимиз ҳокими биз яшаётган шу тоғлар бағридаги қишлоққа келди. Дарди ичида бўлган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни тинглади. Арзимагандек туюлган, аммо маҳаллада ҳал этилмай келаётган муаммоларга ечим топилди. Шу куннинг ўзида айрим хонадонларга газ баллон келтирилди. Шу пайтга қадар улар ўчоқда ўтин ёқиб, қора қозонда овқат пиширишган.
Уйимизга депутат келди
Наргиза опа бундан 20 йиллар аввал тизза бўғим касаллиги билан ётиб қолиб, шундан бери ногиронлар аравачасида юради. Бир неча марта тегишли идораларга, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилган. Фойдаси бўлмагач, тақдирга тан бериб, яшашда давом этган.
- Турмуш ўртоғим - Илҳом ака мард ва ҳокисор инсон, - дейди у. - Шу кишининг мен сабаб кечирган азоб-уқубатларини унуттириш учун ҳам тузалишим керак эди. 25 йил олдин яхши ниятлар билан турмуш қургандик, аммо менга оналик бахти насиб қилмади. Илҳом ака умидини узмади. Мен қанчалик уринмай, у ажрашишни истамади. Орадан 5-6 йил ўтиб, хасталикка чалиниб, юролмай қолдим. У барибир мени ташлаб кетмади. Яқинда уйимизга маҳалла фаоллари билан бирга бир киши кириб келди. Депутат экан. Оёқларимни операция қилиш учун 40 миллион сўм ажратилганини айтди. Бу менга қанчалар хурсандчилик бағишлаганини сўз билан ифодалай олмайман. Энди бор умидим шу операциядан.
Қишлоқ боласи хорижнинг нуфузли олийгоҳида ўқияпти
Айрим чекка қишлоқларда яшайдиган ёшлар орасида вилоят, ҳатто туман марказини кўрмаганлар борлигига кўпчилик ишонмасди, аммо бу ҳам ҳақиқат эди. Бир куни қишлоққа кетаётиб, таксида бир йигит билан танишиб қолдим.
- Бир туман марказида яшайдиган узоқроқ қариндошимизнинг ўғли бундан ўн йиллар аввал акам иккимизга “асфальт кўрмаганлар”, деб ҳазиллашгандай бўлгани ҳеч эсимдан чиқмайди, - дейди у. – Яхшиям шу гапни айтган экан. Қаттиқ таъсирланиб, яна-да кўпроқ ўқишга, изланишга ҳаракат қилдик. Тақдирни қаранг, бугун акам ўша қариндошларимиз яшаётган туманга ҳоким бўлди. Мен эса Жанубий Кореянинг нуфузли олий ўқув юрти талабасиман. Халқаро танловларда қатнашиш имконияти туғилиб, дунёнинг бир неча давлатларида бўлдим.
***
Ҳа, бугун юртимизда кенг имконият эшиклари очиқ. Бир сўз билан айтганда, инсон қадри улуғланяпти. Биздан фақат шу имкониятлардан унумли фойдаланиш ва дориломон кунларнинг қадрига етиш талаб қилинади.
Тўлқин Сиддиқов.