Мурожаатчи март ойидан буён кредитга ҳисобланган фоиз тўловларини амалга оширмаган
Жорий йилнинг 17 декабрь куни сайтимизда “Ёшлар уйи”да истиқомат қилувчиларга нега “Қишлоққурилишбанк” ходимлари карантин давридаги кредит қарздорлигини бирйўла тўлашни талаб қиляпти?” сарлавҳаси билан Зарина Раҳмонованинг мурожатини эълон қилган эдик.
Мақолада таъкидланган масала юзасидан АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Самарқанд минтақавий филиалидан қуйидагича муносабат билдирилди:
“Мурожаатда пандемия муносабати билан жорий йилнинг апрель-сентябрь ойлари давомида вужудга келган фоиз қарздорликларини банк ходимлари бирйўла тўлашни талаб қилаётганлиги билдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги
Фармони 11-бандида Марказий банкка “Тижорат банклари томонидан молиявий қийинчиликларга дуч келган юридик ва жисмоний шахслар, якка тартибдаги тадбиркорларнинг кредитлари бўйича тўловларни 2020 йил 1 октябрга қадар кечиктириш тақдим этиш учун шарт-шароитлар яратиш ва тартиб-таомилларни соддалаштириш чораларини кўриш” топширилган.
Мазкур фармон ва Марказий банк Банк назорати қўмитасининг 2020 йил 7 апрелдаги №213/1-сонли қарори асосида қабул қилинган АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” бошқарувининг 2020 йил 6 апрелдаги № 8-сонли ва 2020 йил 27 майдаги №16-сонли йиғилиш баёнларида COVID-19 пандемияси туфайли қийинчиликка учраган жисмоний шахсларнинг жорий йил апрель-сентябрь ойлари давомида қайтарилиши лозим бўлган кредит тўловларининг асосий қарз қисми 2020 йил 1 октябрь санасига қадар кечиктирилишига ҳамда кредит шартномасининг охирги муддатини мос даврга узайтирилган ҳолда тўланишига розилик берилган. Фоиз тўловлари учун эса кредит таътили жорий этилмаган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2020 йил 7 апрелдаги №213/1-сонли баёнига асосан, мурожаатчига ажратилган ипотека кредити 20 йилга, яъни 240 ой муддатга берилганлиги ва унга яна 5 йил имтиёзли давр ажратилганлигини инобатга олиб, ҳозирги вақтда кредитнинг кайтариш муддати 240 ой эмас, балки 246 ой бўлганлигини ва имтиёзли давр ҳам 5 йил эмас, 5 йил-у 6 ой муддатга узайтирилганлигини маълум қиламиз.
Ушбу мурожаатда фуқаро пандемия даврида фарзанди бетоблиги сабабли иш хақи олмасдан уйда ўтирганлигини маълум қилган ҳамда оила боқувчисининг 1 600 000 сўм иш ҳақи олаётганлигини таъкидлаб ўтган. Ҳақиқатда, Давлат солиқ қўмитаси қошидаги ДУК “soliqservis.uz” манбасидан олинган маълумотга кўра, мурожаатчининг иш жойидан, яъни “Эрудит” МЧЖ Самарқанд тумани ХТМФМТ ва ТЭБ томонидан пандемия даврида 2020 йилнинг март ойида 2 863,0 минг сўм, апрел ойида 1 343,4 минг сўм, май ойида 3 182,4 сўм, июнь ойида 3 418,8 минг сўм, июль ойида 1 932,0 минг сўм, август ойида 3 208,5 минг сўм, сентябрь ойида 3 611,3 минг сўм ҳамда октябрь ойида 3 032,3 минг сўм жами 22 591,7 минг сўм ойлик маош ҳисобланган.
Бундан ташқари, мурожаатчининг турмуш ўртоғи ҳам “Самарқанд сув таъминоти” корхонасидан 2020 йилнинг март ойида-2 597,5 минг сўм, апрель ойида 2 361,4 минг сўм, май ойида 2 597,6 сўм, июнь ойида 2597,6 минг сўм, июль ойида 2 597,6 минг сўм, август ойида 2 597,6 минг сўм, сентябрь ойида 2 226,5 минг сўм ҳамда октябр ойида 2 486,6 минг сўм, жами 20 062,5 минг сўм ойлик маош ҳисобланганлиги маълум бўлди.
Мурожаатчи томонидан жорий йилнинг март ойидан бошлаб, яъни пандемия давридан ҳозирги вақтгача кредитга ҳисобланган фоиз тўловларига умуман тўлов амалга оширилмаган. Бугунги кунда уларнинг кредитдан ҳосил бўлган фоиз қарздорлиги 7 673,5 минг сўмга етган.
Ваҳоланки, банк ходимлари мурожаатчининг уйига боришидан олдин бир неча маротаба телефон орқали кредит тўловларини амалга оширишни сўраган.
Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 2 июлда 3030-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида”ги Низомга асосан қарздорлик юзага келганда банкларнинг истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларини амалга ошириш тўғрисида кредит шартномаси бўйича муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганда банк истеъмолчи зиммасидаги қарз юки янада ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келган санадан бошлаб 7 (етти) календар куни давомида истеъмолчи билан шартномада келишилган ҳар қандай алоқа боғлаш усулларида, шу жумладан, электрон алоқа воситаларидан ёки қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа усуллардан фойдаланиб, истеъмолчига муддати ўтказиб юборилган қарздорлик юзага келганлиги ҳақида сундириш жадвалини илова қилган ҳолда хабар бериши шарт.
Ўзбекистон Республикаси “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонуннинг 61-моддасига мувофиқ банклар ва уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатлар шартномалар асосида амалга оширилади.
Мурожаатчи мазкур жавоб хатидан норози бўлган тақдирда амалдаги қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят билдириши мумкин.
Т.ШОДИЕВ,
АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Самарқанд минтақавий филиали бошқарувчиси.