Сўзда шавқу маъно бўлсин, акс ҳолда у тингловчида муносабат уйғота олмайди

Ёшим етмишдан ошди, тоат-ибодатларим, юриш-туришим ҳам ёшимга ярашиқ бўлишига интиламан. Гарчи, беш вақт намоз фарзини тўкис адо этмасам-да, Хўжа Зиёвуддин жоме масжидида жума намозини канда қилмайман. Лекин мени бугун фикр айтишга ундаган нарса ибодат эмас.

...Пахтачидан бир пайтлар Мирзачўлни ўзлаштиришга кетган оила вакилиман. Ота-онадан эрта айрилиб, укалар тақдирини ўйлаб, рўзғор тебратишга мажбур бўлдим. Маълум муддат «Пахтачи» газетасида ишладим, доимо «қора меҳнат» билан банд бўлдим. Муҳими, яхши-ёмонни англадим, аммо ўқишни, ёзишни ташлаб қўймадим. Чунки бу нарса ҳаётимда муҳим эканлигини тушуниб етдим. Ижодий машқларим, хусусан, мақола ва ҳажвий ҳикояларим вақтли матбуот ва тўпламларда чоп этилди. Демоқчиманки, ижоддан, ўқишдан бир дақиқа ҳам тўхтаган эмасман.

Йўқ, мен ушбу мулоҳазаларимни ҳурматли муштарийга таржимаи ҳолимни айтиш учун ёзмадим. Қуйидаги фикрга маънавий ҳаққим борлиги учун эслатдим, холос.

Энди асосий масалага қайтсам. Жума намозидан сўнг хотирим жам, руҳим енгил, қадамларим илдам бўлади, жисмимга қувват киради. Гап фақат ибодату ҳаракатда эмас, мен масжид имом хатиби Исроил Амриллоевнинг нахйи мункарига тўхталмоқчиман.

У ҳар ҳафта янги мавзуда, ишончли манбалар асосида самимий суҳбат қуради. Сўзларида такрор ёки умумий фикрлар йўқ. Бирида саломлашиш одоби, бирида ота-она муносабати, бирида шижоат ва лоқайдлик, яна бирида сўзлашиш маданияти ҳақида чиқиш қилади. Ҳар бир фикрини пайғамбаримиз ҳадиси ёки алломалар хулосаси билан шарҳлайди. Айниқса, ёт ғоялардан қандай сақланиш тўғрисидаги маърузалари менга катта сабоқ бўлаётир. Ёшим улуғ, ижодкор бўлганим боис бу сабоқлар нечоғлик зарур эканини англаб етяпман.

Дарвоқе, масжидга келаётган ёшлар ичишмайди, чекишмайди. Улар гўзал хулқ ва одобга талпинадиган йигитлар.

Фақат бугина эмас, имом хатиб алломалар мероси, карантин қоидаларининг аҳамияти, покизалик, ор-номус мавзусида ҳам ўз шарҳлари билан ҳамманинг эътиборини тортади. Ишонасизми, суҳбат чоғида тўпланганлар нафақат телефонга қарашни, ҳатто қимирлашни ҳам ўзига эп кўрмайди.

Шундай пайтда маҳалла ва меҳнат жамоаларидаги айрим анжуманларни эслайман. Иштирокчиларни баъзан мажбурлаб келтирамиз. Маърузачи қоғозга қараб ўқийверади, зал билан иши йўқ. Чунки унга шундай топшириқ бўлган. Ўтирганлар сўзлашиб ёки телефон ўйнаб ўтиради. Айтингчи, бундан кимга фойда-ю, кимга зарар?

Имом хатиб агар бир даврада ноўрин, ёлғон гапирса, келаси жума куни анчагина тингловчидан айрилади. Қолаверса, Худо йўлида кўзбўямачиликдан қўрқади. Бизнинг маҳаллага келган маърузачи-чи? У нимадан қўрқади? Ҳеч  нарсадан! Одамларни тўплаб бериш ташкилот раҳбари ва маҳалла оқсоқоллари гарданида. Маъруза матни ва савиясини эса ҳеч ким баҳоламайди.

Бу ҳолатни ҳамма билади, кўриб турибди. Лекин ким чора кўради, ким хулоса қилади?

Жўрақул НАРЗУЛЛАЕВ,

Пахтачи тумани.