Турмуш чорраҳаларида: Учинчи одам

Агар у раҳна солмаганида Ботиралининг оиласи бузилиб кетмасмиди? Нима бўлганда ҳам учинчи одам аралашишидан Худо асрасин экан.

- Ассалому алайкум опажон, келинг, хуш кўрдик, саломатмисиз! - Сарагул қўли кўксида, назокат билан пешвоз чиқиб Нисобонуни кутиб олди. У келин билан истамайгина кўришиб ҳол-аҳвол сўрашган бўлди. Зимдан Сарагулга разм солди. Бахтиёрлигидан гул-гул очилиб, бир гапириб, ўн кулади. Елиб-югуриб сўрига кўрпача ташлади.

- Ўтинг опажон, хуш келибсиз!

«Қурғур бунча чиройли, очиқ кўнгил қақажон бўлмаса, укамни юрагидан ургани бежиз эмас экан-да… Қанча норози бўлсам ҳам, шуни деб оёқ тираб олди».

Укаси Ботирали Сарагулга уйланиб, ота мерос ҳовлида ширингина яшаётгани Нисобонунинг ҳасадини қўзғади. Лекин сир бой бермади.

- Кўп яшанг, барака топинг, жигарим Ботирали билан бахтли бўлинг, - Нисобону кўрпачага чиқиб жойлашиб ўтириб оларкан, тил учида келин-куёвни дуо қилган бўлди. Укасининг Сарагул билан ота-онаси чироғини ёқиб ўтирганидан ичи куйди. Бегона аёлнинг ота мерос ҳовлига бекалик қилиб, ўзиники қилиб олгани ғашини келтирди. Нима қилса экан, Ботиралини бу келиндан қандай совутса бўлади?

…Нисобону ҳар гал укасиникига келганида аламдан ичи куйиб қайтади. Бир борганида Ботиралининг Сарагулга меҳр билан тикилганини кўриб, ҳасаддан дод деб юборай, деди. Келин қозон-ўчоққа уннаш учун чиқиб кетганида укасига ўқрайди.

- Намунча еб қўйгудек тикилмасанг, хотинчангга, ақли-ҳушингдан айирибди, шекилли? Аҳволингга қара, пойига патак бўлишга ҳам тайёрсан. Опам келибди, деб бундоқ хурсанд бўлай демайсан. Раҳматли ота-онам ҳаётлигида қандай файзли эди бу хонадон. Қара, ҳаммаёқ ивирсиб ётибди.

- Йўғей, нега ундай дейсиз опажон? Келганингиздан мен ҳам, келинингиз ҳам хурсандмиз. Ҳовли-жойни кўринг, қандай ораста, келинингизнинг пойқадами қутлуғ келиб, уйимизга хайр-барака кирди. 

- Ҳм-м, - Нисобонунинг афти бурушди. - Кўриб турибман, аллақачон сени жиловлаб олибди, ёнини ол. Худди никоҳ оқшомида даврага чиққандай пардоз-андоз қилиб олганига ўлайми! Тилёғламалик қилиб, опажон, деб, гирдикапалак бўлишини кўр. Сал тергаб қўйсанг бўлади. Ҳозирдан бурнингга ип ўтказиб олибдими, кейин бошингга ёнғоқ чақади. Мана мени айтди, дейсан. 

- Опа, нима деяпсиз, келинингиз яхши аёл, фақат мен сиз айтган қизга уйланмаганим учун уни ёмон кўряпсиз. Эшитса, хафа бўлади.

Опасининг ғийбат қилавериши Ботиралини ҳамиятига тегди. Қаттиқ гапиришга мажбур бўлди.

- Опа! - деди бир келганида. - Яккаю ягона жигаримсиз, сизни яхши кўраман, лекин ҳаддингиздан ошмаяпсизми? Оилангизни, жиянларимни ўйласангизчи, нима қиласиз мени турмушимга аралашиб? Хотиним бечора келишингиздан безиб қолди. Бирор танбеҳ бермасмикан, деб юрак ҳовучлаб ўтиради. Яқинда насиб бўлса, фарзанд кўрамиз, унга ҳам таъсир қилади ахир бу ғиди-бидингиз.

- Э, шунақами? - Нисобону пичинг билан бошини чайқади. - Ишқилиб бола ўзингданми?

- Нима? - Ботирали беихтиёр бақириб юборди. Опасининг оғзидан чиққан гапи унинг кўксига ханжар қадагандек бўлди.

- Бу нима деганингиз опа, чиқинг, кетинг. Биз энди опа-ука эмасмиз. - Ботирали бошини чангаллаб ўтириб қолди: «Наҳотки, балки тўғридир».

...Ҳозир у соғлом идрок қилишга қодир эмасди.

Тоғаймурод ШОМУРОДОВ.