«Англизпараст» тамғасини большевиклар ўйлаб топган

Беҳбудийга қўйилган «англизпараст» тамғасига ҳеч қандай асос йўқ. Негаки, унинг сафдоши Фитрат «Англиз ва Туркистон» мақоласида инглизларнинг жосуслари кўпайганлигини, бунинг сабабини (уларнинг асосий мақсадларини) очиб бераркан, Туркистоннинг инглизлар билан иттифоқ тузишини номаъқул йўл деб хулоса чиқаради.

«Шул суратда Туркистоннинг толеъи нимадир?

Уни туркистонликларнинг ўзлари тайин қиларлар, аммо иттифоқ ва иттиҳод этиб, бутун фикрларини бир нуқтада тўплағандан кейин!..» (Абдурауф Фитрат. Танланган асарлар. III жилд. Драмалар, мақолалар. Т., «Маънавият», 2003, 203—205 бетлар).

Ушбу иқтибосда Туркистон жадидларининг асл мақсади яққол эътироф этилади. Туркистоннинг тақдири бошқа давлатлар томонидан эмас, ўз халқи томонидан яратилиши керак!

Бу ҳақда Беҳбудийнинг ўзига ҳам мурожаат қилишимиз мумкин. Унинг «Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат» («Ҳуррият» газетаси, 1918 йил 26 январь) мақоласида шундай даъват бор: «...сиз билингки, ҳақ олинур, лекин берилмас. Инчунин, мухторият-да олинур, лекин берилмас. Яъни, мухториятни Туркистон болаларининг ўзи бирлашиб, ғайрат ила олур. Албатта, бошқалар тарафидан берилмас. Бошқаларнинг қўлидан келса бермаслар».

Хўш, Ғарб давлати билан иттифоқ тузиш мақсад эмас экан, «англизпараст»лик тамғаси нега уларга ёпиштирилди? Бу 1919 йили Беҳбудий ва унинг ҳамроҳлари «асрорангиз суратда» (Ҳожи Муин фикри) йўқолганлиги воқеаси билан боғлиқдир.

Атоқли олим Наим Каримовнинг аниқлашича, Беҳбудий ва ҳамроҳлари Вилсон (АҚШ президенти) билан учрашиши лозим бўлган (хабарингиз бор, Беҳбудий ва ҳамроҳлари қатл этилади). Иккинчи гуруҳ ҳақида олим Сирожиддин Аҳмад «Йўлбошчи» (Мунавварқори Абдурашидхонов. Танланган асарлар. Т. Маънавият, 2003 йил) мақоласида ёзишича, Ориф Каримий  ҳамроҳлари билан «Қашқарга йўл олди. У ерда Англия ва Япония вакилларига Бухоро, Хоразм ва Туркистон ҳукуматлари номидан ёзилган хатни топшириши тайин этилади. Аммо Олмаотага яқин жойда улар қўлга олинадилар». Ана шу муносабат билан Мунавварқори ҳам 30 мартдан 1 декабргача ҳибсда сақланган. Демак, большевиклар Россиянинг душманлари иштирок этадиган анжумандан ёрдам сўрашга интилганлари учун Беҳбудий ва Мунавварқорига “англизпараст”, айбловини қўйишган.

Фикримизча, ўша давр қудратли давлатлари раҳбарларига ёзилган бу хатларнинг мазмуни қандай бўлишидан қатъи назар, улар юртимиз озодлиги, миллат равнақи қайғусида ёзилгани аниқ. Қизил мустамлакачи наздида ушбу мактубларнинг четга чиқарилиши «жосуслик» бўлиши мумкиндир, бироқ миллат манфаати нуқтаи назаридан қараганда, бу озодликка чиқишга бўлган яна бир ҳаракатдир. Шу боис жадид боболарнинг ҳар қандай шароитда, яъни чор Россияси бўладими, Мувваққат ҳукумат ёки совет тузуми бўладими, ён-атрофдаги бошқа давлатларни ҳам инкор қилмаган ҳолда, имконият топиб, ҳамкорлик асосида миллатни озодликка чиқариш ғамида бўлганликлари том маънода қаҳрамонлик эмасми!

Беҳбудий, Мунавварқори ва уларнинг сафдошлари исломчилик, туркчилик ҳаракатларининг Туркистондаги вакиллари бўлмаганлар. Балки, ўзлари уларга нисбатан янги – маърифат асосида озодлик ғоясини мақсад билган жадидчилик ҳаракатини яратганлар, халқ орасига ёйиб, ривожлантирганлар. 

Мунавварқори Абдурашидхонов Қуръонни ёддан билган, Маҳмудхўжа Беҳбудий муфтилик қилган, демак, улар шариат илмининг билимдони бўлганлар. Ана шу диндор боболар ўзлари орзу қилган озод юртда парламент – Миллат мажлисини ташкил этиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги инобатга олинган қонунлар тузиш ниятида бўлганлар, бу мақсад йўлида инсон учун энг азиз бўлган жонларини тикканлар. Бугун жадид боболаримиз орзусидаги мустақил юртда яшаяпмиз, фақат мақсад ривожлантирилган, яъни қўлга киритилган озодликни асраб-авайлаш, дунёда тенглар ичида тенг бўлиш учун тараққий этишдир.

Исломга эса ҳеч қандай монелик йўқ. Ўтган уламолар Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий, Баҳоуддин Нақшбандий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хўжа Аҳрор Валий ва бошқа азиз авлиёларимиз ёдга олиниб, руҳлари шод этилди. Улар қаторида гоҳ муаллим, гоҳида педагог, драматург, журналист, муҳаррир, мутаржим, муфти, сиёсатчи, иқтисодчи, адвокат, раҳбар... қисқаси, озодлик йўлида шароит нимани тақозо этса, ўша ишни катта-кичиклигига қарамасдан сидқидилдан бажарган Беҳбудий ва унинг издошлари ҳам ана шундай эҳтиромга муносибдирлар. Уларнинг ижоди, саъй-ҳаракатлари авлодлар учун абадий ўрнак бўлиб қолади.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор)