Жадидчилик қайси ҳаракатга нисбатан янги?
Истиқлолнинг дастлабки йилларида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг публицистик фаолияти бўйича диссертация ёқланди.
Ушбу илмий иш, жумладан, Беҳбудий шахси ҳақида аллома Иззат Султон фикр билдирар экан, жадидчилик ҳаракати намояндаларининг ҳаёти ва ижоди тадқиқ қилинаётганидан мамнунлигини айтиб, жадидшунос тадқиқотчилар олдида турган вазифаларни билдирганди.
– Жадидларни оқлаб олдик. Лекин совет замонида Беҳбудий, Мунавварқори ва яна бир неча жадидларга қўйилган «панисломист», «англизпараст» деган афсоналарни ҳам чилпарчин қилиб ташлаш вақти келди.
Атоқли олим Иззат Султон бугун орамизда йўқ. Унинг сўзлари эса васият бўлиб қолди. Бу орзуга Беҳбудий, Мунавварқориларнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан орден билан тақдирланган куни эришилди, албатта. Лекин уларга нега шу тамғалар қўйилгани сабабларини ўрганишда давом этиш керакки, топилган маълумотлар тарихимизнинг ёпиқ сақланган зарварақларини ўқишга сабаб бўлади.
Собиқ иттифоқ даврида Беҳбудийнинг муфтилиги, Мунавварқорининг Қуръонни ёддан билиши, яъни диндорликлари уларнинг юрт миқёсидаги эътирофларига тўсқинлик қилган бўлса керак, деган фикрда эдик. Маълум бўлдики, Беҳбудий Самарқанд жадидларига карвонбоши, Мунавварқори Тошкентда жадидларга йўлбошчилик қилган, вақти келганда «Ҳақ олинур, берилмас» каби даъватларни айта олган инсонлар ҳам улар эди. Қолаверса, миллатнинг бу мунавварлари кўплаб ёшларни атрофларига жамлагандилар. Ашурали Зоҳирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Авлоний, Садриддин Айний каби юрт фидойилари фикримиз далилидир. Шу боис совет даври сиёсатига оид кўплаб китобларни таҳлил этганимизда Беҳбудий ва Мунавварқорининг фақат «англизпарастлиги» эмас, балки панисломизм ва пантуркизмнинг Туркистондаги вакиллари сифатида айбланганлигига гувоҳ бўлдик (бу ҳақда қаранг: Фадеева И.Л. Официальные доктрины в идеологии и политике Османской империи (Османизм-панисломизм). М., «Наука», 1985).
Бу тамғанинг тарихи Россия “охранка”сининг ўтган аср бошидаги хулосаларига асослангандир. Ғоявий жиҳатдан «ўзгача» бўлган советлар бу хулосаларни ҳукм сифатида қабул қилиб, тузум йиқилгунга қадар фаол қўлладилар. Ҳатто, мустақилликка эришганимизга ўттиз йилдан ошган эса-да, уларнинг номларини эҳтиёт бўлиб ишлатадиган олимларимиз ҳануз йўқ эмас.
Бунинг сабаби, фикримизча, жадидларнинг асл мақсадларини турлича тушуниш ва талқин этишдадир. Масалан, сарлавҳага диққатингизни тортамиз: кўпчилигимиз жадидчилик ҳаракатига эскилик тарафдорлари «қадим»чилар қаршилик кўрсатишгани боис, улар тутган йўриққа нисбатан янгидир, деймиз. Бошқамиз Дукчи Эшон қўзғолонини кўз олдимизга келтириб, жадидчилик шу кураш тарзига нисбатан янги ҳаракат деган хулоса чиқарамиз. Негаки, ўша давр, хусусан, жадидчилик ҳақида тадқиқотчиларнинг жуда кўп мақолалари эълон қилинди, диссертациялар ёқланди. Бироқ бу қарашлар тадқиқотчиларнинг бир (мустабид) жамиятдан иккинчи (мустақил) жамиятга ўтиш давридаги турлича фикрларга, яъни жадидчиликка муносабати ҳар хил эканлигига асосланган.
Таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов профессор Бегали Қосимовнинг «Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик» китобига ёзган сўзбошида шундай асосли фикр битилган: «Жадидчилик тўғрисида ўзимизда ва хорижда кўп асарлар ёзилган, албатта. Лекин, биринчидан, уларнинг ҳаммасида ҳам жадидчилик тўғри талқин қилинавермайди. Аксариятида у бир томонлама маданий-маърифий ҳаракат сифатидагина баҳоланган. Иккинчидан, шу пайтга қадар жадидизм ҳақидаги тасаввурларимизни бир жойга йиғадиган, ютуқ ва камчиликларимизни умумлаштирадиган китоб йўқ ҳисобида эди. Шу жиҳатдан Бегали Қосимовнинг мазкур тадқиқоти бугунги кунда, айниқса, миллий истиқлол мафкурасини шакллантираётган бир пайтда жуда катта илмий-амалий аҳамият касб этади».
Дарҳақиқат, устоз олим Б.Қосимов ушбу тадқиқотида жуда катта ахборотни бир жойга жамлаб, масаланинг тарихи, «жадид» сўзининг истилоҳи, йўналиши, намояндалари ижоди ва фаолиятини бир бутун тизимга солиб китоб, тайёрлаган. Бу - жадидшуносликда воқеа бўлди, албатта.
Баҳсимизни ана шу китобга таянган ҳолда олиб борсак айни муддао бўлар эди. Аввало, Б.Қосимовнинг жадидчилик характери – йўналиши ҳақидаги ўринли фикрига эътибор қаратсак:
«Жадидчилик оқим эмас, ҳаракат. Ижтимоий, сиёсий, маърифий ҳаракат. Яқингача ҳам у фақат маърифатчилик ҳаракати деб келинди. Бу атайлаб қилинган эди. Мақсад – жадидчиликнинг доирасини торайтириш, социалистик-коммунистик мафкурадан бошқаси кенг халқ онгини қамраб олиши, эгаллаши мумкин эмас, деган сохта тушунчаларнинг асорати эди. Аслида эса:
1) жамиятнинг барча қатламларини жалб эта олди. Уйғониш мафкураси бўлиб хизмат қилди;
2) мустақиллик учун кураш олиб борди. Унинг ғайрат ва ташаббуси билан дунё кўрган Туркистон мухторияти бу йўлдаги амалий ҳаракатнинг дастлабки натижаси эди;
3) маориф ва маданиятни, матбуотни ижтимоий-сиёсий мақсадларга мослаб чиқди».
Иқтибосдан ўзимизга керакли хулоса чиқарадиган бўлсак, демак, жадидчилик – ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаракат бўлиб, унинг асосий мақсади мустақилликка эришиш бўлган.
Яна ўша савол: жадидчилик қайси ҳаракат(лар)га нисбатан янги?
Жавоб излаганимизда «қадимчилик»нинг ҳаракат эмаслиги ўз-ўзидан аён бўлиб қолади.
Биринчидан, Марказий архив ҳужжатлари орасида масжид имомлари, мадраса домлаларининг мустамлакачи ҳукумати томонидан саралаш бўйича йўриқномалари, уларнинг топшириғини бажарадиган тоифаларнинг тайинланиши).
Иккинчидан, мустамлакачига нисбатан кўтарилган турли қўзғолонлар (масалан, Дукчи Эшон қўзғолони) ҳам ҳар томонлама ўйланган, яқин ва узоқ мақсадлари белгиланган ҳаракат даражасида бўлмай, балки стихияли характерда эди.
Саволга жавоб эса ўша даврда дунёда содир бўлган воқеалар билан боғлиқ. XIX асрда Ғарб давлатлари Осиё ва Африка давлатларини босиб, тўғрироғи, бўлиб олдилар. Бу ҳақда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Фитрат асарларини ва мустақилликка эришгач кўпгина манбаларда, хусусан, Ўзбекистон янги тарихининг совет мустамлакачилиги даврига оид жилдида, юқорида номи зикр этилган китобда таъкидланди. Шарқ халқлари зиёлилари, юрт фидойилари мустамлака зулмидан қутулишнинг чора-тадбирларини қидира бошладилар. Уларнинг энг машҳури ислом байроғи остида бирлашиш (мустамлакачилар унга панисломизм деб ном бердилар) ғоясидир. Бироз вақт ўтгач, бу байроқ остида бирлашиш мумкин эмаслиги маълум бўлди, энди турк бирлиги масаласи кун тартибига қўйилди. Бизга таниш бўлган туркчилик ҳаракати (ғарбликлар уни пантуркизм деб атадилар) ана шу асосда келиб чиқди. Туркистон зиёлилари Шарқ мамлакатларига қилган саёҳатлари пайтида у ердаги ўзгаришларни кўрганлари ва бу улар фаолиятларига таъсир кўрсатганлиги, ёзган мақолаларида ўша руҳ ҳукмрон бўлганлиги ҳам бор гап.
Фикримизга далил сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Тарих ва жуғрофия» мақоласини («Туркистон вилоятининг газети», 1908 йил, 30 ноябрь) келтириш ўринлидир. Унда ислом дунёси, унинг бир қисми бўлган Туркистоннинг европаликлар босиб, бўлиб олганликлари очиқ баён қилинади. Мазкур мақола хулосасидан бир парча: «Хулоса, Оврупони жануби-ғарбидаги мамолики исломия маҳв ва нопадид (кўринмас, таъсирсиз – Ҳ.С.) бўлди. Аҳли исломиясини баъзиси ҳайдалди. Баъзан асир, баъзан таҳриқ қилдурилди ва бу кун улардан на ном бор ва на нишон. Оврупо васаттиға қарасангиз, Серб, Булғор, Қирим, Курид, Қибрис, Юнон, Рум ила хитталари (ўлка, ер юзи – Ҳ.С.) кетди, ҳоло кетмакдадур. Бир карра Африқо харитасига назар қилайлук. Танжа кетди, Тароблис, Тунис, Занжибар, Судан, Мадагасқар исломиялари қисман кетди ва қисман кетмакдадур...
Азиз жолисим, сизға сўйлаб турибман, фаҳмлайсизму? Ҳайҳот, ҳайҳот, умумий Осиё қитъасиға 600 миллийун қадар мусулмон борки, андин ўн милийуни Осиёи сафро ва жазират-ул-Арабға сокин ва Усмонли ҳукуматиға тобеъ, 9 милийун Эронға, 6 милийуни Афғонға, 2 милийуни Бухоро, милийуни Хива, 1 милийуни Булужистон, 12 милийуни Ҳайдаробод деган, 1 милийуни Уммон ва милийундан ками Жумҳур ҳукумати исломиясиға тобеъ бўлуб, бақя 50 милийуни Хитой ва 50 милийуни инглисға ва 50 милийун қадари, яна 40 милийуни Жазоир, Баҳри кабир мусулмонлари ила баробар Инглис, Франса, Каландия, Испания, Руссия ва ўзга давли(давлатлар – Ҳ.С.) насрониясиға тобеъ. Биз Осиёи вусто (ўрта – Ҳ.С.) ва шимолий сокинларидан Руссия давлатиға тўғридан тўғри тобеъ...»
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг Россия ҳукмронлиги даврида ёзилган бу мақоласи «Танланган асарлар»ига киритилмаганлиги учун каттароқ иқтибос олдик. Беҳбудий «Ҳайҳот», дея ҳайқириб ёзган бу мақолада, эътибор берган бўлсангиз, Туркистон дарди ислом дунёси муаммолари фонида кўтарилган.
Жадид боболар бошқа мустамлакада қолган халқлар сингари юртни озод қилиш учун бировлардан ёрдам кутганларини ҳам қоралаш мумкин эмас. Лекин, ҳаёт шуни кўрсатдики, жадидлар на исломчилик, на туркчилик байроғи остида бирлашиб, мустамлака асоратидан озод бўлиш қийин эканлигини англаб етдилар.
Шу ўринда айтиш жоизки, жадидчилик ҳаракати асосчиси, қирим-татар зиёлиси Исмоилбек Ғаспирали биринчи бўлиб мустамлакачининг руслаштириш сиёсати ва унинг оқибатларини аввалдан англаб етиб, Россия ҳудудида яшайдиган мусулмонларнинг ўқиб, ўрганиб, шунга яраша ҳаракатда бўлиши лозимлигини таъкидлади. Беҳбудий ва Мунавварқори Ғаспиралини устоз билиб, унинг фикрларига таяндилар, албатта.
Бироқ, “Охранка” уларнинг ҳеч бирини «шпион»ликда ёки давлатни сотганликда айблай олмади. Чунки, улар сиртдан жуда беозор бўлган, маърифат орқали тараққий этиш, бошқа миллатлар (хусусан, рус миллати) билан тенг бўлиб яшаш ғоясини илгари сурдилар. Улар озодлик сўзи ўрнига тараққий сўзини қўллай бошладилар.
Ёдга олинг: Мунавварқорининг саъй-ҳаракати билан ташкил этилган ва мустамлакачи томонидан тезда ёпилган Туркистон жадидларининг биринчи газетасининг номи ҳам «Тараққий» эди. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг кўплаб мақолаларида ушбу атама ишлатилган, лекин 1917 йил февраль воқеаларидан кейин миллат орасида ноиттифоқлик келиб чиққан бир фурсатда ёзилган мақоласида тараққий сўзининг ишлатилганлигига эътибор беринг: «Муҳтарам ёшлар! Замон сизникидур, қарилар замони ўткан. Сиз киромға бобасират бўлуб, ўн дафъа ўлчаб бир дафъа кесингиз. Оташинлик ва тезлик ила иш бўлмас. «Ал-ажла минаш-шайтон!» (Шошган шайтондандур – Ҳ.С.). Бу фикрни бошингиздан чиқарингизким, сизнинг ўз бошингизға тараққий қилмоғингиз мушкулдур. Балки бутун шаҳрингиз ва миллатингиз ила тараққий қилурсиз. Мен ҳам йигирма йилдан бери ҳаракат қиларманким, тараққий пайдо бўлсун. Шуни сизлар ҳам билурсизки, ўн ва йигирма нафар ила тараққий бўлмайди ва бўлмас экан. Бинобарин, ўрта ва бу қадар имкон кўпроқ киши майл қилатурғон йўл ила тараққий этмоқ керак ва унсиз бошқа чора йўқдур».
Энди тараққий сўзи ўрнига мухторият, мустақиллик, озодлик сўзларини қўйиб кўринг!
Олмон олимаси Ингеборг Балдауфнинг «Маҳмудхўжа Беҳбудий Фаластинда» мақоласида шундай фикр бор: «Беҳбудий ўқувчиларга (гап «Саёҳат хотиралари» асари ҳақида бораяпти – Ҳ.С.) Фаластинда яшовчи араб мусулмонларининг тақдирини намойиш этади. Баъзилар бу қиёслаш орқали Беҳбудий панисломизм ғояларини ёйишга ҳаракат қилган деб ўйлашлари мумкин. Йўқ, аксинча, Беҳбудий бунга мутлақо интилмайди, баъзи ҳолларда эса фаластинлик мусулмонларни «кир-чирга ботган араблар» деб тасвирлаб, ҳурмат-эътиборга кўпроқ лойиқ бўлган туркистонликлар бир чеккада қолиб, империячи кучлар арабларнинг эътиборини қозонишга уринаётганидан ғайирлиги қўзиганини ҳам яширмайди. Бир диндаги кишиларнинг яқинлиги ясамадир, чинакам бирдамлик эмас; камдан-кам ҳоллардагина Беҳбудий «барча мусулмонларнинг бирлиги» тўғрисида сўз юритади. Маҳмудхўжа тушунчасидаги бирдамлик фақат унинг ўз миллатига тааллуқлидир. Миллат эса фақат диний эмас, балки диний ва маконий нуқтаи назардан таърифланиши лозим, яъни Беҳбудий «барча мусулмонларнинг бирлиги» деганда, фикримизча, биринчи навбатда, Ўрта Осиё мусулмонларининг бирдамлигини тушунган бўлса керак. Шу бирдамлик тушунчаси Беҳбудийнинг сиёсий нуқтаи назарини ҳам белгилайди».
Балдауф хонимнинг фикрига изоҳ шарт бўлмаса-да, Ўрта Осиё сўзини ўша давр атамаси билан Туркистон дея ўзгартирсак тўғри бўлади назаримизда.
Ислом байроғи остида бирлашув ғоясини Беҳбудийнинг «Улуғ Туркистон» газетасида (1917 йил, 12 июнь) чоп этилган «Баёни ҳақиқат» мақоласидаги парламент хусусидаги фикрлари ҳам инкор этади: «Биз истаймизки, Туркистон мусулмонлари бундаги русий, яҳудий ва бошқалар қўшилган ҳолда, ўз бошлариға Руссияни бир парчаси ҳисобланадурғон Туркистон ҳукумати таъсис этсак, ўзимизни мажлиси мушоваратимиз «парламентаризм» бўлсун».
Большевиклар ҳокимиятни қўлга киритгач, Беҳбудий «Руссияни бир парчаси» бўлишдан воз кечди, бироқ озод Туркистонда қонунларни Миллат Мажлиси чиқариши лозимлигини таъкидлади: «Мухториятни Миллат Мажлиси ҳар бир халқға нафъини кўзда тутуб қонун чиқарур».
Ана шу қарашнинг ўзиёқ ислом ёки турк байроғи остида ягона давлат ташкил этиш мақсади йўқлигини кўрсатади. Лекин бу қарашлар исломчилик, туркчилик ғояларини ўргангач, англагач шаклланганлигини ҳам инобатга олмоқ жоиз. Иззат Султон айнан шу хусусда: Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг улуғлиги – унинг келажакни кўра билишидадир, масалан, унинг давлатни парламент асосида тузиш борасидаги ғоясининг тўғрилигини бугунги авлод англаб турибди, деганди.
Абдурауф Фитратнинг «Аруз ҳақида» рисоласида шундай фикрни ўқиймиз: «Бизда жадидизмнинг биринчи даври панисломизм байроғи остида юрди... Бора-бора панисломизм, пантуркизм, ўзбек миллатчилиги бир-биридан айрим хатти-ҳаракатлар тарзида ажралади». Фитратнинг ушбу фикри ҳам жадидчилик панисломизм ва пантуркизмга нисбатан ўзгача ҳаракат бўлганлигини англатади.
Қандай пайтда мавжуд ҳаракатларга нисбатан янгисини тузиш эҳтиёжи пайдо бўлади? Албатта, ўша ҳаракатлар дастуридаги мақсадлар, унга эришиш йўллари мос келмаганда ёки инкор этилганда!
Фикримизча, жадидчилик ҳаракати исломчилик, туркчилик ҳаракатлари каби мустамлакачиликка қарши кураш ғоясини ўзида мужассам этган бўлса-да, лекин миллий-озодликка эришиш йўли юқоридаги ҳаракатларга нисбатан янгичадир.
Истиқлолга ўз-ўзидан эришиб бўлмаслигини жадидлар жуда яхши англар эдилар. Истиқлолга эришгач эса давлатни бошқариш ва уни идора қилиш, ишлаб чиқаришни Европа давлатларидаги даражага кўтариш, дунё мамлакатлари билан тенг муносабат ўрната олиш, чет тилларни билиш лозим эди. Бунинг учун эса янги мактаблар очиб, унда асосан аниқ фанларга эътиборни кучайтириш, муносиб дарсликлар ёзиш, муаллимлар тайёрлаш, ёшларни чет элларга ўқишга юбориш масалалари кун тартибига қўйилди ва бу ишларнинг аксарияти амалга оширилди. Улар очган мактаблар, тартиб берилган дарсликлар, яратган пьесалар, ёзилган ҳикоя ва шеърлар, ривожланган давлатларда ўқиб келган ёшлар фикримизга асос бўла олади.
Ҳалим САИДОВ,
филология фанлари доктори, профессор.
(Давоми бор)