Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Дарғом канали милоддан аввалги V-VI асрларда қазилган

Фото: kun.uz

Дарғом - Зарафшон дарёсидан сув олинадиган қадимий канал. Равотхўжа қишлоғи яқинидаги тўғондан бошланиб, Улус чўлигача давом этади.

Тарихий манбаларда каналнинг милоддан аввалги V-VI асрларда қазилганлиги қайд қилинган. Клавдий Птолемей тузган харитада (II аср) Дарғом канали «Даргоманий» дейилган. Қадимда каналнинг бош тўғони бир неча бор хароб бўлган. Новларига қўрғошин ётқизилган. Бош тўғон 1220 йилда Чингизхон томонидан буздирилган. ХVIII асрдаги сув тошқинлари тўғонни бир неча марта ювиб кетган.

1920-1930 йилларда бош тўғон қайта тикланди, сув тақсимловчи қўшимча тўғонлар қурилди. Дарғом канали Янги Дарғом ва Айланма Дарғом каналларини ўз ичига олади. Дарғом каналидан сув Самарқанд шаҳрига Шавдор ва Боғишамол тақсимлагичлари орқали, Қашқадарё вилоятига эса Эски Анҳор канали орқали етказилади.

Бугунги кунда Дарғом каналининг умумий узунлиги 100 километр. Сув ўтказиш имконияти – 125 метр/куб.

Дарғом канали бўйида илгари Хишрав, Ертешар, Таллиғулон-1 ва Таллиғулон-2 гидроэлектр станциялари қурилган. Янги Дарғом Эски Дарғомга (бош қисмидан 11 километр наридан) қуюлади ва канал сувини кўпайтиради. Унинг узунлиги 10,5 километр, 600 метр масофада канал туннель бўйлаб ўтади. Айланма Дарғом канали Қашқадарё вилоятига секндига 45 метр/куб сув бериш зарурияти билан қурилган.

Бу канал бош тўғони ростлагич орқали Янги Дарғом билан умумий сув олиш ҳавзасига эга ва 20,5 километрдан сўнг Эски Дарғомга қуйилади. Ургут, Самарқанд, Пастдарғом туманларидаги 67,5 минг гектар, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Қамаши, Китоб туманларидаги 50 минг гектар ер суғорилади.

1220 йилда Чингиз босқинчилари томонидан Дарғомнинг юқори қисми бузиб ташланган. Оқибатда Самарқанддаги қишлоқ ҳудудларини сув босган. Шу сабаб маҳаллий халқ Дарғом номини «Дарду-ғам», деб атаганлар. Бу ном форс тилидан олинган.

Ҳозирги кунда Дарғом каналининг максимал сув сарфи 100-113 метр/секундни, ўртача сув сарфи 25-50 метр/секундни ташкил этади.

Каналда ёз ойлари сув кўпайиб, тўлиб ва лойқаланиб оқади. Дарғом каналидан Самарқанд вилоятининг Ургут, Тайлоқ, Самарқанд ва Пастдарғом туманларининг қишлоқ ландшафлари ва экин майдонлари сув ичади.

Дарғом канали бўйлаб Таллиғулон ва Хишрав гидроэлектростанциялари қурилган. Канал атрофида истироҳат боғлари, хиёбонлар, ҳовузлар, мевали боғлар, токзорлар ва чойхоналар ташкил этилган. Дарғом каналидан жануброқда унга параллел жойлашган Янги ариқ канали оқиб ўтади.

Талъат АБДУЛЛАЕВ.