Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Узоқ давом этган улфатбозлик 22 йиллик панжара ортига йўллади

Ичкиликка ружу қўйган киши аввало, жамиятда ўз ўрнини топа олмайди, оилавий ҳаёти издан чиқади, ҳатто фарзандлари ҳам уни тарк этиб, ёлғизликка маҳкум бўлади.

Раҳматилла Маҳрамов ҳам ёлғиз яшарди. Ҳаёти давомида турли жиноятларга қўл урди, бир неча марта судланди, жазо муддатини ўтаб қайтди. Маҳалла раисидан иш сўраганда уни ободонлаштириш бўлимига ишга жойлаштирди. Қўшимча даромад олиш учун уйида сартарошлик қиларди. Ҳаммаси изига тушаётгандек эди.     

Аммо оғу аталмиш ичкиликнинг касофати унинг ҳаётини яна остин-устун қилиб юборди.     

М.Аҳмедов ва Ф.Норматовлар кеч бўлганда Р.Маҳрамовнинг уйига маст ҳолда кириб келишди. Ф.Норматов унга сочини олдиришга келганини айтди.  Улар ўзлари билан спиртли ичимлик ҳам олиб келганди.

Ширакайф улфатларнинг хатти-ҳаракати ҳеч бир қолипга сиғмасди. Ичкиликнинг таъсиридан оғзига келганини қайтармас, унинг сочини олаётган Р.Маҳрамовни бир неча бор “бобой” деб ҳақорат қилди. Бу ҳолат М.Раҳимовга ёқмаса-да, жавоб қайтаришга шошилмади. Сабаби, бу пайтда улар ҳали ўзлари билан олиб келган ароқни ичмаган, тетик эди. Қолаверса, ўзидан ёш бўлган икковлонга кучи ҳам етмасди. Аммо бу ишлари учун улардан қасд олишни мўлжаллади.                          

Улар биргалашиб ароқ ичишди. Улфатбозлик узоқ давом этди. “Меҳмон”лар ўзларини билмай қолар даражада эди. Шу ерда ётиб қолишди. Р.Маҳрамов эса уларнинг ўзларини идора қилолмайдиган аҳволдалиги ҳамда ухлаб қолганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг ўйлаб қўйган режасини амалга оширишга киришди.

Ошхонага кириб, аввалдан тайёрлаб қўйган ошхона пичоғини олиб чиқди ва ухлаб ётган Ф.Норматовнинг танасига урди. У оғриқдан инграб юборди. Унинг овозини эшитиб, М.Аҳмедов уйғониб қолиши ва режаси амалга ошмай қолишидан чўчиган Р.Маҳрамов тезда М.Аҳмедовнинг ҳам танасига қўлидаги пичоқ билан бир неча бор урди. 

Қонга беланиб ётган улфатлар уни энди хавотирга сола бошлади. Қилган ишининг оқибатини англагандек бўлди... Кўчага чиқиб, қўшниларидан бирига қилган ишини айтди. Улар “Тез ёрдам”га ва ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилди. Етиб келган шифокор Ф.Норматовга биринчи ёрдамни кўрсатди. Аммо М.Аҳмедовга ёрдам бериш учун кеч бўлганди. 

Инсонга ҳаёт деган неъмат бир марта берилади. Уни қандай ўтказиш эса ҳар бир кишининг ўзига боғлиқ. Р.Маҳрамов ҳам ичкилик оқибатида қилган жинояти учун қонунчиликка асосан, умрининг яна йигирма икки йилини панжара ортида ўтказадиган бўлди.  

Т.Қодиров,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд вилоят суди судьяси.