Самарқандда ичкилик оқибатида танишини пичоқлаган йигитга қамоқ жазоси тайинланди
Спиртли ичимликларни истеъмол қилиш соғлиқ учун зарар. Меъёридан ортиқ ичкилик ҳар қандай инсонни ақлидан айиради. Бунинг оқибатида жиноят кўчасига кириб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Жиноятлар таҳлилига назар ташланса, айнан ичкилик туфайли содир этилган жиноятларнинг аксариятида айбланувчи воқеа пайтида ўз хатти-ҳаракатини билмайди.
2019 йил 16 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судида судья Б.Алиқулов раислигида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбланган Олим Жониевга (исм-фамилиялар шартли) оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Иш ҳолатларига кўра, О.Жониев 2019 йил 7 май куни соат 01:00 ларда ўзи вақтинчалик яшаб келаётган Самарқанд шаҳар, Ал-Хоразмий 1-тор кўча, 14-уйда таниши Одил Нортоев билан спиртли ичимлик истеъмол қилади. Улар мастлик ҳолатида ўзаро жанжаллашиб қолади ва жанжал давомида Одил Олимга тан жароҳати етказади.
Шунингдек, Одил Олим билан яшаб келаётган таниши Холида Валиевага ҳам тегажоғлик қилади. Бу эса Олимнинг рашкини келтиради ва О.Нортоевни қасддан ўлдириш мақсадида хонадонда бўлган ошхона пичоғи билан қуролланади. Кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилган, оғир даражадаги мастлиги сабабли ўз ҳаракатларини идрок эта олмайдиган О.Нортоевга ташланиб, унга танасининг кўкрак қафаси, бўйин ўнг томон орқа юзасига санчилган-кесилган тан жароҳатлари етказади.
О.Нортоев ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ҳодиса жойидан қочиб кетаётган вақтида, олган тан жароҳатлари натижасида Самарқанд шаҳар, Ал-Хоразмий кўчаси, 10-уй олдида ҳалок бўлган.
Суд ҳайъати содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини ҳуқуқий баҳолаб, Олим Жониевни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва унга 16 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Шунингдек, судланувчи О.Жониев ҳисобидан жабрланувчи Одил Нортоев фойдасига 6 миллион сўм дафн харажатлари ундириш белгиланди.
Жиноят ишлари бўйича вилоят суди.