Самарқандлик “уддабурон Мавлонбой”нинг 7,5 йиллик қамоқ жазоси ўзгаришсиз қолди

У 27 нафар фуқарони ёки уларнинг фарзандларини Жанубий Корея давлатига ишга юбориш учун ҳужжатларини расмийлаштириш ва имтиҳондан ўтказиб беришликни ваъда қилиб, жами 80 минг 900 АҚШ доллари олган.

Одатда бирор шахс ишга жойлашса, ҳамма ундан қандай қилиб ёки ниманинг эвазига бунга эришганлигини билишга ва ундан фойдаланишга уринади.

Мисол сифатида келтирмоқчи бўлган ҳолатда кўплаб фуқаролар, чет элга ишга бориш ва меҳнат қилиб катта даромад топиш илинжида “уддабурон Мавлонбой”га мурожаат қилган. Ўзи ёки фарзандини Жанубий Кореяга юбориш учун жамғармасидан ёки қарзга пул олиб, ҳожатини чиқаришни сўраган.

Жиноят ишидаги далилларга кўра, Мавлонбой ўзининг фирибгарлик фаолиятини 2012 йилда бошлаган. У фуқароларни Жанубий Кореяга юбораман деб, ишончига кириб, ҳужжатларини расмийлаштириш ва имтиҳондан ўтказиб беришни ваъда қилиб, одамига қараб, баъзиларидан 1000 доллардан 8000 долларгача бўлган пулларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.

Аммо жабрланувчиларни Кореяга юбормасдан пулларини ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Мавлонбой ўзининг фирибгарлиги ҳақида мурожаат қилган фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан қўзғатилган жиноят ишлари бўйича 2017-2019 йиллар мобайнида 4 марта жиноий жавобгарликка тортилган. Жабрланувчиларга етказилган зарарларни қоплаб берганлиги боис озодликдан маҳрум қилиш боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

2020 йил 1 июлда Мавлонбойга нисбатан фирибгарлик фаолияти юзасидан жабрланувчига етказилган зарарни қопламаганлиги сабаб суд бешинчи жиноят иши бўйича 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Шундан кейин фирибгарлик фаолияти давомида тузоғига илинган жабрланувчилар ҳақида “айбига иқрорлик” аризаси билан тергов органига мурожаат қилиб, эсида қолган жабрланувчилар ҳақида маълумотларни тақдим этган.

Дастлабки ва суд тергови давомида тўпланган далилларга кўра, Мавлонбой фирибгарлик фаолияти юзасидан 27 нафар фуқароли ёки уларнинг фарзандларини Жанубий Корея давлатига ишга юбориш учун ҳужжатларини расмийлаштириш ва имтиҳондан ўтказиб беришликни ваъда қилганлиги, уларга 80 минг 900 АҚШ доллари миқдорида моддий зарар етказганлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг 2020 йил 9 декабрдаги ҳукмига кўра, Мавлонбойга Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбли деб топилиб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг ҳукм чиқариш кунидаги миқдорда ундириш белгиланди.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 12 январдаги ажрими билан Мавлонбойнинг ўзига тайинланган жазони енгиллаштириш ҳақидаги апелляция шикояти оқибатсиз, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Т.Қодиров,

Cамарқанд вилояти суди судьяси.