Қалбдан битилган умр қиссаси

Самарқанд шаҳридаги «Маҳорат» нашриётида “Ҳаётим сарҳадлари” китоби нашрдан чиқди.

Ушбу китоб бутун умрини таълим-тарбия ва илм-фан ривожига бағишлаган, халқ маърифати йўлида фидокорона меҳнат қилган педагог олим Ворис Солиевнинг ҳаёт йўли ва қалб кечинмаларини ўзида мужассам этган ноёб хотиралар мажмуасидир.

Китоб саҳифаларига Ворис отанинг йиллар давомида битилган кундаликлари, ҳаётий кузатувлари, самимий мулоҳазалари ва юракдан чиққан хотиралари жамланган. Бу саҳифаларда инсон умрининг энг ёруғ ва бахтиёр лаҳзалари ҳам, тақдирнинг оғир синовлари, машаққатли кунлари ва қалбда ўчмас из қолдирган дардли хотиралари ҳам ўз аксини топган.

Китобнинг бош мақсади Ворис отанинг ҳаёт давомида муҳим деб билган воқеаларини, ҳаётий тажрибасини ва эзгу ғояларини бир жойга жамлаб, келажак авлодларга маънавий мерос сифатида етказишдан иборат бўлган. Шу боис китобдан муаллифнинг болалик йиллари, ота-онаси, опа-сингиллари ва ука-инилари ҳақидаги қимматли хотиралари, мактаб ва институтдаги таҳсил даври, илм-фан йўлидаги илк қадамлари ҳамда меҳнат фаолияти билан боғлиқ кўплаб воқеа-ҳодисалар ўрин олган.

Хотираларнинг энг қимматли жиҳати шундаки, уларнинг барчаси Ворис отанинг ўз қалами, ўз тафаккури ва ўз нигоҳи билан ёзилган. У киши китобни якунлашни орзу қилиб, уни 2025 йилнинг ёз ойларида нашр эттиришни режалаштирган эди. Аммо тақдирнинг ҳукми бошқача кечди. Ворис ота 91 ёш остонасида вафот этди ва китобнинг чоп этилган нусхасини кўриш насиб этмади.

- Бу китоб узоқ йиллар давомида ёзилди, аммо муаллиф уни охирига етказишга улгурмади, - дейди қишлоқ хўжалик фанлари доктори, академик Диамат Абдукаримов. - Шунинг учун Ворис отанинг фарзандлари Нигора ва Озоджон ота армонини рўёбга чиқариш мақсадида қўлёзмаларни тартибга солиб, такомиллаштириб, нашрга тайёрлашди.

Китобнинг энг таъсирли жиҳатларидан бири шуки, унда Ворис отанинг ҳаётининг охирги кунлари, у киши кечирган синовлар ва тортган машаққатлар фарзандлари томонидан қалбдан чиққан дард ва ҳақиқий муҳаббат билан баён этилган. Шу сабабли рисола нафақат хотиралар жамланмаси, балки инсон қалбида қоладиган ҳаётий сабоқлар манбаи сифатида ҳам қимматга эга.

Шунингдек, китобдан Ворис отанинг шогирдлари, касбдошлари, дўстлари, қариндошлари, фарзандлари, набира ва эвараларининг самимий фикр-мулоҳазалари ва хотиралари ҳам ўрин олган.

Умуман, “Ҳаётим сарҳадлари” китобида жамланган ҳаётий воқеалар ва хотиралар меҳридарё инсоннинг келажак авлодларга қолдирган бебаҳо маънавий мероси, унутилмас ҳадяси сифатида қадрлидир.

Акрам БЎРИЕВ.