Нью-Йоркдаги ўзбек мактабида одобнома дарси ўтилади
Ҳа, шундай. Бугунги кунда Ўзбекистондан АҚШга бориб, яшаётган ўзбек оилалари фарзандлари ҳамда бошқа қизиқувчилар учун Нью-Йорк шаҳрида ўзбек тили ўқув маркази фаолият олиб боради.
Кўп йиллар Самарқанддаги олий ўқув юртларида, педогог ходимларнинг малакасини ошириш институтида фаолият кўрсатган, айни пайтда эса Америкада яшаётган филология фанлари номзоди, доцент Абдувоҳид Худойбердиев ана шу мактабда сабоқ беради.
Домла 2015 йилда “грен карт” билан океан орти мамлакатига кетган ва ўша ерда меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Ўша ерда туриб “Америкадан мактублар”, “Ўзбек тили дунё кезмоқда” деб номланган китоблар ёзди. Бу китобларда АҚШда яшаётган ўзбекистонликлар ва ўзбек миллатига мансуб кишиларнинг ҳаёт тарзи, оила ва фарзандлар таълим-тарбияси, миллий анъана ва қадриятларимизга, ўз она тилимизга муносабати ҳақида сўз юритган эди.
Абдувоҳид ака икки йил олдин юртимизга келганида ҳозирда АҚШда яшаётган ўзбек оилаларида туғилган фарзандлар она тилимизни билмаслиги, миллий урф-одатлар ҳам унутилиб бораётгани ҳақида куйиниб гапирган эди. Шу боис АҚШнинг кўплаб штатларидаги ўзбеклар жамиятлари томонидан миллий байрамларимиз биргаликда нишонланаётгани, турли қадриятлар давом эттирилаётганини айтганди. Хусусан, Нью-Йоркдаги ватандошларимиз ташаббуси билан ўзбек тили ўқитиш мактаби ташкил этилгани ва ўзи ҳам шу мактабда ўқувчиларга сабоқ бераётганини билдирганди.
Яқинда Абдувоҳид аканинг “Нью-Йорк мактабида одобнома” деб номланган дарслиги нашр этилди.
Ўзимизнинг мактабларимизда ҳам одобнома дарси ўтилади. Ўқувчиларга ёшлигидан миллий тарбия берилади, ота-онага, катталарга муносабат, кўча-кўйда одамлар билан муомала маданияти ва бошқа шу каби хусусиятлар ўргатилади. Шу жиҳатдан “Нью-Йорк мактабида одобнома” бироз фарқ қилади.
Аввало, китобда Алишер Навоий асарларидаги илоҳий ишқнинг моҳияти, Аҳмад Фарғоний, Имом Доримий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Бурҳониддин Марғиноний сингари алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти, Соҳибқирон Амир Темурнинг оила ва фарзанд таълим-тарбиясига оид қарашлари, муқаддас Ислом дини ғоялари содда ва тушунарли тилда баён этилган. Шунингдек, Ўзбекистон халқ ёзувчилари Тоҳир Малик, Муҳаммад Али ва бошқа ижодкорларнинг асарларидан намуналар келтирилган.
Мисол учун, Тоҳир Маликнинг “Одамийлик мулки” китобидан “Пул гўё ўткир қилич, дўстлик занжирини кесади”, “Инсон бахтиёр бўлиши учун яралган, бой бўлиш учун эмас”, сингари ҳикматли сўзлар келтирилган. Шунингдек, меҳмонда ва дастурхон атрофида ўтириш одоблари санаб ўтилган: таомни кам ейиш фойдали, таомни ёши катталар бошлаши керак, нон икки қўл билан синдирилади...
Эътиборлиси, китобда муҳожирликда яшашнинг ҳам ўзига хос тартиб-таомиллари борлиги баён этилганки, бу мутлақо бошқа турмуш тарзи, бошқача муомала-муносабат қарор топган давлатда ўзга бир юртдан борган кишилар ва уларнинг фарзандлари учун жуда керакли тавсиялардир.
“Эру хотин фарзандлари ризқу насибадан иқтисод қилиб, Ватанда уй, машина сотиб олиш, жамғармасини айлантириб туришни кўзлайди. Бу балки ўзини оқлар. Айримлар фоизга қарз беришни одатга айлантирган. Иш билан бўлиб, фарзандлари тарбиясидан узоқлашиб кетяпти. Олдин келганларда фарзанд билан ота-она ўртасида муаммолар кўпаймоқда”.
Дарсликда Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Мирзо Бобур ва бошқа аждодларимизнинг болалик йиллари, улар билан боғлиқ ибратли ҳикоялар ҳам келтирилган.
Балки, китобда ёзилган панд-насиҳатларни ота-оналар оила даврасида фарзандларига айтар, улар онгига сингдириб борар. Лекин мактабда ўз тенгдошлари билан бирга бу каби одоб-ахлоқ меъёрларини ўрганиб бориш болалар тарбиясига ижобий таъсир қилиши шубҳасиз.
Умуман, бугун дунё глобаллашиб, фарзандларимиз кўп вақтини интернетда, ижтимоий тармоқларни кузатиб ўтказаётган пайтда уларни бошқалар эмас, ўзимиз тарбиялашимиз, ўзимизга хос анъана ва қадриятларимизни ўргатишимиз, улар юртда ёки хорижда бўлишидан қатъий назар ўзлигини англашига, ҳаётда тўғри йўлни топишига ёрдам беради. Бу асло, кимлардир жар солаётганидек эркинликни чеклаш эмас.
Ғ.ҲАСАНОВ.