Янги китоблар:  Юрт ишқида ёнган ижодкор

Бу инсон ҳақида кўпчилик ёзган. Ёзилган мушоҳадаларда шоирнинг ижодий ютуқлари, ўзига хос характери, ҳаётидаги қизиқарли воқеалар, инсоний хислатларига гувоҳ бўласиз. Беихтиёр шоирнинг беғубор қалби, адабиётга ташналиги, одамларга кўмакка шайлиги, истеъдодига қойил қоласиз.

Халқ шоири, салоҳиятли журналист, серқирра ижодкор Нормурод Нарзуллаев (Нарзий) ўзбек адабиёти ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди, халқ дардини, туйғуларини қаламга олди. Унинг шеърлари, достонлари, таржималари йўқки, куйга солинмаган бўлса. “Ялла” ансамбли хонандаси Фаррух Зокиров ижросидаги “Юрт ишқида ёнаман” қўшиғи матни муаллифи айнан Нормурод Нарзуллаевдир. Бу қўшиқ ҳар биримизга ёд бўлиб кетишига қарамай, ҳар гал эшитганда қалбимизда Ватанга муҳаббат туйғуси мавжланади.

Нормурод Нарзуллаев 1934 йилда Қашқадарё вилоятининг Касби туманида Хўжаҳайрон қишлоғида таваллуд топди. Қарши  педагогика билим юртини тугатиб, Самарқандга ўқишга келди. Ва СамДУни имтиёзли диплом билан тугатди. Дастлаб Самарқанд, хусусан, “Зарафшон” газетаси, кейинчалик Қашқадарё вилоятининг қатор матбуот нашрларида фаолият юритди.

Шоир ижодий фаолиятини талабалик йилларидан бошлаган. Илк шеърий тўплами 1965 йилда “Суюнчи” номи остида чоп этилди. Кейинчалик бир қатор китоблари нашр этилди.

Нормурод Нарзий асарлари чет эллик шеърият мухлисларига ҳам яхши таниш, чунки унинг шеърлари инглиз, вьетнам, чех, немис, поляк, турк, ҳинд, испан, француз тилларига ҳам таржима қилинган.

“Янги аср авлоди” нашриётига чоп этилган қўлингиздаги китобда шоир, унинг ижоди ҳақида, сиз эшитган ва эшитмаган ижодкорнинг олами, характери замондошлари хотирасидан сўзлайди. “Нарзийнома” китоби ижодкорнинг 72 йиллик босиб ўтган ҳаёт сўқмоқлари, шеърлари, китоблари ҳақида китобхонга маълумот беради.

УМРИМ БАЁНИ...

Мазкур китоб бутун умрини адолат байроғини баланд кўтаришга, халқимизга ҳуқуқий ёрдам беришга бағишлаган, Биринчи Президентимиз ёнида туриб, янги миллий демократик давлат қуришда астойдил хизмат қилган, прокуратура тизимини халқимизга хизмат қиладиган адолатпарвар органга айлантиришда бевосита раҳбарлик қилган инсон Бўритош Мустафоевнинг ҳаёт йўли ҳақида.

Китобда дастлаб муаллиф ўзининг болалиги, оиласи, ҳаёт сўқмоқларида эришганлари, сабоқлари ҳақида ҳикоя қилса, иккинчи қисмида муаллиф, унинг ибратли ишлари ҳақида замондошларининг фикрлари билан безалган.

Бўритош Мустафоев ҳақида гапирсангиз нафақат Самарқандликлар, балки барча юртдошларимиз ажойиб дўст, ташаббускор инсон, халқпарвар раҳбар сифатида хотирлайди.

Б.Мустафоевни олийгоҳда бирга таҳсил олган дўсти, юридик фанлари доктори Ҳалимбой Бобоев “Тошкент давлат университетининг юридик факультети деярли ҳамма соҳаларда етакчи бўлса-да, бироқ сон жиҳатдан талабалар кам қабул қилинарди. Шунгами, барчамиз бир-биримизни яхши танирдик. Талабалик йиллари комсомол комитетининг ташаббускорлигида факультетда жуда кўплаб жамоатчилик асосида ишлар амалга оширилар эди. Бунда Бўритош энг ташаббускор ва фаол талаби сифатида иштирок этар, шу билан бирга аъло баҳоларга ўқир, жамоат ишларида ҳам бошқаларга ўрнак эди”, дея хотирлайди.

Прокуратура органларининг энг қуйи поғонасидан амалий фаолиятини бошлаган бу инсон ҳалол меҳнатлари, билимдонлиги боис республика Бош прокурори лавозимигача бўлган машаққатли, аммо шарафли ҳаёт йўлини босиб ўтди.

Муаллифнинг болалалик хотиралари билан ўртоқ бўлар экансиз, унинг болалигидан китобга ошно бўлгани, “Энг қадимги дунё тарихи” китобини ёд олгани, тенгдошлари маза қилиб ўйнаб юрганида қўлидан китоб тушмаганини айтади.

Китобни варақлар экансиз, Бўритош Мустафоевнинг сийратига чизгиларни, тажрибали ва талабчан раҳбар, дўстларига, шогирдларига меҳрибон киши қиёфасини учратасиз. У кишининг ибратли ҳаёт йўлида комил инсоннинг нурли қиёфаси гавдаланади.

Бўритош Мустафоевнинг “Умрим баёни” китоби шу йил “Books publisher” нашриётида нашр этилди. У Абу Язид Бастомийнинг “Энг яхши кишининг икки қўли ҳам тўғри бўлади, у бир қўли билангина эмас, икки қўли билан яхшилик қилади” деган жумлалар билан бошланган. Китобни мутолаа қилар экансиз Бўритош Мустафоевни ҳам мана шундай энг яхши кишилардан бири бўлганига амин бўласиз.

Насиба Жонтўраева.