Китобингизни ўқидим: Оқибатнинг меҳрли куйчиси

Қайсидир йили нашриётлардан бири “Олтин қалам” танлови ғолиби Мақсуд Жонихоновнинг публицистик мақолалари тўпланган китобига муҳаррирлик қилишимни сўради.

Яширмайман, дастлаб унинг расмий нашрда ишлаганини назарда тутиб бироз каловландим...Китоб қўлёзмасидаги биринчи мақолани ўқиганданоқ муҳаррирга муҳтожлик жойи йўқлиги маълум бўлди: ортиқча гап ишлатилмаган, сўзлар тўғри қўлланилгангина эмас, балки гавҳар шодасидек сараланган! Муҳаррирликдан воз кечилди. Мутахассис сифатида ўқишга киришдим ўзимча. Мақоладан мақолага ўтарканман муаллифнинг ҳаётий воқеа, деталлардан маҳорат билан фойдаланишига гувоҳ бўлдим. Мутахассис совуққон бўлиб ўқиш керак. Ўхшамади! Муаллифнинг мухлисига айландим. Кўзда ёш билан ўқишда давом этдим. “Мақолани ҳам йиғлаб ўқирканми, бадиий асар эмаску бу”, деди бир интернетчи талабам.Китоб мутолаасига сабри етармикан?”, деган савол хаёлдан кечган бўлса-да, “Бир ўқиб кўргин, болам”, деб қўя қолдим...

Мақсуд Жонихоновнингянги китобидан (Девор ортидаги ҳақиқатлар,Академнашр”, 2024 й.) дарак топиб, уни энди аввалги тажрибахулосаси ўлароқ мухлис мақомида хатм қилдим.

Китобга сиёсий фанлар олими, таниқлиижодкор Лазизжон Раҳматов кириш сўзи битибди. У мамлакатимизда кечаётган ислоҳотлар, санъат, адабиёт, одамларимиз тафаккуридаги ўзгаришлар, мафкуравий курашдаги оқсоқликлар, ёшлар маънавий дунёсидаги бўшлиқларнинг ижтимоий куюнчаклик билан очиб берилганини ишончли далиллар билан асослабди.

Биз эса мавзуга бошқача ракурсда қарашга ҳаракат қиламиз. Аввало, муаллифнинг ҳаётга, унинг қувончу ғамларига муносабатидаги самимийёндошувига муносабат билдирсак.

Китобда “Энтикиб эсланадиган Эшматов” деб сарлавҳаланган мақола шундай бошланади: “Инсон ҳар доим ҳавас билан яшаши керак. Кимнингдир феъл-атвори, кимнингдир иш тутуми, яна бировнинг уддабуронлигига ҳавас қилган одам ҳаётда ҳеч қачон кам бўлмаган. Аммо ҳар кимга меҳр қўйиб бўлмаслигини, ҳар ким билан дўстлашиш мумкин эмаслигини ҳаётнинг ўзи аста-секин кўрсатиб қўяркан. Ана шундай пайтда софдил инсонларнинг қадрига етиш керак экан, деб ўйлайсан. Негаки, софдил одамдан шайтон ҳам қўрқар экан. Қурбон Эшматов — ана шундай қалби беғубор инсон.

Мақоланинг киришини ёзишга қийналадиганталаба-журналистлар учун мастер-класс! Ўхшатишни қаранг! Бетакрор инсон, моҳир журналист Қурбон Эшматов ҳақида кўп ёзилган, лекин ҳеч бир ижодкор унинг тавсифи учун бутариқа жумла танламаган: унинг беғуборлигидан шайтон ҳам қўрқади! Албатта, қаҳрамон шундай алқашга муносиб инсон эди. Лекин ёзарманда самимият бўлмаса, қаҳрамондаги хислатларни, энг таъсирли мисолларни кўра олмайди, ҳис қила  билмайди, тасвирлашга сўз тополмайди. Аслидаям шундай. Меҳр сусайиб, оқибат узоқлашаётган замонда кўнгилда покликни сақлаб қолмасангиз бундай воқеалар моҳиятини англолмайсиз, уларни тасвирлаш учун сўзларни саралай олмайсиз. Роботга айланасиз...

Қисқаси, ҳаётдаги воқеаларнинг, деталларнинг сарасини танлай билиш нафақат маҳоратни, балки қалб поклигини талаб қилади. Муаллифдаги ана шу хислат аксар мақолаларида акс этади. Машҳур ҳофиз Шерали Жўраев ҳақида публицистик асар(“Санъатимиз жадидини унутмаймиз, унутолмаймиз”) қисқа бўлимчаларга бўлинган, лекин ҳар бирининг мавзуси алоҳида-алоҳидамақолага муносиб. Бирини ўқиб кўрамиз:

Бу мубталолик менга нима берди? Ҳофиз қўшиқ қилиб айтган сатрларни ёддан билардим. Баъзи жойларига тушунмасам, асл нусхасини топишга интилардим. Шу тариқа ҳазрат Навоийни, мирзо Бобурни ўқийдиган бўлдим. Шоҳ Машраб, ҳикматли Яссавийга муҳиб бўлдим. Фузулийни ўргандим, Мулла Паноҳ Воқифни танидим, Ҳамид Олимжонни, Ғафур Ғуломни ўқидим, Абдулла Ориф, Эркин Воҳидовларнинг мухлисига айландим.

Кейин билдим, менга ўхшаган жуда кўп экан. Китоб ўқимаса ҳам, оламнинг маъносини, одамнинг шарҳини тушунтириб берадиганларнингсаноғи йўқ экан. Бунга сабаб уларнинг аксариятиҳофиз қўшиқларидан дунёни англаб етганлар, чин ошиқлар эканлигини ҳам билдим кейин.

Ҳофизнинг қўшиқлари шунақа: олимгаайлантиради одамни.

Санъаткорларнинг қўшиғини эшитамиз, роҳатланамиз, бироқ улар бизга нималар берганини англамаймиз, баъзида тан олмаймиз. Қўшиқ матни кимники эканлигини суриштирмаймиз... Қолаверса, публицист фикрларидан келиб чиқиб бугунги “рапатам”лар ўз мухлисларига нималарни ўргатяпти экан, мазмунидаги саволларни ҳам ўз-ўзимизга берамиз...

Китобдаги “Шайтанат”ни ёзган одам” (ёзувчи Тоҳир Малик хонадонида), “Абдуллажондан ўқинг...” (шоир ва аллома Эркин Воҳидов хонадонида) мақолалари, устозлари ва сафдошлари ҳақида битиклари ўқувчини бефарқ қолдирмаслиги аниқ.

“Ўзбек ва озар бир тану бир жондир” сарлавҳали йўл очерки публицистнинг Озарбайжон юртига саёҳатига бағишланган. Биз бу мақолани журналистика университети талабалари билан муҳокама қилдик. Очерк ҳақида кўп гапириш мумкин. Лекин якундан олинган бир иқтибос билан кифояланамиз: “Табиийки, ҳар бир меҳмон Озарбайжонни ўзича кашф этади. Ҳар галги ташриф чоғида бу мафтункор диёр ўзининг янги-янги қирраларини намоён этаверади. Зотан, мазкур заминҳали инсоният тўла англаб етмаган сир-синоатлармасканидир. Бироқ дўстона муносабатларни, меҳрни, оқибатни аниқлаш учун тадқиқотлар, сўровномалар ўтказишга зарурат йўқ. Тасаввурқилинг: уч-тўрт кун бошқа мамлакатда бўлдингиз-у қайтар чоғингизда сизга ҳамроҳлик қилган одам бағрини очиб, кўзига ёш олса, қандай аҳволга тушасиз? Ҳайдар Алиев номидаги халқаро аэропортга етиб келганимизда, қисқа сафардавомида бизни ўзига тамоман боғлаб қўйган ҳамроҳимиз — оддий ҳайдовчи Илкин Салаҳов қучоқ очиб, қулоғимизга шивирлайди: “Сизниҳозирдан соғина бошладим!”.

Кўзда ёш билан ўқиладиган яна бир мақолада (“Камтарликдан камол топган эди”) марҳум санъаткор Фатхулла Маъсудов билан муаллифнинг икки кунлик саргузашти ҳикоя қилинган. Унда нафақат таниқли актёрнинг кимлигини англаб оласиз, балки унинг сўзлари, амалларини кўра билган журналист қалби билан ҳам танишасиз.

Кичик бир тақризда китобдаги ҳамма яхши жиҳатларни айтиш мушкул вазифа. Ундаги ҳар бир мақолани китобхон уқиб ўқиса, маънавий озуқа олиши, шубҳасиз.

Шундай бўлса-да, Мақсуджоннинг ушбу ва бошқа китоблари мутолаасидан чиқарган хулосамиз: у меҳр-оқибат куйчиси, ҳа, айнан куйчиси! У меҳр-оқибатни мунтазам куйга солаётган, айтиб йиғлатаётган, йиғлатиб тарғиб қилаётган самимий ижодкордир. Ёзмишимизни ҳам муаллифнинг сўзлари билан якунлашни истадик: “Ҳаёт бир синов экан, яхшиликни шиор қилиб, амалга оширишга шошилганлар бу синовда ғолиб экан, музаффар экан. Дилларга меҳр уруғини сепиб, оқибат дарахтини ўстириб, эзгулик мевасидан бошқаларни баҳраманд этиш барчамизга насиб этсин.

Ҳалим САИДОВ,

филология фанлари доктори, профессор.