Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Сел оқибатлари бартараф этилмоқда

Бошқарма маълумотларига қараганда, мазкур маҳаллалардаги 71 хонадондаги уй-жойлар, қўшимча бинолар ва томорқаларга зарар етган, ҳудуддаги тўртта кўприк таъмирга муҳтож ҳолатга келган. Юзага келган талафотларга Жом сойи ўзани атрофида аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларнинг қуриб олиниши, сел йўлида деҳқончилик маҳсулотлари экилгани сабаб бўлган. Яъни, қишлоқнинг юқори қисмидан бошланган сел оқими сой бўйидаги дарахт шохлари, ёғоч бўлакларини оқизиб, кўприклар остига тиқилган ва сувнинг кўприк устидан оқиб ўтишига ҳамда сойга яқин бўлган аҳоли хонадонлари ва томорқаларини сув босишига олиб келган.

Воқеа содир бўлган куниёқ сел талафотларини бартараф этиш, келтирилган зарарни аниқлаш бўйича тезкор штаб ташкил этилди. Вилоят фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, ветеринария бошқармалари, архитектура ва қурилиш назорат инспекцияси, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, Нуробод тумани ҳокимлиги мутахассисларидан иборат 5 та ишчи гуруҳи тузилди. Сел билан боғлиқ фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишларига фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 50 нафар шахсий таркиби, Марказий ҳарбий округнинг 350 нафар ҳарбий хизматчилари ва техникалари жалб этилди.

Эпидемиология ва эпизоотик барқарорликни таъминлаш бўйича вилоят ва туман ДСЭНМнинг 52 нафар, ветеринария хизматининг 11 нафар мутахассислари томонидан хонадонларда санитария ва ветеринария кўриклари ўтказилди, 179 та молхона, ҳожатхоналар, 27 та қудуқда зарарсизлантириш ишлари амалга оширилди. Жомсой ариғининг 12 нуқтасидан лаборатория таҳлили учун сув намуналари олинди. Селда нобуд бўлган 44 бош майда ва йирик шохли чорва моллари ва бошқа уй ҳайвонлари йўқ қилинди.

Вилоят ҳокимлиги, корхоналар, муассасалар ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан табиий офатдан жабр кўрган хонадонларга 30 тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари, 2000 дона кийим-кечак, 500 дан зиёд кўрпа-тўшак, ёстиқ, чойшаблар, дори-дармон, рўзғор буюмлари, кир ювиш воситалари тарқатилди.

Ўрганишлар жараёнида, аҳоли билан ўтказилган суҳбатлар мобайнида сел тошқинидан шикастланган ёки бедарак йўқолганлар аниқланмаган.

***

Вилоят ҳокимлиги, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари Жом, Гирдиқўрғон маҳаллаларидаги селдан талафот кўрган хонадон соҳибларига озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-рўзғор буюмларини инсонпарварлик ёрдами сифатида тарқатишди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.

Абдуғофур БАХТИЁРОВ.