Вилоят ИИБ бошлиғи жиноят, ҳуқуқбузарлик ва ўз жонига қасд қилиш бўйича сессияда ҳисобот берди

Мутахассиснинг таъкидлашича, жиноят қидирув йўналишида 1 минг 135 та жиноят содир этилган бўлиб, уларнинг 90,6 фоизи “изи совумасидан” фош этилган.
Бундан ташқари вилоят ҳудудида жиноят содир этиб, суд ва тергов идорлаларидан яширинган қидирувдаги шахсларнинг 320 нафари ушланган.
Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш борасида 213 та ноқонуний ҳолатлар аниқланиб, деярли 70 килограмм миқдорда гиёҳванд моддалари далилий ашё тариқасида олинган.
Шунингдек, вилоятда фош этилмасдан қолган жиноятлар сони ўтган йилга нисбатан 60 фоизга камайишига эришилган.
Жорий йилнинг илк 6 ойи давомида вилоятимиз ҳудудида бўлиш қоидаларини бузиб яшаб келган жами 347 нафар хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда уларни қабул қилиш қоидаларини бузган республикамиз фуқаролари аниқланган бўлиб, уларнинг 295 нафаридан жарималар ундирилди ва 52 нафар чет эл фуқаролари республикамиз ҳудудидан чиқариб юборилган.
Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик 3,6 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида жиноятлар 12,8 фоизга камайган.
Бироқ, ўтган олти ой давомида профилактика инспекторлари томониндан 141 минг 707 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 98 мин 888 тага кўпайган.
Шу билан бирга, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳрида, Иштихон, Пайариқ, Паст Дарғом, Қўшрабод, Каттақўрғон, Тайлоқ туманларида оғир ва ўта ўғир жиноятларнинг ўсишига йўл қўйилган.
Вилоятимизда қотиллик жиноятининг 46,2 фоизи оилада рўй бераётгани ачинарли ҳолдир.
Бугунги кунда вилоят ҳудудида фуқароларимиз томонидан ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳам кўпайиб боряпти. Ҳисобот даври давомида 194 киши ўз жонига қасд қилган. Уларнинг 8 нафари ажрашганлар бўлган.
Ўз жонига қасд қилганларнинг 30 таси вояга етмаганлар томонидан, 89 таси ёшлар томонидан содир этилган.