“Тоҳирий” фирмасини нега синдирмоқчи бўлишди?
Савдо ва ишлаб чиқариш фаолияти бўйича бошланган ҳаракатлар, афсуски, 1990 йил унинг кутилмаганда вафот этиши туфайли бир муддат тўхтаб қолди.
Бу пайтда мен 32 ёшимда Самарқанд вилоят моддий техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вазифасида ишлардим. Обрў-эътиборим ҳам, мансабим ҳам кўпчилик учун ҳавас қиларли эди. Лекин акамнинг хотираси ҳақи, қолаверса, замон шиддатини англаганим учун Тоҳир акам бошлаган ишларни давом эттиришга аҳд қилиб, Самарқанд туманида биринчи бўлиб хусусий мулк шаклида “Тоҳирий” ишлаб чиқариш савдо фирмасини ташкил этдим.
Собиқ иттифоқ пароканда бўлиб, қўшни давлатлар билан алоқалар издан чиққан, давлатнинг ҳам, аҳолининг ҳам асосий муаммоси тинчликни сақлаш, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллигининг олдини олишга қаратилган бир пайтда узоқ хорижий давлатлардаги тадбиркорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, юртимизга сармоя киритишга ҳаракат қилдим.
“Тоҳирий-Мулиён”, “Тоҳирий-Тур”, “Жалилобод” масъулияти чекланган жамиятларини ташкил этдик. Чет эллик ҳамкорлар билан бирга “Тоҳирий-Франс ЛТД”, “Пируз”, “Тоҳирий-Минарекс” қўшма корхоналарини очдик. Шу тарзда “Тоҳирий ва корхоналар” концерни юзага келди.
2000-2008 йилларда ушбу концерндаги корхоналарда 400 нафардан кўпроқ киши меҳнат қиларди. Энг муҳими, ўша йиллари бизга ҳавас қилган, эргашган корхоналар пайдо бўлди, ҳамкорликда ишлашни истаганлар кўпайди.
Вазият оғир эди, лекин давлат томонидан берилган имкониятлардан максимал даражада фойдаланишга, тадбиркорлик фаолиятини барқарор йўлга қўйишга ҳаракат қилганмиз. Ёнимдаги дўстларим, яқинларим билан бирга олдимизга қўйган ягона мақсад сари интилдик. Ўзимиздан нимадир ном қолдиришга ҳаракат қилдик. Отамнинг “Инсон ҳаётга келдими, ўзидан яхши ном қолдириши керак, ҳеч бўлмаганда, бир бинога битта ғишт қўйиб кетиши керак”, деган ўгитларига амал қилдим.
Давр ва замон талабини тўғри англаб, тадбиркорликни ривожлантиришга бел боғлаган бир гуруҳ самарқандлик ишбилармонлар билан биргаликда “Самарқандбанк” ЁАТБни ташкил этдик. Таъсисчилар қарори билан мазкур банк кенгаши раиси бўлдим. Банк акциядорлари сафига республикада биринчилардан бўлиб хорижий инвестор киритишга ҳаракат қилдик. Бунга Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳам рухсат берганди.
Бу соҳада ҳам ишимиз юришиб, банкимиз республикадаги молия муассасалари орасида танилиб қолди. Балки шу сабабли 2005 йилнинг охири ва 2006 йилнинг бошида юртимиздаги хусусий банклардан бирининг вакили Самарқандга келиб, банкимизни унинг банкига қўшиш таклифни билдирди. Биз бу таклифни банкимиз таъсисчилари билан маслаҳатлашиб кўришимизни айтдик. Бу орада айрим маслаҳатчилар пайдо бўлиб, таклифни қабул қилишимиз кераклиги, акс ҳолда муаммо келиб чиқиши мумкинлигидан бизни огоҳлантиришди. Ўша банк раҳбарининг қўли узунлиги, республика божхона ва прокуратура органларида жуда юқори лавозимларни эгаллаб турган яқинлари борлигини айтишди. Ўшанда биз бу “маслаҳат”ларга эътибор бермай, таклифни рад этдик. Лекин шундан кейин банкимиз йўлида турли ғовлар пайдо бўла бошлади. “Тоҳирий ва корхоналар” концерни тизимига кирувчи корхоналарда муаммолар ва текширишлар бошланиб кетди. Бу ишни ўша пайтда Самарқанд вилояти божхона бошқармаси бошлиғи вазифасида ишган У.Комилов бошлаб берди.
“Тоҳирий-Франс” қўшма корхона таъсисчиси «Мелибор» бирлашмаси (Б.Фабрикант) қўшма корхонадаги устав улушини тўлдириш мақсадида 2007 йил май ойида Хитой давлатидан 11104 долларга тенг жиҳоз ва ускуналар юборди. Божхона органи жиҳоз ва ускуналар нархи 11104 доллар эмас, балки 27761 долларга тенг деб кўрсатиб, ушбу нархдан бож тўловлари тўлашни талаб қилди. Биз божхона органининг қонунга хилоф бу талаби устидан Ўзбекистон Республикаси савдо-саноат палатасининг Самарқанд вилоят бошқармасига мурожаат қилдик. Палата ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, божхона органи талаби ўринсиз эканлигини маълум қилди ва божхона органи устидан Самарқанд вилоят хўжалик судига даъво ариза киритилди. Вилоят хўжалик судининг қарори билан божхона органи талаби асоссиз эканлиги қайд этилди.
Кейин бу иш божхона органи шикоятлари билан Самарқанд вилоят хўжалик судининг апелляция, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияларида ҳам кўрилиб, божхона органи талаблари қонунсиз эканлиги ҳақида қарорлар қабул қилинди.
Бу ишдан наф чиқмагач, божхона бошқармаси бошлиғи иккинчи “иш”га бош қўшди. Яъни, “Тоҳирий-Франс” қўшма корхонасининг 2007 йил 25 августда имзоланган Хитойдан мебель ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар олиб келишга оид шартномаси ўрганилди. Божхона органи қўшма корхона Хитойдан тайёр мебель маҳсулоти олиб кирганлигини важ қилиб, мени бож тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликда айблаб, жиноий иш қўзғатиш учун ҳужжатларни Тошкент шаҳар ва Самарқанд вилоят прокуратура органларига топширди. Натижада прокуратура органлари қарорлари асосида бир-биридан мустақил равишда Самарқанд вилоят стандартлаштириш ва метрология бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигининг “Ўзбекэкспертиза” ЁАЖ, Адлия вазирлигининг Х.Сулаймонова номидаги суд экспертиза маркази томонидан (икки маротаба) экпертизалар ўтказилди. Мазкур тўрт экспертизада ҳам бир хил хулоса берилди: “Хориждан келиб тушган товар тайёр мебель эмас, балки мебель тайёрлаш учун бир-бирига боғлиқ бўлмаган алоҳида мебель ясаш учун бутловчи қисмлардир”, “Товарларнинг ТИФ ТН кодлари “Тоҳирий – Франс” ҚК божхона органига тақдим қилган декларациясида кўрсатилган ТИФ ТН кодларига мос келади”.
Ушбу хулосалар асосида жиноий ишлар жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли тўрт маротаба ҳаракатдан тугатилди.
Минг афсуски, концернга бўлган тазйиқлар шу билан тугамади. Бу гал республика Бош прокуратураси иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг собиқ бошлиғи Ж.Файзиев, унинг ўринбосари У.Хуррамов, бошқарма терговчиси Ж.Муталлибов «шарофати» билан “Тоҳирий ва корхоналар” концерни бошига қора булутлар соя солди. Уларнинг “саъй-ҳаракати” билан шу пайтгача тўрт маротаба қўзғатилган ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси асосида ҳаракатдан тугатилган иш юзасидан мени 2008 йил 9 апрель куни кабинетимда қўлимга кишан солиб олиб кетишди. Мени жиноятчига, жамоамни жиноий гуруҳга чиқаришди. 18 йиллик тадбиркорлик фаолиятимиз жиноий фаолият деб баҳоланди. Оқибатда айблов хулосаси матнининг 20 фоиздан ортиқроқ қисмида «Жиноий гуруҳ тузиб, ғараз ва паст ниятлар билан, жиноий ишларини давом эттириб, терговни чалғитиш ниятида қилган жиноий ишларига иқрор бўлмасдан, давлат ва халқ манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган», деган сўзлар қайта-қайта ёзилди.
Буюртма асосидаги тергов гуруҳининг хатти-ҳаракатлари бошиданоқ қонунларга зид тарзда олиб борилди. Мени 6 кун адвокатсиз ва санкциясиз сўроқ қилишди, сохта айбловлар қўйишди.
Ваколатли органларнинг тўртта экспертиза хулосаси мавжудлиги ва шу асосида жиноят ишлари ҳаракатдан тугатилганига қарамай, сохталаштирилган айбловни тасдиқлаш мақсадида 2008 йил 29 майда Ўзбекистон Республикаси ЖПКга зид равишда қайтадан комплекс-комиссион экспертиза ўтказиш ҳақида қарор чиқарилди. Комиссион экспертлар олдига Тошкент шаҳар божхона бошқармасига қарашли Чуқурсой божхона постига “Тоҳирий-Франс” қўшма корхонаси номига 2007 йил 5 ноябрда келган ва 2007 йил 6 ноябрда “Эркин муомала божхона режимига чиқариб юборилган”, яъни 2008 йил 29 май ҳолатида божхона омборларида мавжуд бўлмаган юкни экспертизадан ўтказиш вазифаси қўйилган. Экспертлар бу вазифани бажаришади ва “Қўшма корхона тайёр мебель маҳсулотини олиб кирган”, деб хулоса беради. Шу асосида бизни 231 миллион 495 минг 825 сўм бож тўловларини тўламаганликда айблашди.
Шу ўринда қизиқ бир ҳолатга эътиборингизни қаратишни истардим. 2009 йилда тергов гуруҳи ва божхона экспертларининг сохта айблови асосида суд ҳукми билан бир қанча инсонлар тақдирини ҳал қилган “тайёр мебель маҳсулотлари” 2014 йил божхона органи ва суд ижрочилари томонидан бутловчи(эҳтиёт) қисм сифатида 49 миллион 307 минг 354 сўм қийматда сотиб юборилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармасининг собиқ раҳбари ва ходимлари «Тоҳирий-Франс» қўшма корхонасини Хитой давлатидан тайёр мебель маҳсулотини олиб кирганлик, бож тўловларини тўлашдан бўйин товлаганликда айблаб, сохталаштирилган жиноят ишига алоқаси бўлмаган, алоҳида молия хўжалик фаолияти юритувчи субъектлар – “Тоҳирий” ИЧСФ, “Тоҳирий ва корхоналар”, “Тоҳирий-Мулиён”, “Тоҳирий-Тур”, “Жалилобод” масъулияти чекланган жамиятлари, “Пируз”, “Тоҳирий-Минарекс” қўшма корхоналари устидан ҳам жиноят иши қўзғатади. Бирорта корхонани тафтиш қилмай туриб, “солиқлар ва божларни тўламаганлик, жиноий гуруҳ тузганлик, ушбу жиноий гуруҳ раҳбари сифатида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, жиноий гуруҳ аъзолари манфаатларини кўзлаб жиноий фирмалар ташкил этиш” каби айбловлар қўйилди. Ваҳоланки, бу корхоналаримизда 2001-2008 йиллар давомида давлат солиқ органлари томонидан бир неча маротаба бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари асосида текширувлар ўтказилиб, бирон-бир жиддий қонунбузилиши қайд этилмаган.
Тергов гуруҳи жалб этган тафтишчилар эса бирламчи ҳужжатларни ўрганмай, фақат банк реестрини кўриб, “жиддий камчиликлар”ни аниқлаган. Кейинчалик корхоналардаги текширув ва тафтишлар ҳам қонун талабларига зид равишда ўтказилди. Яъни, бу тафтишларда корхоналарнинг ваколатли вакиллари қатнашмаган, уларга далолатномалар берилмаган, якуний хулоса билан таништирилмаган. Эътирозномалар инобатга олинмаган.
Ишнинг бошида турганлар тўқилган айбловларни тасдиқлаш учун солиқ органи тафтишчиларига ҳам тазйиқ ўтказган. Уларни корхоналар ҳужжатларидан камчилик топишга мажбурлаб, бу талабга бўйсунмаган Самарқанд шаҳар ва туман давлат солиқ инспекцияларининг тўрт нафар ходимига нисбатан жиноят иши очиб, жазолашган.
Корхоналарнинг банк ҳисоб рақамлари орқали амалга оширган пул айланмалари тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқ ва мажбурий тўловлар ҳақида тузилган далолатномаларга қонуний тус бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ қўмитасига мурожаат қилишади. Аммо давлат солиқ қўмитаси хулосасида “хўжалик субъектларида ўтказиладиган (ўтказилган) текширувларда солиқ солиш ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлашда хўжалик субъектларнинг банк ҳисоб рақамлари орқали амалга оширган пул айланмалари тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқ ва мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқиш усули «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунга, Ўзбекистон Республикаси бухгалтерия ҳисоби миллий стандартига ва Солиқ кодекси талабларига тўғри келмайди», дейилган бўлса-да, бу хулоса жиноий иш матералларида кўрсатилмади.
Мен тақдим этган, асослантирилган маълумотлар жиноят иши ҳужжатлари орасидан йўқолиб қолар, сўроқ давомида берган кўрсатмаларим қоғозда бутунлай бошқача акс этиб, мени ўша ҳужжатларга имзо қўйишга мажбурлашарди. Тергов гуруҳи аъзоларининг сўроқ жараёнидаги писандалари, устимдан кулишлари, ҳужжатга имзо чекишга мажбурлашлари бутун концернни барпо этишдаги ташвишимдан ҳам оғир кечган. Тергов давомида айбловлар сохта ва туҳмат эканлиги ҳақида турли идораларга бир неча бор мурожаат қилганман. Аммо бу мурожаатларим жавобсиз қолган ёки яна тергов гуруҳи қўлига келиб тушар, улар эса туҳмат тегирмонини янада шиддат билан айлантирарди.
Ўша вақтлар ҳар бир ҳолатни таҳлил этганман ва жиноят иши бўйича 55 эпизодда терговчи ва текширувчилар томонидан асосланмаган, исботланмаган, қалбакилаштирилган ҳужжатлар мақбул далил сифатида қабул қилинган. Улар ўз мақсадига эришиш учун мантиқ, замон ва макон деган тушунчаларни эсдан чиқариб, қайси йўл билан бўлса ҳам айблаш, жазолаш ниятида бўлишган.
Жиноят ишидаги кўпиртирилган яна бир ҳолат “Тоҳирий-Мулиён” ресторан мажмуаси билан боғлиқ. Тергов гуруҳи мазкур объект бўйича бир-бирини инкор қилувчи тўрт хил ҳолат билан мени айблади.
Биринчиси, гўёки мен 2006 йил 4 августда «Тоҳирий-Мулиён» ресторан комплексини хорижлик инвесторга 673 600 АҚШ долларига сотиб, чет эл валютасини банкга топширмаганман.
Иккинчиси, “Тоҳирий-Мулиён» ресторан комплексида 2001 йилдан 2008 йил апрелигача ўтказилган тўй-маросимлардан тушган пул маблағлари банкга топширилмаган.
Учинчиси, мени “Тоҳирий – Мулиён” ресторан комплексининг ягона эгаси бўлиб, 2007 йил декабрь ойида «Тоҳирий - Франс» қўшма корхонасига тегишли инвентар ва жиҳозларни «Тоҳирий» ИЧСФ балансида бўлган “Тоҳирий-Мулиён” ресторанини безаш учун “бегоналаштириб” бериб юборганликда айблашди.
Тўртинчиси, “Тоҳирий-Мулиён” ресторани комплекси биноси учун 2005-2007 йилларда мол-мулк солиғи тўланмаган.
Охир оқибат шу бўлдики, мени ушбу тўрт айб бўйича ҳам жазолашди. 4 миллиард 789 миллион сўмга нархланган “Тоҳирий-Мулиён” ресторан комплекси буюртмачи ва ижрочилар кўмаги билан белгиланганидан саккиз баробар паст нархда – 586 милллион 230 минг сўм қиймат билан биз атиги 20 кун фойдаланган 291 миллион 698 минг 540 сўмлик кредит учун банкка ўтказилди.
Буюртма асосида ишлаган тергов гуруҳи жиноят ишини хоҳлаганларича “семиртириб”, “кўпиртириб” судга оширди.
Тергов жараёнидаги ноҳақлик ва таҳқирлашлардан азоб чеккан бўлсам-да, судда ҳақиқат қарор топишидан умидвор эдим. Аммо бу умидлар ҳам пучга чиқди. Чунки жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг биринчи инстанциясидаги суд жараёнида менга қўйилган солиқ, бож ва бошқа мажбурий тўловларни тўламаслик ҳақидаги қонунбузарликлар асоссиз, тафтишчи ва тергов гуруҳи томонидан ғараз ва паст ниятларда сохталаштирилганини айтсак-да, бу далил ва важлар инобатга олинмади. Натижада суд мени 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳамда 736 миллион 777 минг сўм солиқ ва бож тўловларини тўлашим ҳақида ҳукм чиқарди.
Минг афсус, суд ҳукми билан менга ушбу суммадаги солиқ ва бож тўловларини тўлаш мажбурияти юклангани тергов гуруҳини қониқтирмади. Чунки улар мол-мулкимни 4 миллиард 978 миллион 793 минг сўмга баҳолаганди. Шу сабабли улар қонунга зид бўлса-да, ҳаракатни давом эттиришди.
Умумэътироф этилган халқаро нормалар ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида «Шахс бир ҳаракати (ҳаракатсизлик) учун бир маротаба конун олдида жавобгардир, такрор ва такрор жавобгар бўлиши мумкин эмас», деб белгиланганига қарамай, тергов гуруҳининг қаттиқ назорати остида концернга қарашли фирмалардан яширилган (камайтирилиб кўрсатилган) солиқ тушумлари ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиниб, қўшимча 2 миллиард 462 миллион 64 минг 587 сўм ундириш ҳақида хўжалик судларнинг қарорлари чиқарилди.
Шу тариқа биз жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жиноий ва молиявий жазога, хўжалик судлари томонидан такроран молиявий жазога тортттирилдик.
Мен ҳибсда жазога тортилаётган пайтимда оила аъзоларим, концерн таркибдаги корхоналар раҳбар ва оддий ишчиларни ҳам турли идораларга сўроққа чақириб, уларга зуғум ўтказишади. Сохта жиноий иш, суднинг ҳукми устидан ариза ва шикоятларнинг олдини олиш учун турмуш ўртоғим ва яқинларимга ҳам жиноий иш очиб, уларни ҳам қамаймиз деб қўрқитишади. Корхоналарим, ҳатто уйимни ҳам сотишга ва бу пулларни давлатга етказилган зарарни қоплаш учун тўлашга мажбур қилишади.
7 йил қамоқда ҳар куни адолат қарор топишини кутиб яшадим. Ва ниҳоят, 2014 йилнинг декабрь ойида жазони ижро этиш муассасасидан озод этилдим.
2017 йилнинг баҳорида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига менга ва корхоналаримга ғараз ва паст ниятлар билан уюштирилган ғайриқонуний ҳаракатлар, ноҳақликлар ҳақида ариза билан мурожаат қилдим.
Бу пайтда Президент Ш.Мирзиёев томонидан мамлакатда инсон қадр-қимматини улуғлаш, тадбиркорларни ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат бошланган, республика прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ҳам кадрлар алмашинуви рўй берган, аввалги раҳбар ва ходимларнинг коррупция аралашган ишлари очилиб қолган эди. Шу сабабли республика Бош прокуратурасига тергов гуруҳи томонидан буюртма асосида очилган жиноят иши ва унинг материалларидаги қонунга зид ҳолатларни рад этиб бўлмас далиллар билан тақдим этдим.
Бош прокуратура материалларни холисона ва синчковлик билан ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий судига жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг 2009 йил 5 мартдаги ҳукми устидан протест киритди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича суд ҳайъатининг 2017 йил 6 июлдаги ажрими билан бизнинг жиноят иши бўйича чиқарилган суд қарорларини бекор қилиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари назорат тартибида билдирган протести қаноатлантирилиб, жиноий иш материаллари судда янгитдан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судига юборилди.
2018 йил 12 февраль куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг очиқ суд мажлисида вилоят судининг судьяси З.Файзиев раислигида бизга нисбатан очилган жиноят иши кўриб чиқилди. Суд жараёнида концерн таркибидаги корхоналарда жиноят иши юзасидан ўтказилган текширувларда Солиқ кодексида белгиланган қоидалар бузилгани қайд этилди.
Суд ҳайъати жиноят иши юзасидан суд мажлисида сўроқ қилинган гувоҳлар, экспертлар ва мутахассисларнинг кўрсатмаларидан келиб чиқиб, тергов органи томонидан ЖПКнинг талабларини жиддий бузган ҳолда тўпланган далиллар тазйиқ, қийноққа солиш, куч ишлатиш ҳамда инсонга нисбатан бошқа шафқатсиз ёки унинг шаъни, қадр-қимматини камситувчи муносабатда бўлиш, шунингдек, алдаш ва қонунга хилоф бошқа йўллар орқали олинганлигини таъкидлади.
Иш бўйича тўпланган ясама ва сохталаштирилган далолатнома ва экспертизалар номақбул деб топилди. Шу асосида суд мени ва мазкур жиноятга алоқадор деб кўрилган бошқа шахсларни айбсиз деб топиб, бизнинг ҳаракатларимизда жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли оқлашга қарор қилди. Шунингдек, яқин қариндошларимдан давлат фойдасига ундирилган 736 миллион 777 минг 779 сўм қайтариладиган бўлди.
Бу биз орзиқиб кутган адолат тантанаси, ҳақиқатнинг тикланиши эди. Ва бу шуҳбасиз Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатида фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, барча соҳаларда адолатли тизим йўлга қўйилишига қаратган эътибори самарасидир. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш ташаббуси билан чиқиши, Халқ билан бевосита мулоқотни йўлга қўйишга интилиши, бутун бир йилни халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб номлаши давлатимиз раҳбарининг бу йўлдаги дадил ва шаҳдам қадамлари бўлди. Энг муҳими, Президент тадбиркорнинг асосий ҳимоячисига айланди.
Ушбу сатрларни ўқиётган кишида тадбиркорнинг ҳуқуқи тикланибди, шу пайтгача етказилган моддий ва маънавий зарар ҳам ундирилар, лекин бу ноқонуний жиноят ишини очиш ва юритиш, кишиларга ноҳақ жазо тайинланишига сабаб бўлган масъулларга қандай чора кўрилди, деган савол туғилиши табиий.
Саволга жавобан айтиш мумкинки, бизнинг сохта жиноий ишимизнинг бошида турган кишиларнинг ўзлари бугун жиноий қилмишлари учун жавоб беряпти. Улар биз каби ўнлаб тадбиркорлар, оддий фуқароларга нисбатан ғайриқонуний муносабатда бўлган. Коррупция, порахўрликка қарши курашиш ўрнига ўзлари бунга имконият яратиб берган. Бунинг учун албатта, қонун олдида жавоб беришади. Лекин улар ана шу ҳаракатлари билан кишиларнинг давлатга, қонунларга бўлган ишончига, ҳурматига путур етказган. Жамиятда носоғлом муҳит пайдо бўлишига сабаб бўлган. Айтинг-чи, улар ана шу хатти-ҳаракатлари учун жазо олмаса, адолатнинг неча пуллик қадри бўлади?
Эҳтимол, айримлар “мана оқландингиз, мол-мулкингизни қайтариб беришади, бўлди-да” дейиши мумкин. Буни ўзимга ҳам айтишган. Лекин адолатсизликнинг изтиробини уни бошидан ўтказган одам билади. Бу аянчли ҳолатни ҳеч кимга раво кўрмайман. Бироқ бугун ҳам амал курсисида ўтирган, хизмат либосини кийган кимсалар агар виждонига қарши борсалар, мен каби тадбиркорларга қилган ноҳақликлари учун жазо олаётганлар ҳолига тушишларини билиб қўйишларини истайман.
Бизга қарши очилган жиноят ишидаги ҳолатлар, далилларнинг аксарияти кўр-кўрона, “буюртма” асосида тайёрлангани сезилиб турарди. Ва бу айрим юқори идоралардаги амалдорларнинг топшириқлари билан бажарилгани ҳам аниқ. Лекин виждонини кўр ва кар қилиб, қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб, айбланувчи ва гувоҳларни уларга имзо чекишга мажбур қилган орган ходимлари бизнинг, ҳамкасбларининг кўзига қандай қарашар экан? Уларнинг кўпчилиги айбига яраша жазосини олган ва олаётгандир. Бироқ, виждон азоби-чи? Бу эскичасига ҳам, янгичасига ҳам, шариатда ҳам, қонунда ҳам кечириб бўлмас норма. Бу азобдан ҳар кимни Яратганнинг ўзи асрасин!
Толиб ИСМАТУЛЛАЕВ,
тадбиркор