МИБ, “электросет” лифтимизни улаб бермаяпти
Беш кундирки, Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд шаҳар бўлими ва шаҳар электр тармоқлари корхонасининг “Темирйўлэлектрсотиш” бўлимига қатнайман.
МИБнинг бир оғиз “уз”, деган сўзи билан лифтимизни ўчирган “Электрсотиш” энди ким айтса ҳам лифтимизга электр токини улаб бермаяпти.
Аввалига, “лифт тўловидан қарзларингиз бор экан, МИБ узишни буюрди, уздик” дейишди.
Лифт учун тўлов қилдик. “Мунис” ишламаяпти, пулларингни ўтказиб беролмаяпмиз”, деди Халқ банкидагилар.
“Тепа”га мурожаат қилувдик, “Мунис” ишлади. Аммо тақдирнинг ҳазилини қаранг, пулимизни бошқа ширкатга ўтказиб юборибди. Майли, дея нақд пул тўладик.
– Яна икки миллион олдиндан тўлов қилинглар, ёқамиз! – дейишди.
Уни ҳам тўладик.
– МИБ узган бўлса, ўзлари ёқсин! – деган жавобни олдик “Электрсотиш”дан.
– Биз буюрувчи идора, бориб лифтингизни юргизиб берадиган идора эмасмиз, “Электрсотиш” улаб берсин! – деди МИБдагилар.
Хуллас, икки идоранинг орасида сарсон бўлдим. Аммо лифтимиз ишламаяпти.
Самарқанд вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборот хизмати раҳбари бўлган каминани шунча сарсон қилган “Электрсотиш” ва МИБ мутасаддилари оддий фуқароларни нималар қилиши мумкинлигини энди ўзингиз тасаввур қилаверинг.
Ургут тумани МИБ ходими тумандаги бир қишлоқлик ҳомиладор аёлини уриб, тепиб, қорнидаги боласини туширгани ҳақида мурожаат қилишганида, очиғи, ишонмагандим. Бугун эса бу гапларга ишондим.
Бошқа пайт бўлса, эътибор ҳам бермасдим. Аммо ўтган куни қон босимим кўтарилиб, уйга зўрға бордим. Лифт ўчирилган, ўғлим елкаси суяб, 6-қаватга олиб чиқди. Кеча ҳам бу занғар ишламади, яна ўғлимни қийнамайин деб, ишхонада ётиб қолдим. Бугун жума, кийимларимни алмаштирай, деб уйга борсам, яна шу аҳвол...
Дунёда ҳамма нарса инсон манфаати учун хизмат қилади. Биз қачон эл бўламиз, одамларни сарсон қилишдан тийилиб, қачон уларнинг мушкулини осон қилишни ўраганамиз?
Каримберди ТУРАМУРОДОВ.