Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

15 суткага қамалган она-бола видеомурожаати ўрганилди

Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси Facebook ижтимоий тармоғида Акром Маҳмудов саҳифаси орқали икки аёлнинг ички ишлар ходимлари томонидан ноҳақ 15 суткага қамалгани ҳақидаги видеомурожаатига расмий муносабат билдирди.

Унга кўра, ижтимоий тармоқда видеомурожаат йўллаган аёллар Хамрақулова Гавҳарой Саиджановна ҳамда унинг қизи Хамрақулова Гулираъно Хатамбековналар Жалақудуқ тумани Қатортол қишлоғи, Ҳамзаобод кўчаси, 16-уйда истиқомат қилишади.

2013 йилда Гавҳарой Хамрақулованинг акаси Қобилжон Хамрақулов вафот этганидан буён акасининг турмуш ўртоғи, Жалақудуқ тумани Бирлашган МФЙ, Савоб кўчаси, 30-уйда яшовчи, 1976 йилда туғилган Бакиева Муқаддам Абдуваситовна билан уй-жой талашиб келади.

Гавҳарой Хамрақулова Муқаддам Бакиевани 2018 йилда одам ўлдиришда айблаб, акасидан қолган уйга эгалик қилиш мақсадида унинг устидан ички ишлар идораларига ариза ёзган. Ушбу ариза туман ИИБ томонидан кўриб чиқилгач, ундаги фактлар тасдиқланмаганлиги ҳамда асоссиз эканлиги сабабли Г.Хамрақулова Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 40-моддаси (туҳмат) тартибида маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунингдек, 2019 йилнинг январь ойида тўпланган ҳужжатларга кўра, Қўрғонтепа тумани прокуратураси томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) билан жиноят иши қўзғатилган.

2019 йилнинг 27 май куни Г.Хамрақулова ва унинг қизи Гулираъно Хамроқулова биргаликда Хўжаобод туманида вилоят ҳокимининг қурувчилар билан сайёр йиғилиш ўтказишидан хабар топиб, юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолат юзасидан шикоят қилмоқчи бўлиб борган. Сайёр қабул жараёнида тартиб-интизомга амал қилмасдан, навбатсиз кирмоқчи бўлиб, бу жойда хизмат олиб бораётган ИИБ ходимларининг вилоят раҳбарининг қабулига навбат билан кириш кераклиги тўғрисидаги огоҳлантиришларига қарата уларни уятли сўзлар билан ҳақоратлаган.

Жамоат тартибини бузганлиги учун ушбу фуқароларга нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, она-бола Хамрақуловаларга нисбатан Хўжаобод тумани маъмурий ишлар бўйича суди томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (бўйсунмаслик) тартибида суд жараёни ўтказилган уларнинг ҳар бирига 15 сутка муддатдан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, Қўмита матбуот хизматининг маълум қилишича, ахлоқ нормаларини эътироф этган ҳолда она-бола ҳақидаги айрим маълумотларни ошкор қилмасликни маъқул топмоқда.