Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

20 нафар йўловчиси бўлган автобус Оқдарё тумани ҳудудида ағдарилиб кетган

Самарқанд вилояти прокуратурси Оқдарё тумани ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот берди.

Кеча, 18 ноябрь куни соат тахминан 22:30 да ҳайдовчи А.И. бошқарувида бўлган “GOLDEN DRAGON” русумли автобус автомашинаси 20 нафар йўловчи билан Оқдарё тумани Пахтаобод маҳалласи, Мустақиллик қишлоғи ҳудудидан ўтувчи “Самарқанд-Бухоро” М-37 автомобиль йўлининг 13-километрида бошқариб келаётган вақтида, асфальт қисми сирпанчиқ бўлганлиги боис ҳайдовчи автомашина бошқарувини йўқотиб, йўлнинг ўнг томон четки қисмидаги пастликка ағдарилиб кетиши оқибатида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси туфайли автобусда йўловчи сифатида келаётган фуқаролар А.Б. ва Ф.Р.лар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб, Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳодиса содир бўлган жойга тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиққан ва ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.