Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

2018 йилда Самарқанд шаҳрида қўлбола усулда тайёрланган овқатдан 57 киши заҳарланди, бир киши вафот этди

2018 йилда Самарқанд шаҳрида қўлбола усулда тайёрланадиган овқатлардан заҳарланиш билан боғлиқ 5 та ҳодиса рўй берди. Оқибатда 57 киши заҳарланди, бир киши вафот этди.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, Самарқанд шаҳрида 250 дан ортиқ жойда "фаст-фуд" тайёрланаётган бўлса-да, уларнинг бирортаси давлат санитария назорати талабларига жавоб бермайди. Умумий овқатланиш жойларида ҳам санитария қоидаларига амал қилинмаслиги туфайли ўтган йил вилоятда гепатит, сувчечак, ботулизм ва ўткир ичак касалликлари кўпайган.

Бу маълумотлар вилоят ҳокимлигида давлат санитария-эпидемиология назорат марказлари фаолияти таҳлили ва келгусидаги устувор вазифалар ижросига бағишланган йиғилишда келтирилди. Туман ва шаҳар студиялари билан видеоалоқа тарзида ташкил этилган тадбирда вилоят ҳокими Э.Турдимов тизимда йўл қўйилган камчиликлар, амалга оширилиши лозим бўлган ишларга тўхталди.

– Тизимда 2 мингга яқин мутахассис меҳнат қилади, лекин ходимлар орасида порахўрлик, шахсий манфаатни биринчи ўринга қўйиш кучайиб кетган, – деди вилоят ҳокими. – Давлат санитария-эпидемиология назорат марказининг асосий вазифаси инфекция ўчоқларини аниқлаш ва бартараф этиш, бактерияларни йўқотиш, аҳолининг соғлом турмуш кечиришини таъминлаш ҳисобланади. Бироқ соҳа ходимларининг лоқайдлиги туфайли бозорлардаги гўшт расталари, қассобхоналар, кушхоналар санитария талабларига мутлақо жавоб бермайди. Вилоятдаги деҳқон бозорлари, айниқса, Самарқанд шаҳридаги бозорларда истеъмол маҳсулотларини йўлакларга қўйиб сотиш авж олган, мактаб ошхоналари, мактабгача таълим муассасасида тайёрланаётган маҳсулотлар текширилмайди. Соғлиқни сақлаш муассасаларида санитария қоидаларига амал қилинмаяпти. Афсуски, ўз ишига масъулиятсизлик билан қа­раган вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази раҳбари ҳамда Жомбой, Ургут ва Нарпай туманлари бўлимлари бошлиқлари ишдан олинганидан кейин ҳам аҳвол ўнгланмаяпти. Соҳада ҳанузгача аксарияти замон талабига жавоб бермай қолган ускуналардан фойдаланилмоқда.

Йиғилишда камчиликларга йўл қўйган Самарқанд шаҳар ДСЭНМ маркази бўлим бошлиқлари ва Каттақўрғон туман ДСЭНМ бош врачи вазифасидан озод этилди. 2019 йил 1 февралгача Самарқанд шаҳар ДСЭНМ марказига барча турдаги янги жиҳозлар бериладиган бўл­ди. Вилоят давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи вазифасини бажарувчи З.Мўминовга ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашган ходимларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш, иш самарадорлигини ошириш  вазифаси топширилди.

 Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.